ДАВЛАТ АРБОБИ, САРКАРДА ВА ЎЗБЕК ШОИРИ МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН ШАХСИ, ШАЙБОНИЙЛАР ДАВЛАТИ, ШУ ДАВРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР ВА БУНЁДКОРЛИКЛАР

ДАВЛАТ АРБОБИ, САРКАРДА ВА ЎЗБЕК ШОИРИ МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН ШАХСИ, ШАЙБОНИЙЛАР ДАВЛАТИ, ШУ ДАВРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР ВА БУНЁДКОРЛИКЛАР

Доц. Ирисқулов О. Ж.


Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон 1451 йилда туғилган. У ғоят катта жисмоний кучга, ҳарбий ташкилотчилик қобилиятига эга, ёлланма қўшин бошлиғидан хон даражасига кўтарилган тарихий шахсдир.

Шайбонийхон (1501-1510) ҳокимиятга келиб, темурийлар орасидаги низолардан фойдаланиб Мовароун­наҳрни қўлга киритиш учун ҳаракат бошлайди. У қудратли қўшин тўплаб, Мовароуннаҳр вилоятларини қўлга кирита бошлайди. 1499 йилда Темурий Султон Али билан бўлган жангда ғолиб чиқиб, Самарқандни эгаллайди ва бу шаҳарни ўз давлати пойтахти деб эълон қилади. XVI аср бошларида Мовароуннаҳр ва унга туташ бўлган катта ҳудудларни қўлга киритиш учун Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ҳаракат қилганлиги маълум. 1500 йилнинг кузида Шайбонийхон ҳарбий сафардалигида Бобур мирзо Самарқандни эгаллайди.

1501 йилнинг баҳорида Шайбонийхон билан Бобур ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади ва Бобур мағлубиятга учрайди. Натижада, Самарқандни жангсиз топшириш шарти билан Бобур мирзо ва аскарларини шаҳардан тинч чиқиб кетишга келишишади. Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандга киргач, шаҳарни расман ўзининг пойтахти деб эълон қилган. Кейинчалик шаҳарни ташлаб чиқиб кетган Бобур Афғонис­тонга сўнгра Ҳиндистонга бориб, у ерда Бобурийлар салтанатига асос солган.

Шайбонийхоннинг 1500-1509 йилларда олиб борган юришлари натижасида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни ўз ичига олган Шайбонийлар давлати вужудга келади.

Шайбонийхон давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлида бир қатор ислоҳотлар ўтказган. Биринчидан у давлат бошқарувида суюрғол тизимини жорий этди, яъни забт этилган ҳудудларни бошқариш ишини ўз фарзандларига, қариндош уруғларига ва бекларга топширди.

Иккинчидан, мамлакатда ер-сув ислоҳотини ўтказди ва иқтисодий ҳаётнинг жонланишига хизмат қилди.

Учинчидан, мамлакат ичида ижтимоий ҳаётни тартибга солишга имкон берувчи ислоҳот ўтказди. Солиқлар оғирлигидан ва мулкдорлар жабр зулмидан ерларини ташлаб кетган хўжаликлар ерларини ишга тушириш масаласини кўриб чиқди.

Тўртинчидан, Шайбонийхон 1507 йилда пул ислоҳотини ўтказди. Бунга кўра мамлакатнинг ҳамма катта шаҳарларида вазни бир хил 5,2 грамм бўлган янги кумуш тангалар ва мис чақа пуллар зарб қилиниб муомилага чиқарилди. Бу ислоҳот иқтисодиётни тартибга солиш ва савдо-сотиқни жонлантириш мақсадида ўтказилган эди. Айни пайтда бу ислоҳот марказий ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини кучайтиришга, маҳаллий ҳокимлар мавқеини эса кучсизлантиришга, деҳқонларнинг солиқ тўлаш имкониятини оширишга, давлат мулкини кўпайтиришга имкон берган.

