ДАРАХТ, МЕНГА ЯШАШНИ ЎРГАТ...

ДАРАХТ, МЕНГА ЯШАШНИ ЎРГАТ...

Байрам АЛИ

эссе

Дарахт менга яшашни ўргат,
Дарахт ўргат менга саботни.
Ўз домига тортганда ғурбат,
Дариғ тутма мендан нажотни.
То бу далли девона юрак,
Баҳор кутиб кўкарсин, кулсин.
Қуриса ҳам қурисин сендак,
Ҳароратли бир ўтин бўлсин...

Абумурод Қодиров


Абдумурод акани 2011 йил, баҳор ойларида илк марта кўрган эдим. Ўшанда туманимиздаги бир нечта ёзувчи ва шоир устозлар уйимизга меҳмонга келган, улар сафида Абдумурод ака ҳам бор эди. Эсимда, ҳаммадан кейин келгандилар у киши. Умуман, бу инсон доим мана шундай кечикиб юрар, билмайман, лекин негадир, ёруғ оламни анчайин шошиб ва илкис тарк этди...

Абдумурод акани биринчи кўрган кунимдаёқ ўқитувчи эканини фаҳмлаганман. Сабаби, мен билган инсонларнинг ичида фақат ўқитувчиларгина мана шундай фақир, шундай истарали эди. Ижодкорлар тўғрисида гурунг бошланиб, у киши Ўткир Ҳошимов билан боғлиқ бир хотирасини гапирганида эса, рости, юзига ишонқирамай қарадим: “Ҳошимовнинг уйида меҳмонда эдик, дейдими? Ёлғон ҳам эви билан-да!”. Кейин билсам, акани ўзимга ўхшатиб юборибман. Тўкилай деган кўйлакни дазмоллаб кийган, яп-янги дўпписи эскигина уст бошига ярашмай турган бу фақир инсон, аслида, обрўсини ошириб кўрсатиш каби ҳаваслардан тамом ҳоли экан.

Одатдагидай, даврадаги шоирлар ўртасида шеър айтиш бошланиб кетди. Устоз шоирларнинг бири олиб, бири қўйиб шеър айта бошлади.

–Абдумурод ака, сиз ҳам шеърларингиздан бирортасини ўқиб беринг, – деб қолди бир маҳал устоз Темирпўлат Тиллаев.

–Қўйсангиз-чи, бизнинг шеърларни ўқигилиги йўқ, – кулиб рад этди Абдумурод ака. Қолганлар худди бу гапни тасдиқлагандай “гурра” кулди-ю, талашиб-тортишиб мушоирада давом этишди. Орада устоз Тиллаев тағин у кишини қистади.

–Шеърларим ҳеч эсимда турмайди, – ака бу гал ҳам қутилмоқчи бўлди.

–Эсда борини айтаверинг, ҳеч бўлмаса “Турналар”ни, – туриб олди Тиллаев. – Ҳалиги-чи, қўшиқ бўлгани.

–У, энди... эски шеър! Бир замонлар ёзилган...

–Шеър эскирмайди, эскирса у шеър бўлмайди. Сиз айтаверинг, Абдумурод ака!

Шунда Абдумурод Қодиров озроқ иккиланиш билан, кулимсирабгина шеър ўқишга тушди. У кишининг овозидаги маъюсият ва чуқур қудуқнинг ичидан чиқаётганга ўхшаш вазмин оҳанг чеҳрасидаги табассумга унча мос тушмас, шу ғамгин овози, офтоб қорайтирган юзи, хоксор туриши билан ўзи ҳам эски бир даврлардан келиб қолган одамга ўхшарди.

–“Афғон тарафларга учиб кетибсиз,

Қанча даҳшат, балолардан ўтибсиз,

Бойқаро боғига бориб қўнибсиз,

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?”

Зум ўтмай бутун хонани Абдумурод аканинг овозига хос сокин кайфият қамраб олди. Ҳалигина бир-бирига ҳазиллашиб, шеърлашганда бир-бирига жўровозлик қилаётган шоирларнинг бари унинг юзига термилиб, аллақандай хаёлларга ғарқ бўлган эди. Абумурод ака эса мисоли бошқаларга эмас, ўзига, ўз-ўзига шеър айтиб бераётгандек бир нуқтага тикилганча шеър ўқишда давом этар, энди унинг зоҳири ва ботинидаги зиддият ҳам янада қабариб кўринаётгандек эди:

–“Аҳмад Зоирларнинг оҳи сиз билан,

Хабар айро тушди гоҳи сиз билан,

Ғофур Ғулом қизи – Моҳи сиз билан,

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?”

