ДХХ: Ер майдонларининг ноқонуний сотилишига чек қўйилди

ДХХ: Ер майдонларининг ноқонуний сотилишига чек қўйилди

https://t.me/xavfsizlik_uz


Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Каттақўрғон туманида яшовчи, 1967 й.т. фуқаро иссиқхона қурмоқчи бўлган шахснинг ишончига кириб, унга давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини 150 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари имкониятлари орқали олиб беришини ҳамда 9 минг АҚШ доллари эвазига ушбу ерни кадастр тизимидаги танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, жами 159 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 Пахтачи туманида кузатилган ҳолатда эса 1982 й.т. шахс ўзининг онасига тегишли бўлган фермер хўжаликнинг 10,45 гектар ер майдонини мевани қайта ишлаш заводи қурмоқчи бўлган тадбиркорга 900 млн. сўмга сотишга келишиб, олдиндан 13 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

 ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбирда, Шўрчи туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ишчи бўлиб фаолият юритувчи, муқаддам судланган шахс мазкур хўжаликнинг 50 сотих ер майдонини харидорга 45 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

 ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Асака туманида яшовчи шахс боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликка тегишли 24 сотих ерни харидорга келгусида турар-жой қуриш учун ҳужжатларини расмийлаштириб бериш билан 22,5 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

 Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 


Report Page