Бешинчидан, Шайбонийхон таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар ўтказди. Бу ислоҳотнинг ўтказилишига жамиятда илмли кишиларга бўлган зарурат сабаб бўлади. Давлатга барча соҳалар бўйича илмли, дипломатик қобилиятига эга бўлган амалдорлар керак эди. Ислоҳотга кўра, кўп босқичли ўқитиш тизими жорий этилди. Таълимнинг қуйи босқичи мактаб ҳисобланади ва болага 6 ёшидан таълим берилади. Мактабда икки йил ўқигач ўқувчилар мадрасага ўтказилган. Мадрасада уч босқичли таълим жорий этилган бўлиб, унинг ҳар босқичи 8 йилдан, жами 26 йил давом этган.

Шайбонийхон томнидан амалга оширилган ислоҳотлар марказий ҳокимиятнинг кучайишига хизмат қилган.

Шайбонийхон (1451-1510 йиллар) маърифатли ҳукмдорлардан бўлган, шу билан бирга у   ХVI  аср  ўзбек адабиётининг етук  ижодкорларидан биридир.  Шайбонийхон ҳарбий юришлар ва давлат ишлари орасида қисқа танаффусларда турли фанлар ва исломни ўрганиш, тарихий ва шеърий асарлар битиш билан шуғулланган. Ўз саройига кўплаб тарихчилар, шоирлар, олимларни жалб этди. Унинг саройида Камолиддин Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Мулла Шоди, Фазлуллоҳ ибн Рўзбекхон кабилар паноҳ топиб, ўз асарларини яратди. Муҳаммад Шайбонийхон Ҳиротни қўлга киритгандан сўнг Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган портрети бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган.

Шайбонийлар сулоласи 1500-1601 йилларда ҳукмронлик қилган. Шайбонийлар сулоласи вакиллари аввалига Самарқандни ўзларига пойтахт этдилар, сўнгра пойтахтни Бухорога кўчирадилар. Шайбонийлар сулоласи 1500-1601 йилларда мавжуд бўлган. Самарқанд ушбу сулола вакил­лари томонидан 1501-1533; 1540-1556 йилларда пойтахтга айлантирилган.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳукмронлиги даврида шаҳарда айрим соҳаларда жонланиш содир бўлди. Олий ҳукмдор Самарқанд­даги қурилиш­ларга алоҳида эътибор берган. Шайбонийхоннинг пойтахтда мадраса қурдирганлиги ҳақида унга замондош тарихчи «шахсан ўзи қурдирган Мадрасайи Олияга» борганини ёзиб қолдирган.

XX асрнинг 60-йилларида Самарқанддаги Тошкент кўчасини кенгайтириш арафасида унинг мадраса вайрон этилган. Шайбонийхон ва шайбоний султонлар кўмилган даҳма эса Шердор ва Тиллакори мадрасалари ёнбошига кўчирилган.

Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон (1451­1510) темурий ҳукмдорларни минтақадан узоқлаштиргунга қадар кечган 10 йиллик даврда бир асрдан ортиқ давр мобайнида темурийларнинг бош маркази сифатида бўлиб келган Самарқанд яна бир неча ўн йилгача ўз мавқеини йўқотмади. Хусусан, Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султонни валиаҳд деб эълон қилиб, унга Самарқанд бошқарувини берганлиги ҳам ушбу шаҳарнинг янги сулола наздида қанчалик аҳамиятга эга бўлганидан дарак беради. Шу тариқа, дастлабки пайтларда Самарқандни марказ қилган ҳолда, Хуросон ва Бадахшонга юришлар уюштира бошлаган шайбонийлар, кейинчалик пойтахт сифатида Бухорони танлаган бўлиб, айнан қандай омиллар бунга сабаб бўлганлиги масаласида тадқиқотчилар орасида якдиллик йўқ. Шунингдек, географик жиҳатдан қулай, мўътадил иқлимли, қадимдан машҳур сулолаларнинг пойтахти бўлиб келган Самарқанддек бир жой туриб, Шайбоний ҳукмдорларнинг пойтахтни бошқа бир шаҳарга кўчириш тараддудига тушишларига айнан қандай омиллар сабаб бўлганлиги масаласи ҳам ҳалигача баҳсли мавзу бўлиб келмоқда.

