ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИГИ
ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИГИ (state security, государственная безопасность) – миллий хавфсизликнинг тизим ости элементи (тор ёки формал маънода); кенг маънода мамлакатнинг умумий хавфсизлигини ифодалаб, “миллий хавфсизлик” тушунчасига синоним сифатида кўрилади. Анъанавий тарзда давлат хавфсизлигининг объекти ёки ҳаётий муҳим манфаатларини конституциявий тузум, давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлик ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунида унга қуйидагича таъриф берилади: “давлат хавфсизлиги – Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумининг, суверенитетининг, ҳудудий яхлитлигининг ва бошқа давлат манфаатларининг ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари рўёбга чиқарилишини таъминлайди” (4-модда). Шахс, жамият ва давлат манфаатлари тизимида давлат манфаатларининг учлиги бирламчи ва фундаментал аҳамият касб этади. Жамиятнинг барқарорлиги ва тараққиёти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимояланганлиги бевосита давлат хавфсизлигининг таъминланганлик даражаси билан узвий боғлиқдир. Қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти, махсус ваколатли давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва фуқаролар давлат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий субъектлари ҳисобланади. Ваколатли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “солиштирма оғирлиги” хавфсизликнинг бошқа субъектларига қараганда каттароқ. Ҳокимият вертикалининг мустаҳкамлиги – давлат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор вазифаси ва зарурий шартидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаб беради ҳамда унга оид қонунчиликни яратади. Ижро ҳокимияти давлат бошқарув тизимининг марказий бўғини сифатида: ташқи ва ички сиёсатни амалга оширишни ташкил этади; куч ва воситалар тизимини яратади; мамлакат ҳарбий қурилишини амалга оширади; мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди ҳамда бу борада ижро ҳокимияти тизимини ташкил этувчи органлар фаолиятининг бирлигини таъминлайди. Судлар фаолияти қонун устуворлигини таъминлаш ва конституциявий тузумни муҳофаза қилишга қаратилган. “Мувозанатда сақлаш ва тийиб туриш” принципига мувофиқ, суд органлари хавфсизлик субъектлари, аввало, давлат органларининг хавфсизликни таъминлаш борасидаги фаолияти доирасида фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Асосий қонунига мувофиқлигини аниқлайди.
👉🏻@uz_sfa