Мен нодон ҳам кўпчилик қатори унинг ним табассум акс этиб турган юзига термулиб ўтирар эканман, яна дунёни ўз калта қаричим билан ўлчаган, яна ҳаммани ўзимга ўхшатган, “шундай яхши истеъдод қишлоқда яшагани учун юзага чиқолмай қолиб кетибди-да”, дея унга раҳмим келганди ўшанда. Юзага чиқишга балки ўзи ҳаракат қилмагандир, балки ўзи ўч бўлмагандир шонга, эътирофга, балки ўз дунёсида ура-ураларсиз, бировга малол келмай, ҳеч кимга ўзининг борлигини сездирмай мана шундай тинчгина яшашни лозим топгандир, деган хаёл эса менинг тор тасаввуримдан анчайин йироқ, бунақанги инсонлар фақат китобларда бўлади, деб ўйлар эдим ўзимча.

–“Сизсиз баҳорлар ҳам баҳор бўлмади,

Тунлар етим қолди, ойлар тўлмади,

Адирларни қучиб Наврўз кулмади,

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?..”

Меҳмонлар уйларига тарқалишди. Кўз олдимдан Абдумурод аканинг синиқ табассуми, қулоқларимдан вазмин ва ғамгин овоз оҳанги кетмай қолди. Нимагадир фақат у киши ҳақида ўйлардим. Лекин адабиёт худди отамдан қолгандай, шунда ҳам у кишини катта адабиётга дахлдор санагим келмас, бундай ўртамиёна шоирлар жуда кўп, чиройли қилиб ўқий олгани учунам шеър менда илиқ таассурот уйғотган бўлса керак, деб ўз-ўзимга уқтирмоқчи бўлардим. Шундай бўлган ҳамиша: фақир инсонлардаги фазилатни тан олишдан кўра, уларнинг камчилигини кўришимиз осонроқ...

Кейин-кейин у киши билан телефонлашиб турадиган бўлиб қолдик. Асосан, Абдумурод аканинг ўзи телефон қилардилар-у, бироқ гапиргувчи мен, ака кўпроқ тинглашни маъқул топар эди. Гапимни тугатганимдан кейингина бир икки оғиз гап қўшиб қўяр, шунда ҳам гапиргани савол бўларди. Саволлари ҳам ўзига ўхшаган жўн эди. Жўн ва чуқур... Масалан, ўзимизнинг адиблардан кимнидир мақташга тушсам:

–Ўрисларнинг Толстойи бизда борми? – дея сўрарди. Мен жавоб беришга эмас, ўз фикримни ҳимоялашга киришиб кетсам:

–Французларнинг Балзаги-чи, бизда борми? – қўшиб қўярди, ўтлаб кетганимга беозоргина ишора қилиб.

Абдумурод аканинг ўша саволларини эслаб, рости, мен у кишининг аслида нима демоқчи бўлганини энди-энди тушунгандай бўламан. Ва ўйланиб қоламан. У кишида билим ҳам, истеъдод ҳам ўзига етарли даражада бўлгани тайин, лекин нимага менинг нақлипаст сўзларимни эшитишга бунчалар иштиёқ туйди экан? Нимага ҳатто мен маъносига ета олмаётган саволларни бериб, пойинтар-сойинтар жавобимни жимгина эшитиб ўтириши маъқул кўрди экан? Ўшанда дилидан нима хаёллар ўтган? Ким билсин... Ким билсин, балки айнан ўзида йўқ хислатларни: журъат ва ўзбилармонликни менда кўрганлари учун узоқроқ гапиришимни, хато бўлса ҳам узоқроқ валдирашимни истадимикан...

Абдумурод аканинг уйимизга қандай кириб келишлари ҳам охирги пайтда тез-тез кўз олдимдан ўтаётир. Мен ҳар қанча қувониб кутиб олмай, у киши дарвоза қоқиб келганидан хижолат тортаётганга ўхшар, худди келишига бирор баҳона шартдек, қўлтиғига талабалик даврида йиққан китобларидан икки-учтасини қистириб оларди. Ана, у киши олиб келган “Фауст”, “Уруш ва тинчлик”, “Телба”, “Абадият қонуни” каби ўнлаб дурдона китоблар халиям кутубхонамда тизилиб турибди. Булардан айримларининг янги чиққан нусхалари ўзимда олдиндан бўлса-да, буни Абдумурод акадан яширганман. Айнан шу китобни излаб юргандим, раҳмат, деганман кўнглига қараб. Бошқа қувроқ одам бўлса, эҳтимол, буни сезарди, бироқ Абдумурод ака менга жудаям керак бўлаётган китобни олиб келиб берганига ишонар, мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўларди.