Шайбонийлар даврида Самарқандни қуйидаги ҳукмдорлар бошқар­ган: Муҳаммад Шайбонийхон ибн Шоҳбудоқ Султон ибн Абулхайрхон (1501-1510), Кўчкунчихон ибн Абулхайрхон (1512-1530), Абу Саъидхон ибн Кўчкунчихон (1530-1533). Бухоро ва Самарқанд алоҳида икки хонликлар пойтахти даврида Самарқандда Абдуллатиф ибн Кўчкунчихон (1540-1552) алоҳида хонлик тузиб ҳукм сурган. Самарқанднинг шайбоний хонлари ва султонлари: Аҳмад Султон ибн Убайдулло Султон, (1501-1506), Муҳаммад Темур Султон ибн Муҳаммад Султон (1506-1511), Абдуллатифхон ибн Кучкунчихон, (1540-1552), Султон Саъид ибн Абу Саъидхон, (1552-1555), Наврўз Аҳмадхон ибн Суюнчхўжа, (1555-1556); Муҳаммад Иброҳим Султон ибн Абдуллатифхон (1556); Бобохон ибн Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон), (1556-1557), Жавонмард Али Султон ибн Абу Саъидхон (1557).

 Шайбонийлар даврида уч марта пул ислоҳоти амалга оширилган, Муҳаммад Шайбонийхон 1507 йилда пул ислоҳотини ўтказган бўлиб, бу ўша даврдаги иқтисодий ҳаётнинг жонланишига хизмат қилган.1515 йилда Кучкинжихон ва 1580 йилларда Абдуллахон II лар ҳам пул ислоҳотини ўтказган, Абдуллахон II олтин танга зарб қилдирган. Шайбонийлар даврида ирригация тизими ривожланди ва йирик суғориш иншоатлари бунёд этилган. Жумладан, Зарафшон дарёсидаги сувайирғичлар, Абдуллахон банди, Туятортар канали, Сангзор дарёсидаги иншоатлар, мурғоб воҳасидаги сув омборлари шулар қаторига киради. Бу жараён сунъий деҳқончилик ривожланишига ижобий таъсир кўрсатган.

Шайбонийлар ҳукмронлиги даврида мамла­катда ер-сув соҳасида бир қанча ислоҳотлар ўтказилган. Ўз ҳукмронлигининг дастлабки 10 йилида Шайбонийхон томонидан солиқлар оғирлигидан ва мулкдорлар жабр-зулмидан ер-сувларини ташлаб кетган хўжаликлар ерла­рини ишга тушириш масаласи кўриб чиқилган. Шайбонийхон 1507 йилда пул ислоҳотини ўтказди. Бунга кўра мамлакатнинг ҳамма катта шаҳарларида вазни бир хил - 5,2 грамм бўлган янги кумуш тангалар ҳамда мис чақа-пуллар зарб қилиниб, муомалага чиқарилган.

Бу ислоҳот иқтисодиётни тартибга солиш ва савдо-сотиқни жонлан­тириш мақсадида ўтказилди. Ислоҳот марказий ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини кучайтиришга, маҳаллий ҳокимлар мавқеини эса кучсизлантиришга, деҳқонларнинг солиқ тўлаш имкониятини оширишга, давлат ва аҳоли мулкини кўпайтиришга имкон берарди. 

XVI асрнинг биринчи ўн йиллигида Шайбонийхон даврида солиқ даро­мад­лари қисқариб кетганлиги сабаб қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун бир қанча чоралар кўрилган эди. Ерларни ташлаб кетган деҳқонлар қайтарилди ва улар олинадиган солиқлар енгиллаштирилди. 1503 йилда Самарқанд яқинида Зарафшон дарёсида сув айирғич қурдирди ва дарёни иккига Оқдарё ҳамда Қорадарёга бўлди.

