#ЦензураСиз: Блогерлар билан суҳбат.

#ЦензураСиз: Блогерлар билан суҳбат.

Қўшни Маҳалла

“Қўшни Маҳалла” телеграм каналимизда янги рукн - #ЦензураСиз: Блогерлар билан суҳбат.
Биринчи суҳбатдошимиз таниқли блогер - Нурбек Алимов.

Қ.М: Нима учун блоггер бўлишга қарор қилдингиз? Телеграм каналингизни қачон очгансиз ва нега бундай деб номланди?

Н.А: Аслида мен ўзимни блогер деб хисобламаганман, шунчаки бўлаётган воқеа ва ходисаларга ўз фикрларимни ёзиб борганман. Вақт ўтиши билан халқни ўзи менга блогер деган номни берди ва мен бунга рози бўлдим) 

Телеграмда канал очишга аввал қарши бўлганман ва канал очганларни ҳам телеграмнинг тўлиқ имкониятларини билмай туриб танқид қилганман, кенг даврадан тор доирага ўтиб кетишди деб. Аммо бу фикрларим хато бўлиб чиққан ва буни тан оламан.

Кўпчиликни тавсиясига кўра 2019 йил апрел ойида телеграм канал очдим. Каналимни номига келсак аввал уни "The Notorious Alimov" деб номлаган эдим. Бу бизни тилимизга халқона таржима қилсак "Ёмонотлиқ" дегани. Бу ўзига хос перфоманс эди.

Чунки кўпчилик мени чўрткесарлигим учун ёмон кўрар эди. Лекин бу ном орқали кўпчилик инглиз тилидан хабари йўқ инсонлар, мени нотариус-юрист деб ўйлаб ҳуқуқий ва нотариал соҳага оид саволлар бера бошлаган😂 Буни бошида нега бундай бўлаётганини тушунмаганман.

Тушуниб етганимдан сўнг шунчаки фамилиямни қолдиришга қарор қилдим. охирида иккита фф эса шунчаки бренд тариқасида Romanoff, Smirnoff, Davidoff, Nemiroff каби.

Қ.М: Телеграм канал очиб, келажакда пул ишлашни мақсад қилганмисиз? Бундай даромадга қандай муносабатдасиз?

Н.А: Абсолютно йўқ. Асл мақсадим ёшларга мотивация бериш, кўпчилик ёшларнинг консерватив қарашларини ўзгартиришга харакат қилиш, замонавий фикрлашга ундаш, дунёвий билимларга қизиқтириш ва албатта халқ дардини тинглаш ва олиб чиқиш эди.

Кейинчалик каналимда одам кўпайгач реклама агентликларидан таклифлар туша бошлади. Мен эса аввал чет элда яшаб ишлаб юрганимда китобхон ёшлар ўртасида Фейсбукда кўп танловлар уюштириб турар эдим. Электрон китоб ўқиш ускунаси (букридер) телефон, планшет, ноутбук, телевизор, фитнес браслетлар ва албатта китобларни соврин қилиб ёшларни китоб ўқишга рағбатлантириш билан шуғулландим.

Бир нечта ҳайрия проектларим бор, болалар уйи, ногирон болалар интернатига ҳайриялар қилиб тураман ва мен хечқачон каналимда бу ишлар учун халқдан пул йиғмаганман, ўзим ва мен каби чин дилдан яхшилик истаган яқин инсоним билан бу ишларни амалга ошириб келдик.

Балки бу нарсаларни гапиришим мақтанишга ўхшаб туюлиши мумкиндир лекин каналимда реклама чиқариш бўйича тушадиган маблағларни ҳам тўлиқ ҳайрия ишларига йўналтираман. Хатто интернет сайтларидан оладиган гонорарларимни ҳам. Блог орқали пул ишлашга эса қаршимасман у пулларни ўзига ишлатадими, ҳайрия қиладими фарқи йўқ. Пулларни ёмон йўлга сарфламаса бўлди)

Қ.М: Сиз ҳар доим ўз постларингизда очиқчасига иш тутасизми ёки танқиддан қўрқиб, жамоатчилик фикригабўйсунасизми? Жамоатчилик фикрига қай даражада таъсир қиласиз деб ўйлайсиз?

