ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИ СИНГАПУРДА МАЛАКА ОШИРАДИ
Агентлик Ахборот хизмати
#Эксперт_шарҳи
Давлатимиз раҳбарининг хорижий давлатларга ташрифлари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ташриф давомида имзоланган битим ва келишувлар турли соҳаларда давлатларнинг амалий ҳамкорлиги учун катта имкониятлар очади. “Осиёнинг иқтисодий мўъжизаси” дея таърифланадиган Сингапурга Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташрифи ҳам ҳар икки давлат учун манфаатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Айнан давлат хизмати соҳасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Сингапур билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – хусусийлаштириш жараёнлари, илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимлар, шаҳар инфратузилмаси ва коммуникациялар, инвестициялар ва ўзаро савдо билан бир қаторда давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишининг белгиланиши Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига алоҳида масъулият юклайди.
Чунки бу йўналишдаги ҳамкорлик Сингапурнинг етакчи таълим муассасаларидан бири - Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби билан қўшма лойиҳалар доирасида ишлаш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби дунёдаги нуфузли давлат бошқаруви мактабларидан биридир. Мактаб Осиё прагматизми ва Ғарб таълимининг энг илғор йўналишларини ўзида уйғунлаштира олган. Сингапур Миллий университети таркибига кирувчи мазкур мактаб 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, мактабнинг миссияси ҳозирги ва келажак авлод раҳбарларини тайёрлаш, Осиёда бошқарув стандартларини такомиллаштириш, одамлар ҳаётини яхшилаш учун ўқитиш ва илҳомлантиришдан иборат.
Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби Гарвард, Кеннеди мактаби каби глобал институтлар билан узоқ муддатли ҳамкорликка эга, шунингдек, Колумбия университети, Токио университети, Ҳерти бошқарув мактаби ва Жамоатчилик институтидан иборат Глобал давлат сиёсати тармоғига қўшилган биринчи Осиё мактабидир. Мактабнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у ўз талабаларига глобал муҳитда давлат сиёсати, давлат бошқаруви бўйича таълим олиш имконини беради. 6 ҳафталик дастур иштирокчиларнинг етакчилик ва бошқарув қобилиятларини ривожлантиришга, уларни глобал даражадаги муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятини ривожлантиришни назарда тутади.
Мактабда тингловчилар назарий билим олиш билан чекланмай, узоқ вақтдан буён мавжуд бўлган бошқарув муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган билим ва кўникмаларни эгаллайдилар. Ўзига хос ёндашув орқали раҳбарларнинг тизимли фикрлаш ва натижага йўналганлик кўникмалари ривожлантирилади. Уларга оптимал натижаларга эришиш учун стратегик режалар тузиш ўргатилади. Ташкил этилганидан буён бу мактаб бутун дунё бўйлаб 3 500 дан ортиқ лидер-битирувчиларни тайёрлаб берди.
Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабининг илғор тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг Сингапурга ташрифи давомида бу мактаб иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Жумладан, 2023 йилда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан 200 нафар давлат хизматчилари учун лидерлик, ўзгаришларни бошқариш, стратегик режалаштириш, давлат хизматида самарадорлик, рақамлаштириш, инновациялар, барқарор иқтисодиёт ва шаҳарсозлик каби долзарб йўналишларда Сингапурда малака ошириш курсларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
Сингапурдаги стажировка, ўз навбатида, Ўзбекистондаги бошқарув кадрларининг натижадорлик кўрсаткичларида акс этиши шубҳасиз.