ДХХ: Самарқандда ҳоким ёрдамчиси, тьютор ва яна бир шахс пора билан ушланди

ДХХ: Самарқандда ҳоким ёрдамчиси, тьютор ва яна бир шахс пора билан ушланди


Порахўрлик ҳар қандай соҳани ботқоққа етакловчи иллатдир. Коррупция бор жойда на ўсиш ва на кутилган натижа бўлади. Бироқ шундай нафс қуллари борки, улар учун на давлат хизматчиси сифатидаги бурч ва мажбуриятлари аҳамиятли, на порахўрлик билан боғлиқ ҳолатларнинг аянчли якуни.

ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда юртдошларимизнинг ишончига кириб, коррупцион ҳолатларнинг янада илдиз отишига замин яратган бир неча шахс ашёвий далиллар билан ушланди.

Хусусан, олиб борилган фаол тадбир давомида Самарқанд давлат университети “Математика” факультети тьютори вазифасида ишловчи, 1975 й.т. Т.А. вилоят Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, маҳаллий фуқароларнинг меҳнат фаолиятларига 20 йиллик иш стажи қўшиб, нафақага чиқариб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 3 000 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Худди шундай ўтказилган тезкор тадбирларнинг бирида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи, 1994 й.т. Ў.М. Навоий кон-металлургия комбинатида ишловчи яқин танишларининг имконияти орқали маҳаллий фуқарони комбинатга қарашли “Маржонбулоқ” ва “Зарафшон” олтин конларидан бирига ишга киритишга ёрдам беришини айтиб, ундан 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, олаётган вақтида ушланди.

Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти вилоят Бошқармаси билан хамкорликда ўтказилган фаол тадбирда 1990 й.т., Самарқанд шаҳрида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Х.Э. ва 1975 й.т., Паст Дарғом туманида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Б.В.лар жиноий тил бириктирган ҳолда тумандаги маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи “Сиёб” канали бўйида жойлашган, ҳокимлик захирасидаги 3,5 сотих бўш ер майдонини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.12.2021 йилдаги ПФ-29–сонли Фармонига асосан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш баҳонасида аукционга чиқариб, ютиб бериш ва туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали кадастр ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 1 300 АҚШ долларини талаб қилиб, олдиндан 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бўнак сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда юқорида келтирилган барча шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Боши берк кўчада эканлигини била туриб, ортга қайтмаган инсоннинг сўнгги манзили пушаймонлик бўлади. Нафси кўзларини кўр қилган кимсаларнинг тақдири барчамизга ўрнак бўлсин! Қонун ҳамма учун баробардир.

Report Page