Н.А: Тўғри, баъзан "хайповый" нарсалар ортидан қувган пайтим ҳам бўлади буни тан оламан. Лекин мени ўйлашимча мени узнетдаги энг "противоречивый" блогер деб билишади ва мен айтган гаплар аудиторияга ҳамиша хам ёқавермаслиги мумкин.

Лекин мен ҳамиша ўз принципларимга содиқ қоламан. Булар: Заказ мақола ёзмаслик. Бошимга қилич келса ҳам хақиқатни сўзлаш. Оммавий фикрга таъсиримга келадиган бўлсак буни мендан кўра АОКА ни мониторинг бўлими яхшироқ билса керак)

Қ.М: Блоггер ва журналист ким? Цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш каби тушунчалар мавжуд, ижодкор учун буларни қай бири кўпроқ хавфли?

Н.А: Блогер бу мен сиз, қўшним Эшмат. Яъни интернетда ўз фикрига эга бўлган ва хеч бўлмаса уни фикрларига оммавий қизиқиш бўлган инсон бу Блогер. Блогер Бу асосан ўз фикрлари билан бўлишадиган инсон. У пазандачилик, саёҳат, ньюсмейкинг, инсай хабарлар берувчи бўлиши мумкин лекин уни асосий ютуғи эркинликда. Уни устида мухаррир йўқ, бошлиқ йўқ. Кўрсатма берадиган одам йўқ шунақа материал тайёрла деб.

Журналист эса бу профессионал касб аввало. Бизда унинг имкониятлари бир мунча чекланган ва айнан шунинг учун ҳам айрим профессионал журналистларни хозир халқ блогер деб билади бу аслида унизительный нарса. Агар эркин журналистика бўлганида хозир блогерларга умуман эхтиёж қолмас эди. Биздаги блоггинг "буми" аслида информацияга оч халқ эхтиёжларини қондира олмасликдан келиб чиққан эволюцион феномен. 

Қизиқ савол. Буни томири жуда чуқур аслида. Чунки самоцензура қаердан келиб чиқади? Албатта тотал цензурадан қўрқишдан биринчи навбатда. Чунки мана бу гапим қайсидур каттанинг жиғига тегиб қўйиши мумкин деб инсон ўзини ўзи цензура қила бошлайди ва унинг миясида айланаётган қўрқув хисси ёзган нарсасидан айрим нозик ерларини олиб ташлашга ундайди.

Самоцензурани ижтимоий варианти бўлиб ўзини фикри аслида бошқача бўлсада аудиторияга берилаётган материал ни халқ "ейиши" учун ҳам ўқувчиларни жахлини чиқариши мумкин бўлган айрим фикрларини ташлаб кетиш. Бунда ижодкор ўзлигини йўқотади, биринчи холатда эса ташқи таъсирга мойил бўлиб қолади ва ўзлигини буткул йўқотади. Шунинг учун Цензура хавфлироқ.


Қ.М: Тролл ким, уни қандай таниб олиш керак? Ва қандай қилиб унинг қурбони бўлмаслик мумкин? Ўзбекистонда трол фабрикалари борми?

Н.А: Троль бу интернет оламида маълум бир идеология, мақсадлар йўлида халқ онгини манипуляция қилишга қаратилган интернет фойдаланувчилари.

Аслида уларни 10 та профилини битта одам бошқариши мумкин. Тролларни тушуниш учун уларни профилига кириб кўришни ўзи кифоя. Асосан янги очилган, профилида хечнарса ёзилмаган ва комментлардаги саволингизга ё гапингизга жавоб бермайди (чунки у профилдан чиқиб бошқа профилига киириб олдинги профилини гапларини лайклаётган бўлади) Тролларни жертвасига айланмаслик учун аввало инсонни ўз шахсий фикри бўлиши керак, атрофдаги воқеа ходисаларни анализ қила билиши нима аслида нималигини фарқлайй олиши керак. Ўзбекистонда троллар фабрикаси борми? Алимофф каналини ўқиб туринг)

Қ.М: Хайп нима? Сиз бу "уятли" нарсани қанчалик тез-тез қиласиз?