Шайбонийхон даврида Зарафшон дарёсидаги сув миқдорини ошириш учун кўприк қурилди. Сунъий суғориш ишларига Абдуллахон II даврида катта эътибор берилиб, катта ишлар амалга оширилган. Абдуллахон буйруғи билан Зарафшон дарёсига «Абдуллахон банди» номли тўғон қурилди. Бу эса Нуротанинг шарқий ҳудудларига сув чиқариш имконини берди. Бу даврда ҳукмронлик қилган хонларнинг суғориш тизимидаги олиб борган сиёсати натижасида суғориладиган ерлар миқдори ошди. Сувни тенг тақсимлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 1583 йилда Нурота тоғларининг шимолий томонларидаги Оқчобсойда катта суғориш иншооти қурилиши натижасида кўп ерлар сув билан таъминланди. Шунингдек, Зарафшон дарёсида Пули Кармана, Пули Меҳтар Қосим ва Пули Чоҳарминор ҳамда бошқа сув тақсимловчи иншоотларнинг қурилиши катта аҳамият касб этди. Бу вақтда Зарафшондан Жиззах водийсига Туятортар канали қазилди.

Самарқанд ва унинг атрофларида узумнинг сероблиги май ва шароб тайёрлашнинг ривожланишига олиб келган. Манбаларда айтилишича, Самар­қанд боғ ва узумзорлар билан ўралган бўлиб,улар айрим жойларда бир неча чақиримга борарди. Муҳаммад Солиҳнинг Шайбонийнома асарида Самар­қанд­лик йирик заминдор Хожа Абдулматкарим хўжалиги тасвирла­нади. Унинг шаҳар атрофидаги боғларидан олинадиган ҳосилнинг ярмидан кўпи мусаллас қилинган, қолганидан узум шинниси тайёрланган. Шаҳарда узум сақланадиган махсус бинолар бўлган.

        Самарқандда ҳунармандчиликнинг ўнлаб турлари: тўқимачилик, бўёқчилик, тикувчилик, мисгарлик, заргарлик, кўнчилик, этикдўзлик, махси­дўз­лик, каштачилик, дурадгорлик, бешикчилик, сандиқчилик, темирчилик, тақачилик ва бошқа турлари кенг тарқалган эди. Шаҳар аҳолисининг анчагина қисмини ҳунармандлар ташкил этиб, улар иқтисодий ҳаётида муҳим рол ўйнаганлар. Деҳқончилик билан ҳунармандчилик бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, иқтисодий ҳаётда асосий омиллар ҳисобланган. Бу иккита йўналиш ички ва ташқи савдонинг боришини белгилаб берарди. Ҳунармандлар деҳқончилик хом-ашёси асосида турли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, ички ва ташқи бозорнинг талабларини қонди­риб келган. Ҳужжатларда Самарқандда чўян қуювчи устахоналар мавжуд­лиги ҳақида сўз боради. Бу Ўрта Осиё учун янги соҳа бўлиб, рудани қайта ишлашнинг темир, пўлат, чўяндан ташқари металсозликда бронза ва мисдан ҳам кенг қўлланилган. Бронза ва мисдан чиройли ишланган ва бадиий жиҳатдан катта қийматга эга бўлган кўза, коса, товоқ каби маҳсулотлар тайёрланган ҳамда бу маҳсулотлар чет элларда ҳам талаб катта бўлган.

Тўқувчилик билан шуғулланган усталар ишланадиган газмол турига қараб бахмалбофон, кимхобгарон, футабофон, чаҳоргулбофон каби касбларга бўлинган. Кийим-бош ва унинг бўлакларини тайёрловчи мутахассислар ҳам турлича эди. Масалан, чопон тикувчилар – жомадўзон, бичиқчилар – дарзиён, телпакчилар – тақиядўзон, пўстин тўқувчилар – пўстиндўзон. XVI аср тарихчиси Фазлуллоҳ ибн Рузбеҳхон қундуз, олмахон ва бошқа хил пўстинлар, шунингдек, кўпдан-кўп безаклар солинган шойи кийимларни санаб ўтган. Шайбонийномада Муҳаммад Солиҳ оқ сувсар ва олмахон мўйнасидан тикилган пўстин кийган амалдорларни тасвирлаган.