Бир гал шифохонада даволанаётганимда у киши қўнғироқ қилиб, мен ётган шифохона манзили билан қизиқди. Билсам, ҳол сўрашга келмоқчи экан. Хонадошларим – 30-40 ёшлардаги икки эркак у киши билан бўлаётган суҳбатимизни қулоқларини динг қилиб эшитиб туришди.

–Ким?! – сўрашди, телефонни ўчиришим билан.

–Устозларимдан бири, – жавоб бердим мен.

–Қаерда ишлайди?

Муаллим дегим келмади.

–Шоир, – дедим, кимлар изимдан сўраб келишини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб, – Ўткир Ҳошимовларни танийсизлар-ку? Ўз даврида ўша инсонлар билан даврадош бўлган. Билим жуда кучли, миллий энциклопедиянинг муҳаррирларидан бири... Ҳозир, шу... Қишлоқда...

–Ўўў! Унда бир қўйни айириб, тенг ярмини пишириб келаётгандир?! – қорнини қашлаб, гапимни бўлди хонадошлардан биттаси.

Қовун туширганимни англаб, ўзимча уларни келаётган меҳмондан кўп нарса кутиш керак эмаслигига тайёрлаган бўлдим.

–Йў-ўқ... Қўй бўлмасаям, курками, товуқми... дегандай...

–Унда бугун абетга овқат буюртирмасак бўларкан-да?!

Иштаҳаси карнайлардан бўлмаганим учунми, ё бошқа бир сабабга кўрами, рости ғашим келди.

–Ўзларингиз биласизлар... – дея хонадан чиқиб кетдим. Орадан чамаси уч-тўрт соатлар вақт ўтган экан. Қўшни палатадаги отахонлар билан гурунглашиб ўтирган эдим, эшик тақиллаб, хонадошларим мени чақиришди.

–Устозинг келди, – дейишди, улар мен залга чиққанимда қовоқларини солиб. – Нимага “шоир” деб алдадинг, домилла экан-ку!

Тушундимки, булар шоирмисиз, деб сўрашса Абдумурод ака одатдаги камтарлик билан “йўқ, ўқитувчиман” деб рад этган. Нима қиларди-я, бир оғиз “шундай!” деб қўяқолса! Озроқ лоф қўшиб, қолганига ўзим гапнинг эвини келтирардим-ку!

Ёлғончига чиқиб қолганимдан кайфиятим бузилди. (Қизиғ-а, ёлғон гапиришдан уялмаймиз, лекин ёлғончи деб ўйлашларидан уяламиз?!)

–Ўзлари қаерда?

–Хонада. Қўлтиғида курка рангидаги китоб!

Икковининг ижирғаниб гапирганини кўриб, мениям хаёлимда гўё китоб ёмон нарсадай туйилиб кетди. Бордим. Абдумурод ака хонада ўша-ўша эски кийим-бошига яп-янги қалпоғи ярашмай, синиққина кулимсираб, мени кутиб ўтирган экан. Олдингидай илиқ сўрашолмадим. Хонадошларим олдида изза бўлганимдан аразлаган киши бўлиб, суюққина ҳол-аҳвол сўрадим. Иззатпарастликдан йироқ бўлганлари учун, эҳтимол, Абдумурод ака буни сезмаган чиқар. Бироқ ўшанда нимага бунчалар тубан кетдим, ўзим сира тушунолмайман. Ахир салкам отам тенги одам катта бошини кичик қилиб мени – битта тирранчани шунча ердан сўраб келганди, қувониб дўппимни осмонга отмайманми? Анави иккови ўзини қориндан бошқа ғами йўқ чўчқа деб ҳисобласа, мен ўзимни инсон дер эдим, о-озгина, зиғирдайгина бўлсаям кўнглим бор, деб юрар эдим-ку?! Қаёқда қолди, менинг давраларда алжиган “инсониятнинг бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган олий миссияси” каби баландпарвоз гапларим?! Энг алам қиладигани... Қани энди бугун шу инсоннинг ўзи, дийдори?..

