Cамарқандлик йигит “телеграм” орқали террористларга қўшилиб, қўли қонга ботди

Cамарқандлик йигит “телеграм” орқали террористларга қўшилиб, қўли қонга ботди

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

1994 йил Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган Шерзод Анваров 2016 йилнинг март ойида ишлаш учун Россия Федерациясига боради ва у ерда ижтимоий тармоқлар орқали бир нечта аккаунт эгалари, хусусан, “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти аъзоси бўлган Нусратулло исмли шахс билан танишади. Натижада Нусратулло тарғиб қилган, соф ислом динига зид бўлган ақидапарастлик ғоялари унинг онгу шуурини заҳарлайди.

2016 йилнинг октябрь ойида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам у Нусратулло билан мунтазам алоқа қилиб, тегишли кўрсатмалар олиб туради.

2017 йилнинг апрель ойида Шерзод Анваров “Тошкент – Истанбул” авиарейси орқали Туркияга боради.

Туркияда у “Телеграм” тармоғи орқали Нусратулло билан боғланади. Нусратулло эса унга қирғизистонлик Абдулло исмли шахснинг Истанбул шаҳри Яникапий мавзесидаги уйига бориши лозимлигини айтади ва Шерзод ўша хонадонга боради. Абдулло эса уни Эрон орқали Афғонистонга юбориш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.

2017 йилнинг май ойида Теҳрон шаҳрига борганида Ш.Анваровни Омонулло исмли шахс кутиб олади ва унга Муҳаммад Анвар Набий исм-шарфи билан сохта ҳужжат тайёрланишини, Афғонистонга кетиш вақтида ўзини соқов қилиб кўрсатиб, ҳеч ким билан гаплашмасдан кетишини тайинлайди.

Бир гуруҳ қочоқлар билан бирга Шерзод Анваров гўё афғон фуқароси сифатида Афғонистонга ўтганида, уларни “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилотининг Шимолий Хуросондаги амирлари кутиб олади.

Таъкидлаш лозимки, Шерзод Анваров “Ислом Давлати - Хуросон вилояти” террористик гуруҳи жангарилари сафида қуролли ҳаракатларда қатнашиб, қўли қонга ботади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Афғонистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли Шерзод Анваровнинг қабиҳ ишларига чек қўйилди ва 2018 йилнинг ноябрь ойида у Ўзбекистонга қайтарилди.

Эндигина 25 ёшни қаршилаган Шерзод Анваровнинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида атрофлича кўриб чиқилди ва Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

"Шерзод Анваров каби ёшларимизнинг интернет тармоғи орқали экстремистик оқимлар ёки террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолиб, тинч-осойишта Ватанни ташлаб, ота-она бағрини ҳувиллатиб, уруш ўчоқларига бориши ва аччиқ қисматга гирифтор бўлиши, умид қиламизки, бошқаларга сабоқ бўлади".

Манба: ЎзА., Аср.уз

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g




Report Page