Бу даврда Самарқандлик усталар томонидан сиёҳ ёйилиб кетмайдиган, силлиқ, пишиқ қоғоз тайёрлаган. Самарқанд қоғозига ёзилган жуда кўп қўлёзма асарлар бизгача етиб келган. Улар орасида Камолиддин Биноийнинг «Шайбонийнома», Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳхоннинг «Меҳмонномаи Бухоро» асарлари Меҳр Султонхонимнинг ҳадя ёрлиғи ва бошқа қўлёзма нусхалар бор. Қоғоз тайёрлаш устахоналарини кўрган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, «Дунёда энг яхши қоғоз Самарқандда тайёрланади», деб ёзган эди.

Машҳур хаттот Султонали Машхадий (1432-1520) хаттотликка оид махсус рисоласида Самарқанд қоғозида ёзишни маслаҳат беради. XVI асрда Самарқандда қоғознинг кўпгина турлари, жумладан, «Султони» деб аталган турини тайёрлаганлар. Бу юпқа, юмшоқ ва силлиқ бўлганлиги учун «Шойи қоғоз» ҳам деб аталган.

Қоғоз тайёрловчи уста Мир Иброҳимнинг фаолияти XVI асрнинг биринчи ярмига тўғри келади, у оқ чамбар кўринишидаги сув қоғоздаги белгиси бор алоҳида қўғоз турини тайёрлаган. «Мири Иброҳимий» деб аталган бу қоғоз кейинги асрларда ҳам машҳур бўлган ва Самарқанддан бошқа мамлакатларга олиб кетилган.

Самарқанд бу даврда бўёқ ишлаб чиқариши билан ҳам шуҳрат қозонган. Бўёқчилик устахоналари асосан бозорлар ва дўконлар яқинида жойлашган. Манбаларда Амирзода Муҳаммад Қосим бозорида учта, Хожо Муҳаммад Чоп ва Дар маҳкамаи кўҳна бозорларида иккитадан бўёқ устахоналари бўлганлиги эслатилади. Абдуллахоннинг элчилари Москвага 40 пуд бўёқ олиб борганлиги манбаларда қайд қилинган. Бу маълумотлар XVI асрда Самарқандда бўёқчилик қай даражада тараққий этганлигини кўрсатади.

Самарқандликлар моҳир савдогарларлар сифатида донг таратиб, Эрон, Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Арабистон, Россия ва бошқа давлатлар билан савдо-сотиқ олиб боришган. Самарқанд шаҳри Марказий Осиёнинг энг йирик савдо маркази сифатида шуҳрат қозониб, кўплаб карвонсаройлар ва савдо расталарга эга эди.

Самарқанддаги бозорларнинг жойлашиши асосан ХV асрда қандай бўлса шундайлигича қолган. Бу даврда Самарқанд шаҳрида ўндан ортиқ катта ва кичик бозорлар бўлган. Тўқувчилар, темирчилар, арқон сотувчилар, сават тўқувчилар ва бошқа расталар жойлашган атторлар бозорлари алоҳида бўлган. Айрим бозорлар даҳалар, масжидлар, шаҳзода ва аслзодалар номлари билан аталган. Масалан, Пули сафид, Амирзода Муҳаммад Султон бозори, наматчилар мачити бозори, Амирзода Муҳаммад Қосим, Хожа Муҳаммад Чоп бозори ва бошқалар.

Самарқанд Шайбонийлар даврида ҳам ўзининг нони билан машҳур бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича, XVI аср бошларида Самарқандда яхши новвойхона ва ошхоналар бўлган. Бозорлар ёнида карвонсаройлар, сартарошхона ва ҳаммомлар жойлашган.   

