Фарғонада “Саломатлик куни” тадбирлари уюшқоқликда ўтказилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрь куни қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари томонидан Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, 30 январь – шанба куни Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, жисмоний тарбия ва спорт бўлими, ўзбек жанг санъати федерацияси туман вакиллари билан ҳамкорликда “Саломатлик куни” тадбири намунавий сценарий асосида ташкил этилди.

Хусусан, тумандаги барча оилавий поликлиникаларда 3 тадан тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, маҳаллаларда фуқароларга соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик борасида тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Туман марказий ўйингоҳида "Соғлом ҳаёт сари – 5000 қадам" шиори остида оммавий гимнастика ва фаол юриш машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, истироҳат боғида соғлом овқатланиш ярмаркаси ташкил этилиб, мутахассислар томонидан йиғилганларга жисмоний фаолликнинг аҳамияти, овқатланиш тартиблари ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш мавзуларида тушунчалар берилди.
Бундай ярмаркалар тумандаги ҳар бир оилавий поликлиникада ташкилланди.

Шу куни Ўзбекистон туманидаги 76-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳудудида ҳам ана шундай тарғибот тадбирлари намунали тарзда ўтказилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.