Н.А: Хайп бу оммавий қизиқиш келтириб чиқариши мумкин бўлган, атайдан уюштирилган ёки трендга чиқиб кетган мавзу. Мен кўпинча провакацион постлар қилиб тураман, буларни аксари экспериментлар ва анализ учун.

 Бошқарув социологияси ва психологияси йўналишида ўқиган пайтларимдан бошлаб шунақа экспериментлар кўп қиламан. Булар ўзим учун анализ хулосалар учун. Шу пайтларда ха хайпожорга айланиб қолсам керак. Хайп ортидан қувмайдиган блогер йўқ. Блогер ва хайп сўзи аслида олов ва ўтин кабидир)

Қ.М: Сиз маълумотни қаердан оласиз? Сиз кимларни ўқийсиз?

Н.А: Мен актив блогер сифатида кўп блогерларни ўқийман (Аслида шунчаки ўқишга мажбкрман қаерда нима гап деган йўналиш бўйича) а так овозини ўчириб қўймаган каналларим булар Тролл.уз, Асанов Формати ва Дарё.уз.

Ундан ташқари менда ўқувчиларим билан тўғридан тўғри алоқа мавжуд хатто бот орқали эмас, ўз профилим орқали. Ва ҳаммага имкон қадар жавоб беришга харакат қиламан. Информациялар ўқувчилардан кўпроқ келади. Инсайд хабарлар эса ўз инсайдерларимдан)

Қ.М: Сизга ёзган материалларингиз учун таҳдид қилишганми? Шу туфайли бирон бир постни ўчириб таашлаганмисиз?

Н.А: Ха угрозалар асосан консерватив диндор қатламидан бўлган. Каналимда бир гуруҳ ёшлар энтузиазм билан Профессор Ювал Ноа Харарининг "Сапиенс: Инсониятнинг қисқача тарихи" деб номланган асарини тўлиқ ўзбек тилига таржима қилиб жойладик. Шундан кейин менга тахдидлар бўла бошлади.

Хатто мени адресимни топиб берган одамга 1000 доллар ваъда қилганлар ҳам бўлди)) Бў йўлингдан қайт дўзаққа тушасан деганлар ҳам, чиройли сухбат орқали бу китобни таржимасидан қайтармоқчи бўлганлар ҳам бўлди. Чунки улар эволюция назариясига қарши инсонлар, хозир мактабларимизда ҳам эволюция назарияси инсон келиб чиқишининг асоси сифатида олиб ўтилади аслида.

Сўзга сўз билан эмас мушт билан жавоб бергиси келадиган одамлар кўп. Аслида бизда давлат томонидан эркин фикрни тўсилишиданам кўра жамият томонидан тўсишга уруниш кўпроқдек назаримда. Лекин давлат идоралари ёки мансабдор шахслар томонидан менга хозиргача тазйиқ бўлгани йўқ. 

Мен хечқачон ўз постларимни қўрқитишгани учун ўчирмаганман. Ўчирган бўлсам актуаллигини йўқотган постлар ёки нотўғри хабар кетиб қолган постларни, мен ёзгунимча бошқа каналларда чиқиб бўлган постларни ўчирганман. Оргиналикка интиламан имкон қадар. Шунинг учун мени каналида бошқа каналлардан форвард қилиш (сўровномалардан ташқари) йўқ.

Қ.М: Сизнингча, сизни ёқтирмайдиган хейтерлар кўпми? Танқидга муносабатингиз қандай? Салбий шарҳларни ўчирасизми?

Н.А: Мени каверимда "Менга янги хейтерлар беринг, эскилари мухлисларга айланиб бўлишди" деган Златан Ибрагимовичнинг машхур гаплари туради) Хейтерлар аввал кўп эди жуда, чунки ўзим ҳам анча ёш ва қизиққон эдим. Тоқатсиз, сабрсиз, эгоист.