Шайбонийлар даврида дунёвий илмларга эътибор бироз сусайган кўринса-да, аммо мадрасалар қурилишининг давом этиши бу соҳада ҳали ҳам ишлар давом эттирилаётганлигидан дарак берар эди. Бу даврнинг машҳур фиқҳшуноси шайхулислом Абулмакорим ас-Самарқандий ёзган «Шарҳи мухтасарул-виқоя» асари мадрасаларда ўқитилган.

Шайбонийхон томонидан амалга оширилган бу каби ва бошқа тадбирлар ўз моҳиятига кўра марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга, шайбоний хонлари ва беклари ҳукмронлиги кучайишига хизмат қилиши зарур эди.

Шайбонийлар давлатининг маълум муддат пойтахти бўлган Самар­қандда ушбу сулола ҳукмронлиги даврида маданий ҳаёт ҳам  ривожланган. Шайбонийлар меъморчилик ишларига ҳам аҳамият бериб, бу даврда бир қатор ёдгорликлар бунёд этилган. Сулола вакиллари мақсадга мўлжалланган қурилиш ишларини амалга оширганлар. Бу борада нафақат сулола намояндалари, балки ўз даврининг кўзга кўринган катта моддий имкониятга эга кишилари ҳам четда қолмаганлар. Чунончи, Самарқанддаги Муҳаммад Шайбоний қурдирган Хония, Абу Саид Калбобо, Кўкалдош, Меҳр Султонхоним номи билан боғлиқ мадрасалар шулар жумласидандир. Бу даврда Самарқандда Алайка Кўкалдошнинг Жума масжидида мармар минбар (1528 й.), Жувонмард Алихон томонидан ҳаммом (1574 й.), Қози Соқий мадрасасилари қурилган. Кучкинчихон ҳукмронлиги даврида Регистон май­до­нининг жанубий томонида шайбонийлар учун мақбара қурдирган. Чилдух­тарон деб номланган бу мақбара XX асрнинг 50-йилларида бузиб ташланган.

Шайбонийлар даврида фан ва маданиятнинг ривожланишида мазкур сулола намояндаларнинг тутган ўрни катта бўлган. Аввало, уларнинг ўзлари ўқимишли шахслар бўлишган. Чунончи, Муҳаммад Шайбонийхон, Кўчкинчихон, Убайдуллахон, Абдулазизхон каби шайбонийлар туркий ва форсийда шеър битишган. Шайбо­нийлар даврида ҳам тарих илми жуда ривож топган. ХVI аср тарихини ёритиб берувчи «Таворихи гузидаи нусратнома», Мулла Шодийнинг «Фатҳ­нома», Биноийнинг «Шайбонийно­ма», Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбоний­нома», Абдуллоҳ Насруллоҳнинг «Зубдат ал-асрор», Фазлуллоҳ Рўзбеҳ­хоннинг «Меҳмонномаи Бухоро», Зайниддин Восифийнинг «Бадои ул вақое», Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» каби тарихий асарлари фикримиз далилидир. Бундан ташқари, Муҳаммад Шайбонийхон даврида Биноийнинг «Ажойиб ул Махлуқот» географик асарини ҳам айтишимиз мумкин.

Бу даврда Самарқанд фани ва маданияти ривожланишига олим ва мусиқачи Амир Али Акбар Самарқандий, Боғи Жарроҳ Самарқандий, мини­атюрачи рассом Муҳаммад Дарвеш Самарқандий ва Сирожиддин Муҳаммад Самарқандийлар муҳим ҳисса қўшишган. Муҳаммад Дарвеш Самарқандий «Дар баёни чаҳор дарё» ва «Ганжут Толибин» китобларини ёзган.

