ДХХ: 356 минг АҚШ долларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди

ДХХ: 356 минг АҚШ долларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди


https://t.me/xavfsizlik_uz

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси ва Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳридаги “Казарма” соддалаштирилган ўтиш пункти орқали кўп миқдордаги валюта қимматликларини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган 2 нафар фуқаро ушланди.

Шахсий кўрикдан ўтказилган вақтларида Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 й.т. аёлнинг ёнида 166 минг АҚШ доллари ва унинг шериги, 1994 й.т. аёлнинг ёнида эса 190 минг АҚШ доллари, жами 356 минг АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, улар тожикистонлик Маҳмуд исмли шахснинг илтимосига кўра хорижий валютани Бекобод шаҳрида номаълум шахслардан олиб, ўз кийимларига яширган ҳолда, маълум бир хизмат ҳақи эвазига Тожикистон Республикасига олиб чиқиб кетаётган бўлишган.

Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу валюта қимматликларининг ҳақиқий эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.