ДХА Бухоро вилоят бошқармаси: Тизимда 8 минг 680 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

ДХА Бухоро вилоят бошқармаси: Тизимда 8 минг 680 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Buxoro.uz

Бугун аҳолига сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш биргина марказларга эмас, балки давлат хизматларини кўрсатувчи барча даражадаги ваколатли органларга ҳам боғлиқ. Бошқарма томонидан мунтазам тарзда давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар фаолиятини ўрганиш ва мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилган.  Ўрганишлар жараёнида йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларининг сабаблари таҳлил қилиниб, зарур ҳолларда қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда. Агар қонунбузилиш ҳолати ходимлар айби билан содир этилган бўлса, тегишли чоралар кўриш бўйича юқори ташкилотларга тақдимномалар киритилиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида ўтказилган ўрганишларда жами 8 минг 680 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан, ваколатли органлар томонидан 2 минг 889 та ҳолатда муддат бузилганлиги ошкор бўлди. 766 та ҳолатда тўғридан тўғри хизмат кўрсатилган, 277 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган,  8 та ҳолатда эса ваколатли органнинг қонуний талаби бажарилмаган, 146 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад қилинган. Шунингдек, яна  4 минг 594 та бошқа ҳолатлардаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Қонунбузилиш ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан жами 8 та тақдимнома ва 137 та огоҳномалар киритилган ҳамда 99 нафар шахснинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.

Қўлланилган таъсир чоралари орқали хизматлар сифатини юқори даражага кўтаришга ҳамда аҳоли ва манфаатдор ташкилотларнинг эътирозларини ижобий ҳал этилишига эришиш мақсадлари қўйилган бўлиб, бошқарма томонидан бу соҳада доимий назорат давом эттириб келинмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан назорат тадбирлари, режа асосида жойига чиққан ҳолда, электрон ахборот тизими орқали мониторинг ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш орқали амалга оширилиб келинади.

Бугунги кунда марказлар томонидан аҳолига сифатли, тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатилаётган бир вақтда баъзи бир мутасадди давлат ташкилотларининг хизмат кўрсатиш тизимида бундай қонун бузилиш ҳолатлари содир этилиши ўша ташкилотга, айниқса, марказларга нисбатан аҳолининг норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлмоқда. Ҳар бир давлат ташкилоти ўз ишига профессионал даражада ёндашса, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимида тезкорлик ва шаффофликни жорий этса, албатта, бу ташкилот халқ эътирофига сазовор бўлади. Бу эса фуқароларнинг бугунидан рози, эртанги кунига нисбатан ишонч билан яшашларида муҳим ўринни эгаллайди.

Ҳафиз Бобокулов,
Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи

Report Page