Шайбонийлар даврида Самарқандда бой кутубхона ҳам бунёд қилинган бўлиб, бу ерда ноёб китоблар сақланиши билан бирга китобларни таржима қилиш, қайта кўчириш, қўлёзмаларга нафис минниатюралар чизиш, муқовалаш ишлари ҳам амалга оширилган. Кучкунчихоннинг ташаббуси билан форс тилида ёзилган икки ноёб асар, Рашид ад-диннинг «Жомеъ ут-таворих» ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Бу икки асар ўз даврининг машҳур минниатюрачи рассоми Муҳаммад Мурод Самарқандийнинг суратлари билан безатилган. Бу даврнинг машҳур мусаввирлари Жалолиддин Юсуф ва Муҳаммад Чеҳралар Жомий, Навоий, Восифий, Биноий, Фирдавсий каби шоирларнинг асарларига минниатюралар ишлаганлар.

Шайбонийлар даврида Самарқандда кўплаб шоирлар Зайниддин Восифий, Камолиддин Биноий, Абдурахмон Мушфиқийлар ижод қилишган. Ҳиротда туғилган шоир Биноий Самарқандга келиб Шайбонийхон саройида ижод қилган. Унинг «Шайбонийнома» ва «Фужухати хоний» каби асарлари бевосита Шайбонийхоннинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Шайбоний­лар ҳукмронлиги даврида Самарқанд адабий муҳитида юқорида номлари келтирилган шоирлардан ташқари Боқий Каффош Самарқандий, Чошний Самарқандий, Дарвеш Самарқандий, Ҳавоий Самарқандий, Ашрафий, Юм­лий Миёнқолий, Моилий Самарқандий, Ҳазиний Самарқандий, Мутрибий Самарқардий, Мавлоно Юсуф Қаробоғий, Миракий Самарқандий­лар ижод қилишган. Самарқанд адабий муҳити XVI аср ўрталари ва иккинчи ярмида Самарқанд ҳокими Султон Саидхон даврида шаклланди ва ривожлан­ди. Бу шоирлар тўғрисидаги маълумотлар Мутрибийнинг тазкираларида келтири­лади. 

Бу даврда медицина соҳасида қилинган ишлар ҳам муҳимдир. 1541 йилда Муҳаммад Ҳусайн Ибн ал-Меъроки ас-Самарқандий тиббий ва фармакалогия рўйхатига оид илмий асар ёзиб, унга ўта доривор ўсимликлардан дори тайёрлаш ва сақлаш учун ишлатиладиган идишларнинг рангдор нафис сийръатларини илова қилган. ХVI асрга оид қозихона ҳужжатларидан Самарқандда табиблар кўз касалликларини даволаш ишлари билан шуғулланганликларини билиш мумкин. Кўз табиби Шоҳ Али ибн Сулаймон шайбоний Наврўз Аҳмадхон ҳузурида ишлаган. Самарқандда Кўчкинчихон замонида Ҳиротлик табиб Султон Али ишлаган. У касалликлар ва терапия ҳақида умумий маълумот берадиган «Табиблик дастуруламали»ни ёзган. 1526 йилда «Дастурил ал илож» асари яратилган. Бу даврда математик ва астроном Муҳаммад ибн Иззудин Шайх Ҳусайн Абдусамат Самарқандда яшаган. Самарқанд қози калонининг ҳужжатларидан маълум бўлишича, ХVI асрда Самарқандда ҳунармандчиликнинг 61 тури мавжуд бўлган.