Бошқа бир сафар эса, Абдумурод аканинг қачонлардир ёзган шеърларини туман газетасида ўқиб қолдим. Устоз Хуршид Даврон билан қўнғироқлашганимизда, у киши қишлоқда ижод қилаётган ижодкорларнинг яхши асарларидан виртуал кутубхонаси учун жўнатишимни сўрагани туфайли, ўша шеърларни кўчириб, расмсиз ҳолатда устознинг электрон почтасига жўнатдим. Кечаси жўнатган бўлсам, шеърлар эртасига тонгдаёқ сайтда эълон қилинибди. Яна денг, устоз Хуршид Даврон ажойиб шоирнинг ижоди билан таништирганим учун менга миннатдорлик жавоб хати қолдирган эдилар. Ўшанда шеърлари устоз Хуршид Давроннинг кутубхона сайтида эълон қилинганни эшитган Абдумурод ака бундан гўдак мисоли қувонган, қайта-қайта раҳматлар айтган ва бот-бот шеърлари аслида бунга арзимаслигини таъкидлаган эди. Кейинчалик ҳам у киши бу ишимдан миннатдор бўлиб, ҳар ерда гапириб юргач, менга туманимиздаги шоир-ёзувчи танишларнинг кўпчилиги битган-битмаган ижод намуналарини келтириб берадиган одат чиқарди. Менинг эса бу қораламаларни устозга жўнатишга юзим чидамай, қаердан ҳам Абдумурод акага шу ёрдамни қилдим, дуч келганга мақтанавериб бошимни балога қолдирди, деб жаҳлим чиқарди. Шу арзимас ишимни шунчалик арзитганини, шоирликка катта даъвоси бўлмаган бу инсон шеърлари эълон қилинганини эмас, аслида кичикгина одамгарчиликка гувоҳ бўлганини ҳаммага мақтаниб юрганини англашга эса, фаросатим жиндек камлик қилганди...

Мана, Абдумурод аканинг вафот этганларига ҳам бугун уч йилдан ошибди. Эҳтимол, у кишининг менга, сизга, ҳаммамизга айтадиган гаплари кўп эди, аммо нимагадир айтмади, барчасини ўзи билан бирга тупроққа олиб кетди. Аканинг 2001 йилда 500 нусхада чиқарилган, атиги бир ҳовуч шеърларни сиғдиролган “Ғамгин дарахт қўшиғи” номли юпқагина китоби қолди холос. Бирор “катта”га, ҳеч йўқ таниқлироқ шоир-ёзувчиларга ялтоқланиб борса кўплаб китоблари чиқиши мумкин эди-ю, у бундай қилмади. Ҳатто Ёзувчилар уюшмасининг эшигидан ҳам бир бор бўйламай умри ўтди, раҳматлининг. Ачинарлиси, ижодкор танишлари туман газетасида шеърларини эълон қилиш учун биттагина сифатли расмини излашган экан, уйидагилари топиб беришолмабди... Афсуски, Абдумурод аканинг атрофида йиғилган, ижодини, ўзини арзитмаган бефарқ инсонларни сўкишга юзим чидамайди. Чунки шу бефаҳм одамлар орасида ўзим ҳам борман!

“Ғамгин дарахт қўшиғи”даги саноқли шеърларни олдингидан ортиқроқ эътибор билан қайта-қайта ўқир эканман, мен ҳеч қандай оғриниш, ҳеч қандай малолни билмайдиган, бир умр ҳеч кимдан ҳеч нарса тиламаган Абдумурод аканинг ўз ҳассос қалбини шунча йил қаерга беркитганини англагандай бўламан. Ҳамда энг яқин кишисидан айрилиб, алланечук ёлғизланиб қолгандай аламзада ҳис этаман ўзимни.

Нега Абдумурод акани катта адабиётга дахлдор эмас, деб ўзимча ҳукм чиқардим, бунга қанчалар ҳаққим, қандай асосим бор эди, хўп, шундай ҳам бўлсин, майли, бироқ у кишини нимага шу пайтга қадар оддий инсон сифатида яхши кўра олмадим, ўз-ўзимни сира тушунолмаяпман. Тушунолмаяпман ҳам, кечиролмаяпман ҳам... Ким билсин, балки инсон айнан ўзи чин дилдан севган, лекин севишини англолмаган одамларга мана шундай баланд талаблар қўяр...

Гоҳида кечалари уйқум ўчиб, Абдумурод аканинг ўзлари ёзган ушбу мисраларни пичирлаб айтгим келади:

“Дўстим, кел тортинма,

Кирайлик уйга!

Дилга эзгу ҳислар

Тақиб қўяман.

Хона совуқ, агар

Чидасанг бироз,

Юрагимни ёқиб қўяман!..”

Абумурод ака! Ҳозир, айни фурсатда бўғзимни куйдириб, бўзлов бўлиб отилишга шай турган сўзларимни тириклигингизда юзингизга айтолмаганим учун мени кечиринг... Шунча талпинсангиз ҳам яқин дўст бўлолмаганим, қанча сабоқларингизни олиб, мана шу ёзиб турган битикларимда-да бир боргина “устоз” дея олмаганим... астойдил онт ичиб, барибир ўзимни тўлиқ фош қилишни истамаганим... бунга қўрққаним... ҳар жиҳатдан сизга ўхшолмаганим... ҳамма-ҳаммаси учун кечиринг!

✍️ Байрам АЛИ,«Китоб дунёси» газетаси.

Report Page