Тезкор: Ноқонуний йўллар билан Америкага юбормоқчи бўлган яна бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Тезкор: Ноқонуний йўллар билан Америкага юбормоқчи бўлган яна бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди


Инсон тақдири, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устундир. Бироқ буни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Энг ачинарлиси, ўз манфаати йўлида ўзгалар ҳаётини пароканда қилишдан ҳам тоймайдиган кимсалар ҳам бор орамизда

Хусусан, фуқаролар М.Х. ва Ш.Ш.лар ҳам моддий манфаат илинжида узоқ вақтдан буён АҚШга юборишни ваъда қилган ҳолда бир неча шахслардан катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб келган. Жумладан, бу икки фуқаро алдов йўли билан фуқаро Ж.Х.нинг ҳам ишончига кириб, Европа давлатларининг бирига «Шенген» кириш визасини расмийлаштириш ва «Тошкент-Испания-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Америкага юборишни ваъда қилиб, 27.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини талаб қилган.

М.Х. ва Ш.Ш.лар "мижозига" дастлаб 10.000 АҚШ доллари, Мексиканинг АҚШ билан чегарасига етиб боргандан сўнг эса қолган 17.000 АҚШ долларини бериши зарурлигини билдирган.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилган фаол тадбир натижасида М.Х. ҳамда Ш.Ш.лар фуқаро Ж.Х.дан 10.000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тинтув вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган 13 нафар фуқаронинг ҳужжатлари (8 та хорижга чиқиш паспорти, 2 та биометрик паспорт, бир дона ID-карта, 2 та туғилганлик хақида гувоҳнома ва бир дона никоҳ гувоҳномаси), шунингдек, яна бир фуқаро Н.Р. ни АҚШга юбориш эвазига 22.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олганлиги тўғрисида тилхат топилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилди.

Нафс қулларининг қабиҳ ишлари фош этилиб, мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






Report Page