COVID-19ГА ҚАРШИ ВАКЦИНА БИЛАН ЭМЛАНИШ КАСАЛЛИКДАН ҲИМОЯЛАНИШ ИМКОНИЯТИДИР

COVID-19ГА ҚАРШИ ВАКЦИНА БИЛАН ЭМЛАНИШ КАСАЛЛИКДАН ҲИМОЯЛАНИШ ИМКОНИЯТИДИР

@sanepidxizmat

Япония ҳукумати COVAX механизми орқали Ўзбекистонга COVID-19га қарши 200 000 дозадан ортиқ вакциналарни тақдим этди

Бугун Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Республика вакцина сақлаш омборхонасида Япония ҳукумати COVAX механизми орқали Ўзбекистонга COVID-19га қарши вакцина тақдим этилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.


Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумба, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев, ЮНИСЕФ ташкилоти вакиллари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ва бошқа масъуллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

COVID-19га қарши давом этаётган кураш доирасида Япония ҳукумати бугун Ўзбекистонга 200 минг дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини тақдим этди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки вакцинани етказиб бериш COVAX механизми орқали ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилди.

– Япония Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини, жумладан замонавий тиббий ускуналар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан заиф қатламларига ёрдамини доимо қўллаб-қувватлаб келади, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма. – Ҳозиргача биз Ўзбекистонда COVID-19га қарши курашиш учун жами 10 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратдик. Бугун Япония Ўзбекистон халқи учун қимматли вакциналарни етказиб берувчи давлатлар гуруҳига қўшилганини эълон қилишдан жуда мамнунман.

У, шунингдек, ушбу ёрдам Ўзбекистонда халқининг соғлом турмуш тарзига кўмак беришига ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайдиган икки давлат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади деб умид билдирди.

Япония ҳукуматининг беғараз ёрдами вакцина етказиб бериш ва тарқатиш бўйича глобал механизм доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу вакциналар ҳозирги вақтдаги таъминот тақчиллигини юмшатиш ва, энг муҳими, янги вариантлардан ҳимоя қилиш ва мақсадли гуруҳларга эмлашни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун олинган вакциналар билан ҳисоблаганда Ўзбекистонга етказиб берилган COVID-19га қарши вакциналарининг умумий сони 61 миллион дозага етди. Бундан ташқари, ЮНИСЕФ шприцлар, хавфсизлик қутилари ва шахсий ҳимоя воситалари каби хавфсиз эмлаш воситаларини харид қилди ва етказиб берди.

COVAX механизми доирасида, ЮНИСЕФ 2022 йил ўртасига қадар яна 24,6 миллион доза COVID-19га қарши вакциналарини етказиб беришни режалаштирган.

– Ўзбекистонда эмлаш кампанияси давом этар экан, бутун дунё бўйлаб вируснинг янги турлари пайдо бўлмоқда ва бундай хайриялар Ўзбекистон халқи учун ўз вақтида бўлб, ҳаётий аҳамиятга эга, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумба. – Ўзбекистон халқи билан доимий бирдамликни намойиш этгани учун Япония ҳукуматига чиқур миннатдорчилик изҳор этамиз.

Ўзбекистонда ЮНИСЕФ мамлакат ҳукуматини COVID-19га қарши вакциналар билан таъминлаш ва эмлаш бўйича миллий режани ишлаб чиқишда, шунингдек, аҳолини COVID-19 билан боғлиқ хавф-хатар тўғрисида хабардор қилиш ва вакциналарга талабни шакллантиришда қўллаб-қувватлади.



ЮНИСЕФ дунё миқёсида COVAX доирасида вакциналарни етказиб беришни ташкил қилмоқда. Ўзбекистонга етказилган вакциналар мамлакатда инфекцияни юқтириши ва COVID-19дан оғир касаллик ривожланиши хавфи юқори бўлган аҳолини эмлаш бўйича саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшмоқда.

COVID-19га қарши вакцина билан эмланиш касалликдан ҳимояланиш имконияти демакдир.

 

Санэпидхизмат Матбуот хизмати

 

 

Report Page