ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИ ВА ЖУРНАЛИСТЛАР: ЭНГ ЯНГИ БИЛИМЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИ ВА ЖУРНАЛИСТЛАР: ЭНГ ЯНГИ БИЛИМЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?


#Академик_таҳлил

Журналистнинг ички руҳий олами, психологияси қандай?

Журналистлар ҳақида тарқалган ёлғон тасаввурларни биласизми? 

Хўш, қандай қилиб камера қаршисида ўзини дадил тутиб, саволларга муносиб жавоб бериш мумкин?

Тажрибали журналистлар қандай психологик усуллардан фойдаланиб, сиздан "ахборотни суғуриб олишга"га ҳаракат қилади? 


Бугунги мақолада шулар ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Шундай қилиб, мавзу жуда катта бўлгани боис, уни ичида "йўқолиб" қолмаслик учун тартиб билан, барча масалаларни бирма-бир кўриб чиқамиз. 

Келинг, аввало журналист шахси, унинг ички руҳий дунёсини тушуниб олайлик (чунки бусиз унинг профессионал фаолиятини тўлиқ идрок қила олмай қолиш мумкин)


ЖУРНАЛИСТ - ДАВЛАТ АРБОБИ

Журналист - ахборотни тўплаш, устида ишлаш, тарқатиш билан шуғулланувчи ОАВ ходими. 

Бу журналистга берилган энг содда ва таъбир жоиз бўлса энг тўғри таъриф.

Улардан қўрқиш ёки хавфсираш керак эмас. Уларнинг қизиқувчанлиги, елимдек ёпишқоқлиги ва "жонгатегар"лиги - журналистларнинг инжиқлиги эмас, балки ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётгани белгисидир. 

Журналистнинг бошлиғи кўп. У ўз оиласи, ўзи ишлаётган таҳририят, ўз иш берувчиси - ОАВ эгасининг, ўз ижодий даражасининг, уни ёллаган мана шу жамиятнинг хизматкоридир. 

Шубҳасиз, (айрим журналистлар буни инкор қилсада) журналист ҳам - худди сиз каби давлат арбоби.


ЖУРНАЛИСТЛАР ҲАҚИДА ТАРҚАЛГАН НОТЎҒРИ ТАСАВВУРЛАР:

Журналистларга фақат "қайноқ фактлар" ҳамда арзон "хайп", "сенсация" керак деган гап. Йўқ, асло бундай эмас. 

Журналистларга ўқувчи (тингловчи, томошабин)ни қизиқтира оладиган янги хабар керак. 

Унутмаслигимиз керакки, оммавий ахборот воситалари бир вақтнинг ўзида ҳам жамоатчилик институти, ҳам минбар, ҳам бизнес. 

Ким биринчи бўлиб ҳам қизиқ қилиб материални чиқарса, шунинг ўқувчиси кўп бўлади. Ўша ОАВ раҳбарияти томонидан эътироф этилади. 

Тезкорлик, ўзига хослик, ва ўқишлилик (телевизион форматда эса томошабоплик) иши юришган ОАВни тутиб турган устундир. 

Журналистлар кўп алдайди, туҳмат қилади, обрўсизлантиради

Шундай деб шикоят қиладиганлар асосан ўз маълумотларини аниқ ва оддий одамлар тушунадиган тилда эмас, балки бирор соҳага ихтисослашган мутахассисгина англаб етадиган қилиб жамоатчиликка етказадиганлар бўлади. 

Шунинг учун ҳам ахборот хизмати томонидан бирор маълумот чиқарилар экан, маълумотнинг оддий одамга тушунарсиз бўлиб қолиш эҳтимолидан кўпроқ хавотир олиш керак. 

Унутманг, ҳатто энг малакали журналист ҳам тор доирадаги мутахассис осон тушунадиган тармоқ ҳақида ҳатто тасаввурга эга бўлмаслиги мумкин.

Кўзда тутилмаган, жамоатчиликка ошкор қилиниши лозим бўлмаган маълумотлар Ахборот хизматининг эътиборсизлиги туфайли оммага етиб боришининг олдини олиш учун, ўша ахборотнинг чиқишига барча бўлимлар, бошқармаларнинг ва ҳок. эътирози йўқлигини, мазкур идоранинг ишчанлик обрўсига зарар етказмаслигини яна бир қатор текшириб олиш керак.

Қолаверса, журналистлар ва исталган ОАВ раҳбарияти туҳмат ва ҳақорат нима эканлигини, бунинг учун жавобгарликка тортилишларини жуда яхши англайдилар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам хато қилган журналист ва ОАВ билан судлашиш раҳбарларга ярашмайди. 

Ахборот асрида жамоатчилик олдида яна ўзингиз айланиб келиб айбдорга айланиб қоласиз.

Яхшиси, кечиримли бўлиш керак. Муҳими, журналист ва ОАВ бундан ўзи учун тегишли хулоса чиқариши керак.

Жамоатчилик ҳар қандай ҳолатда ҳам мансабдорларни айблаб, журналситни оқлашга мойил бўлади. Журналистларнинг бу борада омади чопган. Масалан, уларнинг рақамлардаги хатоси учун жавобгарликка тортилгани деярли умрамайдиган ҳолат.Бутун дунёда шундай.  

Аммо, журналистлар фактик (рақамлар, йиллар билан боғлиқ, ёки исталган бошқа) хатолари ўз ўқувчилари кўз ўнгида уларни обрўсизлантиради. Ва уларнинг сонини қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. 

