ДЕПУТАТ ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ХОНАДОНИГА АНТИҚА УСУЛДА КИРИБ БОРДИ

ДЕПУТАТ ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ХОНАДОНИГА АНТИҚА УСУЛДА КИРИБ БОРДИ


9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Бу сана барчамизнинг ҳаётимизда чуқур из қолдирган. Зеро, бу кун ўтганлар хотирланади, уларга ҳурмат бажо келтирилади, тириклар эса қадрланади. Аслида ҳам қадр ва хотира тушунчалари биз учун ҳамиша азиз бўлиб келган.

 Бугунги тинч ва осойишта кунларимизнинг асосчилари бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамиша халқимиз ардоғида.

Уларга иззат-икром кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш эзгу қадриятларимиздан бири ҳисобланади. Фашизмга қарши мардонавор жанг қилган, оғир машаққат ва мусибатларни бошдан кечирган қаҳрамонлар, халқимиз эркинлиги ва озодлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаётдир.

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Сардор Ғаффоров нафақат Навоий шаҳридаги балки, қўшни Кармана туманидаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига ҳарбий қисм аркестри садолари остида совға-саломлар билан кириб борди. Айниқса, аркестр томонидан ижро этилган ўша даврни руҳини ўзида ифода этган куй-қўшиқлар нуронийларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Депутатнинг дастлабки ташрифи Навоий шаҳрининг “Зарафшон” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Иванушкин Александр Гаврилович хонадони бўлди. 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳаёти ва фаолияти бирчамиз учун катта ибратдир. Зеро, айни кунларда уларнинг ҳолидан хабар олиш, насиҳатларини, дуоларини олиш йўлидаги эзгу ишлар кўлами янада кенгаяди.

Ана шундай эъзоз ва ҳурмат бугун табаррук 98 ёшли Иванушкин Александр Гавриловични ҳам фаол ҳаётга ундаётган бўлса, ажаб эмас.

Депутат Сардор Ғаффоров фахрий хонадонига аркестр садолари остида кириб бориб, отахон билан дилдан суҳбатлашди. Нуроний отахон ташриф буюрганларга уруш йиллари хотираларини чуқур қайғу билан сўзлаб берди. Эсдалик суратлар эса ўша давр руҳини гавдалантирди. Энг муҳими, депутатнинг бу эътибор ва эҳтироми жанггоҳлардан омон қайтган отахонни беҳад қувонтириб юборди.

Бугунги кунда Александр Гавриловичнинг 3 нафар фарзандидан 6 набираси, 5 нафар чевараси бор. Отахон улар қуршовида ҳозирги дориламон кунларга шукрона айтиб, кексалик гаштини сурмоқда.

Навоий шаҳридаги “Ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ибрагим бобо Исмоилов ҳам ҳаётнинг оғир синовларини бошидан кечирган, оловли уруш жангоҳларида мардонавор курашиб, бугунги бахтли кунларга етиб келган инсон.

Урушнинг охирги кунида оёғидан яраланган отахон оғир жароҳатдан сўнг ногирон бўлиб қолди. Даволангач, уйига қайтиши мумкин эди. Бироқ у Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчдан воз кечмади. Ниҳоят, ғалаба билан она юртига қайтди.  

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Сардор Ғаффоров ушбу файзли хонадонга кириб бориб, отахондан ҳол сўради. Самимий суҳбат суронли йиллар ва бугунги дориламон кунлар шукронасига бориб тақалди.

Урушдан кейинги умрини қурилиш ва бунёдкорлик ишларига бағишлаган Ибрагим бобонинг хонадони доим гавжум. Айни дориламон кунлари оила даврасига файз бағишлаб турган отахоннинг қўллари ҳамон дуода, бугунги фаровон турмушга шукрона айтишдан чарчамайди. 

— Дуо қилишдан ҳеч чарчамайман. Дориламон кунларга етказганига шукроналар айтаман. Аслида, тинч ва хотиржам ўтган ҳар бир кунимиз ─ байрам. Бунинг қадрига етиш керак. Мендан ҳол сўраб келаётганларга минг раҳмат. Бошимизга Юртбошимиз ҳамиша омон бўлсинлар — дейди Ибрагим бобо.