Лекин йиллар ўтган сари хатоларингдан хулоса чиқариб бораверсанг инсон сал ўзини йиғиштириб олади. Хейтерларга эътибор бермай қўяясан. Мен ўзимни ўзим ҳам устимдан кулишими мумкин, ўзимни танқид қилишим мумкин, хато қилсам узр сўрашни ор деб билмайдиган бўлдим, бу нарсага эга бўлган одам вербально бессмертный бўлади))

Аввалги кўп хейтерлар хозир ростан ҳам хурмат қилишади, узр сўраганлар ҳам бўлган. Бир пайтлар Хаксли ва Оруэлни бир биридан фарқи бўйича бир мақолани инглиз тилидан таржима қилиб ёшларга тушунарлироқ бўлиши учун унга ўз фикрларим ва изоҳларимни қўшиб блогимга қўйган эдим ва манбасини кўрсатмаганман.

Шу туфайли ҳам ўзимга хейтерлар орттириб олганман.)) Аслида мақсадим шунчаки яхши материални ёшларга улашиш эди билим олишлари учун, мени эса плагиатда айблашган. Албатта бу нарса дилни хира қилади. Ўзимда ҳам айб бор. Мен у нарса орқали пул топмасам, бирор мафаат кўрмасам, қидирган манфаатим ёшларга билим улашиш бўлган.

Бундан албатта тегишли хулоса чиқарганман, хозирда дарё.уз сайтида китобларга таҳлиллар ёзиб бораман ва улардаги флешбек, таҳлил ва хулоса қисмлари ўзимга тегишли юз фоиз. Бунинг учун мен пул оламан ва ишимни сидқидилдан бажараман. Асардан иқтибослар ва қизиқарли фактларни интернетдан оламан. 

Критика ўзи аслида хечкимга ёқмайди) Лекин хозир танқидларга максимал тушуниб ёндошишга харакат қиламан, балки 10 йилдан кейин 40 га кирсам уларни янаям спокойныйроқ қабул қиларман. Комментларда хақоратлар, ёлғон ва асоссиз гапларни ўчираман. Конструктив танқидий гапларни ўчирмайман.

Қ.М: Ҳамкасбларга бўлган муносабатингиз қандай? Ким билан қўл бериб кўришшишга тайёрсиз ва ким билан бир дастурхон атрофида ўтирмаган бўлар эдингиз?

Н.А: Провакацион савол!😂 Албатта ўзим инсон сифатида ёқдирган блогерлар кўп. Элдар Асанов, (Асанов формати) Нозим Сафари, (Сафари) Мирзаёр Эркинов, (Сомсамураи) Нуржаҳон Фармонов, (Фармонофф) Фируз Аллаев,(Етим тадбиркор кундалиги) Рустам Ашуров, (Микрофон Ашуровда) Акмал Аминов, (Аминов таҳлили) Адҳам Арсланов, (Журналист Фикрлар чорраҳаси) Исмоилжон Туропов (Банкир.уз) лар билан ҳамиша қучоқ очиб кўришишга тайёрман (кўришдигам)) Бир дастурхон атрофида ўтириб. 

Кўришишим мумкин бўлган блогерлардан Умид Гафуров, Азиза Умарова (да да😂) Шуҳрат Шокиржонов, Давлетов, Бакиров, Дима Қаюм, Темурмалик Тожжидинзода, Жамшид Нурқул, Жамшид Муслимов, Зафар Солижонов, Озод Хадиев. Абу Муслим)) ва бошқа кўплар.

Мен хечқачон қўлимни узатмайдиган блогерлар йўқ назаримда. Харқандай инсон билан бир биримизни тушунишимиз мумкин, фақат айримлар билан умуман кўришишни хоҳламаслигим мумкин ва бунда мени айбим йўқ деб ҳисоблайман. Чунки хоҳиш йўқ нарсага инсон ўзини мажбурлаши спортдан бошқа нарсада иш бермайди.