Журналист ва ОАВ учун бундан ортиқ жазо йўқ, аслида!


ТАНҚИДИЙ МАТЕРИАЛЛАР ҲАММАСИ "БУЮРТМА"

Ушбу нотўғри тасаввурга кўра: "танқид ўқига нишон бўлганларнинг душманлари бундай материал учун журналистларга пул тўлайди".

Ишонаверинг, бундай ҳолат одамлар ўйлаганидан кўра ниҳоят даражада кам юз берадиган ҳодиса. 

Ҳеч бир таҳририят маълумотнинг ёлғонлигини билиб туриб, пул олиб материал тайёрламайди.

Чунки журналистлар суд орқали муаммони ҳал этиш чоғида олганларидан кўра кўпроқ беришларига тўғри келишини билишади.

Умуман, журналистларнинг кўпчилиги сентиментал одамлар бўлгани боис, қонунни бузган ҳамкасбининг жавобгарликка тортилишини хавотир билан қарши олади. Қалбига яқин олиб стрессга тушади.

Бу унинг ўз материалларида бундай қўпол хатоларга йўл қўйишдан қаттиқ қўрқишида айниқса яққол номоён бўлади.


ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИСИГА ТАВСИЯЛАР:

- Матбуотни доимо жиддий қабул қилинг. Уларни профессионал деб билиб шунга яраша муомала қилиш керак.

 - Матбуотга ҳеч қачон ёлғон гапирманг. Бу оғир оқибатларга олиб келади.

 - Журналистларга, улар орқали жамоатчиликка бирор ваъда бердингизми, албатта бажаринг.

- Бирор ишни бажариб тугатиш муддатларини айтаётганда етти ўлчаб бир кесинг.

- "Агар. мабодо..." деб бошланадиган мужмал саволларга ҳеч қачон жавоб берманг! Журналистдан саволни аниқ беришни сўранг.

- Журналистлар олдида бошқа ташкилотларни танқид қилиб, уларнинг ишига баҳо берманг.

- Агар саволнинг жавобини билмасангиз, буни тан олишдан қўрқманг. Кейинроқ эса, агар имконингиз бўлса, шу саволнинг жавобини тезроқ топишга ҳамда савол берган журналистга етказишга ҳаракат қилинг.

 - Унутманг сиз матбуотга ҳамма нарсани айтишга мажбур эмассиз. Давлат ва касб сирини очиқланишига асло йўл қўймаслик зарур!

Давлат хизматчиси керак пайтда асабий ҳолатларда ҳам барқарор ишлайдиган машина каби бўлиши керак.

Ҳиссиётга ва провакацияларга берилманг. Журналистлар сизни ўз сўзингиздан тутиб олиш учун ишлатадиган қуйидаги тактик усуллардан хабардор бўлинг.

- Арзимас маълумотни ўртага ташлаш билан журналистлар бу мавзу доирасида кўпроқ нарса билишларига сизни ишонтиришларига уриниш бўлиши шу орқали сиздан янада кенгроқ маълумот қўлга киритишларига йўл қўйманг.

Бир мансабдор шахсдан маълумот олиш учун иккинчи бир раҳбардан олинган маълумотлардан "хўрак" ўрнида фойдаланиш ("Бэкхенд" услуби)

Муҳокама мавзуси бўлган воқеага тааллуқли савол бериш орқали сиздан муҳокамага тааллуқли бўлмаган, аммо одамларни кўпроқ қизиқтирадиган муҳим воқеликка доир маълумотни қўлга киритишлари мумкин. ("Қизил сельд" услуби)

Журналистнинг интервью пайтида бирдан жим бўлиб. сукут сақласа сиз бу бўшлиқни асло тўлдиришга уринманг.


РУҲИЙ ТАЙЁРГАРЛИК

Афсуски, айрим давлат хизматчилари камера ва микрофонлар, унга қадалган ўнлаб нигоҳлар қаршисида оёқ-қўли бўшашиб, саволлларга жавоб бера олмай терлаб-пишиб, қўллари қалтираб кетади.

Шуни ёдда тутингки, журналистлар ўз билим даражасидан келиб чиқиб савол беради. Улар гарчи ихтисослашган журналист бўлса ҳам, Сиз раҳбарлик қилаётган идорани ҲЕЧ КИМ СИЗДАН ЯХШИ БИЛМАЙДИ. 

Интервьюдан олдин ўзингизни бу жараёнга тайёрланг. Ҳаяжонингизни боса олмасангиз кўзингизни юмиб, ўзингизни денгиз соҳилида деб тасаввур қилинг. Шу ҳолатда ўн -йигирмагача санашингиз ҳам мумкин.

Камера қаршисига чиққанда эса камерани йўқ деб, унинг ўрнида шунчаки 4 - 5 та ўзингиз яхши биладиган танишингиз тасаввур қилинг. Паст овозда секин гап бошланг.


ХУЛОСА

Аслида журналистларнинг ҳам, давлат хизматчиларининг ҳам вазифаси битта - халққа хизмат қилиш!

Уларнинг муносабатлари эса мамлакат аҳолисига ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни олиш ва етказиб беришда ўзаро кесишади.

Бу жуда оддий ва қонунчилик билан тартибга солинган содда жараён бўлса-да, турли тортишувлар ва тушунмовчиликлар билан мураккаб тус олиб кетиши мукин.

Бизнинг вазифамиз эса матбуот ва журналистлар билан муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, қайси ахборотни қачон ва қандай етказишдан иборат.


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Матбуот хизмати

Report Page