Урушда кўрсатган жасорати учун бир нечта медаллар шодаси кўксини безаб турган Ибрагим бобо Исроилов бугун 96 ёшдан ўтиб, 9 нафар фарзанд, 36 невара, 56 чевара ва 2 эвара қуршовида бугунги дориломон кунларга шукроналар айтиб умргузаронлик қилмоқда. 

Навоий шаҳрининг “Меъмор” маҳаласида истиқомат қилиб келаётган Попова Нина Харлампиевна ҳам урушнинг оғир синовларини бошидан кечирган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тортган бугунги кун қаҳрамонидир.

Депутат Сардор Ғаффоров ушбу хонадонга кириб бориб, онахон ҳолидан хабар олди. Оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотларини ўзида жамлаган “Меҳр” қутиларини улашди.

Уруш... Қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Биз ҳеч қачон аждодлар хотирасини унутмаслигимиз, тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ҳис қилиб, умримиз зийнати бўлмиш қарияларимизни қадрлаб яшашимиз лозим.

Урушнинг оловли ўчоғидан омон қайтган, тақдир зарбаларини матонат билан енгган 100 ёшни қаршилаган Пирназар бобо Турдиев шундай дориломон кунларимизга шукрона айтиб, Кармана туманининг “Дўрман” маҳалласида истиқомат қилиб келмоқда. Неажабки, юзларидан нур ёғилиб турган бобо ҳали-ҳануз томорқасида меҳнат қилади. Бу орқали ёшларга ибрат кўрсатмоқда.

Депутат Сардор Ғаффоровнинг навбатдаги ташриф манзили юзидан нур ёғиб турган, қалби қайноқ, суронли йилларнинг оловларидан омон қайтган Пирназар бобо хонадонида бўлди.

 Табаррук нуроний истиқомат қилаётган фариштали хонадонга кириб борилар экан, отахон меҳмонларни ўзи қарши олди. Ва улар билан дилдан суҳбатлашди. Депутат Сардор Ғаффоровнинг бу ташаббусидан миннатдор бўлиб, қўлларини дуога очди. Мени сўраганларни Худо сўрасин, деди отахон мамнун оҳангда.

Отахон ҳаёт зарбаларидан қадоқ бўлган кафтларини дуога очар экан “Ҳаммаси учун Юртбошимизга раҳмат!” деди. 

Кенг, баҳаво ҳовлининг ичкарисидаги манзара янада гўзал. Узунасига қурилган уйлар олдидаги супага дид билан тикланган узум навдалари соя ташлаган. Ундан пастдаги ерда 20 сотихлик томорқа.... Бўш ернинг ўзи қолмаган. Яқиндагина таги юмшатилган картошка ва шунга ўхшаш сабзавот экинларининг ривожи кўзни қамаштиради. Томорқа атрофида эса олма-ю, ўриклар, анжир-у анор, хурмо-ю кечпишар узумгача барчасидан бор. Ҳовли адоғидан бошигача узун толорлар саф тортган. Бу ишларнинг барчаси хонадон соҳиби Пирназар бобонинг меҳнатлари эвазига бунёд этилган.

Ташриф давомида отахон билан дилдан суҳбат қурилди. Уруш хотиралари ёдга олиниб, бугунги тинч ва осойишта кунларга шукроналар айтилди.

Табиийки, бу авлод хотиралари ва ҳаётий сабоқлари ёшларнинг тинч ва осойишта ҳаёт қадрига етишлари учун ибрат мактабидир.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш жанггоҳларида жон олиб, жон берган, фронт ортида мислсиз оғир шароитда меҳнат қилган, ғалаба учун бутун борлиғини сафарбар этган юртдошларимизнинг порлоқ сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Айни байрам кунларида эса бу каби эзгу ишлар кўлами янада кенгайган.

Навоий шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати:@Navoiy_shahar_axborot_xizmat















Report Page