Cамарқандда яроқсиз дори воситалари йўқ қилинди

Cамарқандда яроқсиз дори воситалари йўқ қилинди


Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан суд ҳужжатларига асосан, сифатсиз, муддати ўтиб кетган дори маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича муайян олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, судлар томонидан тақдим қилинган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандларига асосан, сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоят божхона, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Самарқанд “Дори-дармон” акциядорлик жамияти омборхонасида сақланаётган, жиноят иш материаллари бўйича ашёвий далил сифатида қайд этилган 224 турдаги тиббиёт уколли ампула дорилар, “Клексан 4000 Анти ХА/МЕ 0,4 мл”, “Клексан 6000 Анти ХА/МЕ 0,6 мл”, “Клексан 8000 Анти ХА/МЕ 0,8 мл”,  нитрат кислота, глицирин ва бошқа дори воситалари сифати кафолатланмаганлиги учун қурилиш чиқиндилари полигонида ташкил этилган куйдириш печида йўқ қилинди. 

Шунингдек, қиймати 25 млн. сўмлик ноқонуний кириб келган тамаки маҳсулотлари ҳам тадбир давомида йўқ қилинди.

Ҳеч бир тадбиркор, айниқса, пандемия шароитида яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки сифатсиз дори воситалари сотилишига йўл қўймаслиги лозим. 

Элмурод КАРИМОВ,

Мажбурий ижро бюроси

Самарқанд шаҳар бўлими

давлат ижрочиси.




Report Page