ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ ЙИҒИЛИШИ: МАҲАЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎНАЛИШИДАГИ ИШЛАР БУГУНГИ КУН ТАЛАБЛАРИ ДАРАЖАСИДАМИ? 

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ ЙИҒИЛИШИ: МАҲАЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎНАЛИШИДАГИ ИШЛАР БУГУНГИ КУН ТАЛАБЛАРИ ДАРАЖАСИДАМИ? 


Халқ депутатлари Ғиждувон туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликларни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Толибовнинг ахбороти тингланди.

  Таъкидланганидек, ушбу қарор асосида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни бўйича иссиқхоналар ташкил қилиш, чорва ва қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлар бўйича 1304 нафар фуқароларга 29,9 мрлд. сўм маблағлар ажратилган.

Банклар ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида 1420 нафардан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланган. 2455 нафар тадбиркор ва фуқароларга 61,6 млрд.сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилган. Шунингдек, “Бизнесга биринчи қадам”, Бизнесни ривожлантириш банки инструментлари асосида ва Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тегишли миқдордаги кредит маблағларининг ажратилиши таъминланган.

Гарчи шундай бўлса-да, депутатлик гуруҳи йиғилишида туманда маҳаллий ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналишидаги ишлар бугунги кун талаблари даражасида эмаслиги таъкидланди. Дарҳақиқат , ҳудудда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг фақат 360 нафаригина “Ҳунарманд” уюшмаси рўйхатидан ўтказилган холос. Аксарият маҳаллий тадбиркорлар рўйхатдан ўтмаган ҳолда фаолият олиб боришни афзал кўрмоқдалар.

 

Бундан олдин ҳунармандлар томонидан ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳига йўлланган мурожаатда соҳани ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим муаммоли масалаларга ечим топиш сўралган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ушбу масала атрофлича ўрганиб чиқилган. Тегишли чора-тадбирлар белгиланган ҳолда маҳаллий ҳунармандларнинг тумандаги буюм бозори ҳудудида уларга мақбул пайтларда эмин-эркин фаолият юритишлари учун зарур шароитларни яратиб беришга келишилган.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида сўзга чиққан Замира Сафарова, Мусаллам Рахматова, Ҳомид Тоировлар муҳокама этилган масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, оилавий тадбиркорлар ҳамда маҳаллий ҳунармандлар фаолияти ҳудуддаги МФЙлар кесимида ўрганиб чиқилиши зарурлиги, рўйхатдан ўтказилмаган соҳа ходимлари орасида амалдаги қонунчиликни тарғиб этиш юзасидан тегишли тушунтириш ишлари олиб боришлари, солиқ, ижрара масалалари бўйича белгиланган имтиёз ва преференцияларнинг тадбиркор ва ҳунармандлар фаолиятидаги аҳамиятини аниқ мисоллар асосида тушунтиришлари мақсадга мувофиқ эканлигини айтиб ўтдилар. Бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасида ҳам алоҳида масъулият борлиги таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 




Report Page