ДАЛА МЕҲНАТЧИСИНИНГ ШОДИЁНАСИ

Бу соҳанинг меҳнати қанчалик машаққатли ва нони шарафли эканлигини ер билан тиллашган инсонгина ҳис эта олади. Дала меҳнатчиси деганда кўз ўнгингизда ям-яшил бепоён далалар, гўркираб ўсаётган ниҳоллар,яшнаётган боғу роғлар, ноз-неъматга тўла дастурхонлар намоён бўлади. Йигирма йил хўжаликда тракторчилик қилиб, ғўза қатор ораларига ишлов берганман. 22 йилдан буён эса фермер хўжалиги раҳбариман. 42 йил ер билан тиллашиб, назаримда бугун қадр топгандайман. Мамлакатимизда деярли барча соҳа ходимлари касб байрамларини нишонлашарди-ю, биз қишлоқ хўжалик ходимларининг тантана қиладиган куни йўқ эди. Эътибордан бироз четда бўлганлигимиз рост. Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси аграр соҳа ходимлари куни эълон қилинганлиги қувончимизга-қувонч қўшди. Кейинги йилларда хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганлиги кучимизга-куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда. Қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгиланиб, уларни изчил амалга ошириб борилаётганлиги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Фермер хўжалигимизда 142 гектар лалми ва сувли ерлар мавжуд бўлиб, ҳар йил паҳта-ғалла етиштириш бўйича давлат шартномаларини ортиғи билан бажарамиз. Якуналанаётган йилда 50 гектар ердан 60 центнердан ғалла ҳосили йиғиштириб олдик. 45 гектар майдондан эса 155 тонна пахта ҳосили йиғиб-териб олиб, режани ортиғи билан уддаладик. 38 бош йирик, 80 бош майда шохли моллар бор. Оқработ қишлоғида яшовчи 18 нафар ёшларни доимий иш билан таъминлаганман. Ғалла ўриш комбайни, бешга яқин турли техника воситалари бор. Сутни, гўштни, мевани қайта ишлайдиган технологиялар келтириб, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. “Илғор фермер хўжалиги”, “Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланганман.
Ҳадемай йилимиз якун топади. Қиш фасли ўз ҳукмини ўтқазмоқда. Ана шундай қаҳратон кунларда ҳам деҳқон аҳли тиним нималигини билмайди. Унинг учун йилнинг бирорта фасли йўқки, иш топилмаса. У доимо далада, яйловда, фермада ёки қиру адирда ризқу насибасини териб юрган бўлади. Деҳқоннинг ҳалол меҳнатлари эвазига халқимиз ҳаёти йил сайин фаровонлашиб бораётир. Бозорларнинг гавжумлиги, дастурхонлар тўкинлиги, дала меҳнатчисининг фидокорона меҳнатлари туфайлидир.
Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан табригида таъкидланганидек, “Миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари дунёдаги энг шарафли касб эгаларидир. Бу гўзал эътироф ва эътибор барча дала меҳнаткашларини зиммадаги вазифаларни сидқидилдан бажаришга рағбатлантиради. Қишлоқ хўжалигининг залворли юкини ўз елкасида кўтариб, ҳалол ризқ териб юрган ўз касбининг усталари бўлган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторларни ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман. Ишонаманки, улар эл-юрт равнақи йўлида омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солган ҳолда янги-янги марраларни заб этаверадилар. Азиз умрини, сермазмун ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳаси билан, айниқса, саховатли заминимиз билан боғлаган фидойи ҳамкасбларимни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан табриклаётганимдан мамнунман.
Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам вилоятимиз аҳолиси фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман. Хирмонингиз баракали бўлсин, ҳеч қачон дард кўрманг, кам бўлманг. Масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Нурмат АШУРОВ,
Қамаши туманидаги “Нурмат ота” фермер хўжалиги раиси.