ДХХ: Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

ДХХ: Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

https://t.me/xavfsizlik_uz


Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1992 й.т. маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, хонадонда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 437 гр. “героин” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

 Бошқа ҳолатда эса Ургут туманида яшовчи, 1981 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро қўлга олиниб, улардан ҳам келгусида сотилиши режалаштирилган 995 гр. “опий” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

 Учинчи ҳолатда эса Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1987 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро 581 гр. “опий” моддасини 6 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

 Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Сурхондарё–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси “Сирдарё” ЙПХ масканида тўхтатилди.

1992 ва 1996 йилларда Сурхондарё вилоятида туғилган 3 нафар фуқаро кетаётган мазкур автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида бўлган қопдаги гуруч ичида 1 кг. “гашиш” моддаси борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

 Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатларда наркотик моддалар мамлакатимизга Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

 Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report Page