Қ.М: Нима учун Европа мамлакатларида журналист ёки блоггерни қамашса оддий қабул қилинади, лекин бу нарса МДҲ давлатларида "сўз эркинлиги" га қарши босим ва ҳужум деб қиёсланади?

Н.А: Чунки бизни постсовет худудида хамиша сўз эркинлиги СССР давридан бери тўсиб келинган. Ўзбекистонда ҳам Шавкат Мирзиёев президент бўлгач бу борада сезиларли ўзгаришлар бўлди. 

Олдин цензура қаттиқ эди ва халқ қўрқувда яшаган. Европада журналистни суд қилишса по факту қилган жинояти учун суд қилиши мумкин бизни постсовет худудида эса ўша олдинги бекраунд сабабли инсонлар онгида журналист ёки блогерни ўғирлик ёки талончиликда реал фактлар билан ушлаб олишса ҳам бу ерда бир гап бор деган гаплар болалайди халқ орасида чунки бизда априори сўз эркинлиги бўлмаган.

Масалан Россиядаги Голуновни олайлик, унга ростдан ҳам журналистик суруштирувлари сабаб наркотик ташлаб қўйишди ва у оқланди. Уни қамаб юборишмоқчи эди шу йўл билан. Мана шундай воқкеалар жуда кўп бўлаверганидан постсовет аҳолисини аксар қисмининг онгида журналистни қамашяптими демак бу ерда бошқа гап бор деб қарай бошланади.

Аслида реал жиноят қилган журналист, блогер ва активист ҳам ўз жазосини олиши керак, бизни шохимиз йўқ, лекин бу нарса очиқ ошкора бўлиши керак. Ими жимида касалхонага тиқиб юборилган блогер ёки қамаб юборилган журналист бўйича халқда савол туғулаверади ва аниқ информация бўлмагач шундай норозиликлар келиб чиқаверади. Мен хозир масалан Европада журналистни нохақ қамалишини тасаввур қила олмайман. Пост совет худудида эса тасаввур қила оламан. Мана гап нимада.

Қ.М: Вазиятни тасаввур қилинг, сиз катта аудиторияда. Барча, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ҳокимлари сиз учун тўпланган ... уларга нима дейсиз?)

Н.А: Хаа хора...😂 Буни ўйлаб кўриш керак ва обдон тайёрланиб бориш керак. Биринчи навбатда мансабдор инсонни фаолияти бойлик орттириш эмас тарихда қолиш учун танланишини тушунтирардим.

Ҳамма 50 ёшдан тепа ёшлиларни ишдан кетиб мемуарлар ёзиб набираларни боқиб ўтиришни маслаҳат берардим. Халқ президент сиёсатидан қачонки хокимлар ишидан қониққандагина мамнун бўлишини тушинтирган бўлардим.

Қ.М: Сиз учун ҳақиқий журналистнинг намунаси ким?

Н.А: Марсель Пруст, Жорж Оруэлл, Жон Ли Андерсон, Гленн Гринвальд, Роберт Фиск, Сергей Доренко, Анна Политковская, Элдар Асанов.

Қ.М: Нима учун Ўзбекистондаги барча блоггерлар сиёсий мавзуларда ёзишмоқда? Нима учун саёҳат блоггерлари, бюти блоггерлар ва бошқалар йўқ?

Н.А: Чунки бу бизда хозир энг актуал ва табуси олинган мавзу. Аслида тревел, бюти ва ньюсмейкинг блогерлар аввалги даврда ҳам бор эди. Сиёсий блогерлар эса йўқ. Демак, бошқа соҳалар бўйича эхтиёжлар қондирилиб келинган ва айни сиёсий мавзуларга бўлган эхтиёж қондирилмаганлиги сабабли, талаб кўплигидан шундай бўлиб қолди.

Қ.М: Сизнингча, бизда Киселев ёки Соловёв кабилар борми? Агар шундай бўлса, бу одамлар кимлар?

Н.А: Менимча ҳа. Мен ўйлайманки булар Шерзод Қудратхўжаев ва Мухаммаджон Обидов




Report Page