 Бу даврда кўпгина халқ хўжалик ва меъморчилик иншоотлари қурилиши, илм-фан ишлари ва адабий муҳитга асос солган. Унинг даврида илмий, адабий асарлар яратилди. Бу қисқа давр ичида математика, физика, кимё, ҳикмат, ҳандаса фанларидан ташқари тилшунослик, тарих соҳалари бўйича ҳам етук асарлар юзага келди. Шайбонийлар давлатининг маълум муддат пойтахти бўлган Самар­қандда ушбу сулола ҳукмронлиги даврида маданий ҳаёт ҳам ривожланган. Шайбонийлар меъморчилик ишларига ҳам аҳамият бериб, бу даврда бир қатор ёдгорликлар бунёд этилган. Сулола вакиллари мақсадга мўлжалланган қурилиш ишларини амалга оширган. Бу борада нафақат сулола намояндалари, балки ўз даврининг кўзга кўринган катта моддий имкониятга эга кишилари ҳам четда қолмаган. Чунончи, Самарқанддаги Муҳаммад Шайбоний қурдирган Хония, Абу Саид Калбобо, Кўкалдош, Меҳр Султонхоним номи билан боғлиқ мадрасалар шулар жумласидандир. Бу даврда Самарқандда Алайка Кўкалдошнинг Жума масжидида мармар минбар (1528 й.), Жувонмард Алихон томонидан ҳаммом (1574 й.), Қози Соқий мадрасасилари қурилган.

Шайбонийлар даврида фан ва маданиятнинг ривожланишида мазкур сулола намояндаларнинг тутган ўрни катта бўлган. Аввало, уларнинг ўзлари ниҳоятда ўқимишли шахслар бўлганлар. Чунончи, Муҳаммад Шайбонийхон, Кўчкинчихон, Убайдуллахон, Абдуллахон II, Абдулазизхон каби Шайбонийлар туркий ва форсийда шеър битган. Диний ва дунёвий илмларда етарли салоҳиятга эга бўлган.

 Бу даврда тиббиёт соҳасида қилинган ишлар ҳам муҳимдир. 1541 йилда Муҳаммад Ҳусайн Ибн ал-Меърони ас-Самарқандий тиббий ва фармакалогия рўйхатига оид илмий асар ёзиб, ўта доривор ўсимликлардан дори тайёрлаш ва сақлаш учун ишлатиладиган идишларнинг рангдор нафис сийръатлар илова қилинди. Самарқандда табиблар кўз касалликларини даволаш ишлари билан шуғулланганликлари тўғрисида маълумотлар келтирилган. Кўз табиби Шоҳ Али ибн Сулаймон Наврўз Аҳмадхон ҳузурида ишлаган. Самарқандда Кўчкинчихон замонида ҳиротлик табиб Султон Али ишлаган. У касалликлар ва терапия ҳақида умумий маълумот берадиган “Табиблик дастуруламали” асарини ёзган.

Бу даврда тиббиёт соҳасида бир қанча моҳир табиблар, ҳозиқ ҳакимлар етишиб чиқдиларки, ўз даврида “ ифтихор- ул- атиб-бо” табиблар ифтихори унвонини олган Муҳаммад Мазид, Ҳаким Шаҳрисабзий, жарроҳ (хирург) мавлоно Бақо, мавлоно Рафе, 1541- йилда илми тиб ва дори- дармонлар ҳақида асар ёзган Муҳаммад Ҳусайн ибн Ширакас Самарқандий кўз касалликларини даволашда ном чиқарган Шоҳ Али ибн Сулаймон, ўз замонасининг Суқроти номини олган Хожа Ҳаким (ваф.994/1585) ва натижат- ул атбо лақабини олган мавлоно Абдулҳаким ибн Мавлоно Султон Маҳмуд каби ҳакимлар шулар жумласидан ҳисобланади. Бу табиблар орасида , айниқса, мавлоно Муҳаммад Мазид ўзининг илмий фаолияти билан алоҳида ажралиб туради.

Масалан, табиблар тайёрлашга мослашган Дору-ш-шифо мадрасасида Абу Али ибн Сино, Ар-Розий, Абу Али ибн Ризвон   Мисрий, каби табибларнинг асарлари ўрганилган. Бундан ташқари 1511 йилда ёзилган, 101 бетдан иборат Муҳаммад Юсуфнинг “Тиббий Юсуфий” деб номланган рисоласи тиббиётга тааллуқли маълумотлар ҳақида бўлиб, табибларни тайёрлайдиган мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. 


Report Page