ДХХ: Сирдарёда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

ДХХ: Сирдарёда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

https://t.me/xavfsizlik_uz

Криптовалюта – бу рақамли валюта ҳисобланиб, у қисқа вақт ичида бутун дунёда оммалашди.

Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишни тартибга солишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва уларга асосан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият лицензияланиши белгилаб қўйилган.

Лекин, бугунги кунда айрим шахслар томонидан ўрнатилган тартибларни ғайриқонуний тарзда четлаб ўтиб, крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган текширув давомида Боёвут туманидаги масъулияти чекланган жамият биносида ноқонуний майнинг ферма фаолият юритаётганлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган хорижий корхона ушбу МЧЖ биносини 2 йил муддатга ижарага олган ва у ерда 1491 комплект майнинг қурилмалари ҳамда 9280 дона видеокарталардан фойдаланган ҳолда майнинг ферма ташкил этган.

Натижада 2020 йилнинг август ойидан буён 7,7 млн. АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлаб чиқарилган.

Бунинг учун масъулияти чекланган жамият ва хорижий корхона раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, электр тармоғига уланиш учун туман электр тармоқлари корхонаси билан тузилган шартномада фаолият турига қуёнчилик фермаси ташкил этиш мазмунида сохта маълумотлар киритишган.

Фойдаланилган катта ҳажмдаги электр энергияси учун паст нархда тўловни амалга оширишлари натижасида, улар томонидан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Report Page