ЦИЦЕРОН

ЦИЦЕРОН


Марк Туллий Цицерон (мил. авв. 106–43 йй.) – Қадимги Римнинг энг кўзга кўринган давлат арбоби, юрист, сиёсий назариётчи ва нотиғи сифатида тарихда қолган. Унинг сиёсий карьераси Рим Республикасининг энг инқирозли даврига тўғри келди. Цицерон нафақат консуллик даражасига кўтарилган сиёсатчи, балки Рим Республикасининг анъанавий тузумини ҳимоя қилган ашаддий конституционалист эди. Унинг сиёсий фаолияти Юлий Цезарнинг диктатураси ва фуқаролар урушлари даврида республика тартибларини қайта тиклашга қаратилган эди.

Цицерон ёшлигиданоқ «доимо биринчи бўлиш» тамойилига амал қилиб, Римдаги юқори сиёсий мартаба ва обрў-эътиборга интилган. Унинг сиёсатга кириш йўли Римнинг анъанавий давлат хизмати пиллапоялари орқали кечди.

Мил. авв. 61 йилда Юлий Цезар Цицеронни Помпей ва Красс билан биргаликда «Биринчи триумвират» таркибига киришга таклиф этган. Бироқ, Цицерон бу таклифни қатъий рад этди. Унинг фикрича, бундай норасмий иттифоқ республика конституциясини заифлаштирар ва шахсий диктатурага йўл очар эди.

Сиёсий собитқадамлиги учун у мил. авв. 58 йилда демагог Публий Клодий томонидан қувғин қилинди. Қувғиндан қайтгач ҳам, Цицерон республика институтларини сақлаб қолиш учун курашни давом эттирди. Милонни ҳимоя қилиш орқали у сиёсий зўравонлик ва қуролли тўдалар бошқарувига қарши чиқди.

Фуқаролар уруши даврида Цицерон Помпей тарафида бўлди, лекин иккала томоннинг ҳам зўравонликка мойиллигидан ҳафсаласи пир бўлди. Цезарнинг мутлақ ҳокимияти даврида у Сенатдан узоқлашиб, фалсафий асарлар ёзишга киришди. Унинг мақсади Рим ёшларини республика қадриятлари руҳида тарбиялаш эди.

Цезарнинг ўлимидан сўнг Цицерон яна сиёсий майдонга қайтди ва Сенатнинг ҳақиқий раҳнамосига айланди. У Марк Антонийни республиканинг энг катта душмани деб билди. Антоний, Октавиан ва Лепид «Иккинчи триумвират»ни тузиб, Цицеронни давлат душманлари рўйхатига киритдилар.

Мил. авв. 43 йил 7 декабрда Цицерон Марк Антонийнинг буйруғи билан ўлдирилди. Унинг боши ва қўллари Рим Форумидаги у нотиқ сифатида сўзлаган минбарга михлаб қўйилди. Бу ҳодиса Рим Республикасининг маънавий ва сиёсий ўлимини англатар эди.

У ўзининг сиёсий қарашларини «Республика», «Давлат ҳақида», «Қонунлар ҳақида» ва бошқа асарларида баён этган.

Цицероннинг сиёсий қарашлари асосида қуйидаги фундаментал ғоялар ётади:

1.  Қонун устуворлиги: Ҳар қандай ҳокимият қонун доирасида бўлиши шарт.

2.  Эркинлик: Бу фақат диктатуранинг йўқлиги эмас, балки фуқароларнинг республика бошқарувидаги иштирокидир.

3.  Табақалар келишуви: Сенат, отлиқлар ва халқ ўртасидаги уйғунлик давлат барқарорлигининг асосидир.

4.  Гуманизм: Сиёсат ахлоқий тамойилларга ва инсон қадр-қимматига асосланиши керак.

Платон ва Аристотель каби Цицерон ҳам давлат одамлар фаровонлиги учун тузилади деган тушунчага таянган. Давлат – умумий манфаатлар билан бирлашган «халқ мулки» бўлиб, у инсонларнинг биргаликда яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади. Унинг фикрича, бу ҳолат инсоннинг ижтимоий мавжудот сифатидаги табиатига тўла мос келади.

Цицерон давлатнинг асосий вазифаси алоҳида шахслар, шунингдек, жамиятнинг турли қатламлари ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат деб ҳисоблаган. Бундай шароитда инсонларнинг турли эҳтиёжлари янада тўлароқ қондирилади, бу эса ўз-ўзидан улкан неъматдир.

Цицерон ўзига маълум бўлган давлат шаклларининг (монархия, аристократия ва демократия) ҳеч бирига мутлоқ устунлик бермайди. Уларнинг ҳар бири давлатнинг у ёки бу вазифасини бажаришга имкон берадиган ижобий томонларга эга. Масалан, монархия ёки подшоҳлик ҳокимияти марҳамат билан ўзига тортади (Подшоҳ ўз фуқароларига ўз фарзандларидек ғамхўрлик қилади), аристократик ҳокимият – донолик билан, демократия эса – эркинлик билан ажралиб туради. Шу билан бирга, Цицерон давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг ўзига хос маънавий асоси сифатида динга мурожаат қилади.

Платон каби Цицерон ҳам муносиб сиёсий арбоб сиймосини чизиб беради: у бошқаларга буйруқ берар экан, ўзи ҳеч қандай эҳтиросга (очкўзлик, ҳокимиятпарастлик, шуҳратпарастлик) қул бўлмайди; у фуқароларни ўргатадиган ва чорлайдиган барча нарсаларни ўз вужудига сингдиради ҳамда халққа ўзи бўйсунмайдиган қонунларни мажбурлаб ўтказмайди. Цицерон адолатли қонунлар муаммосини ўртага қўяди ва ўзича ҳал қилади. У адолат ҳар қандай қонунчиликнинг ижтимоий-ахлоқий асоси бўлиши кераклигини таъкидлайди. Цицерон «иллатларни тузатишга», шунингдек, «фазилатларга ўргатишга ва уларга ундашга» қодир бўлган адолатли қонунларнинг ижтимоий аҳамиятини ҳар томонлама очиб беради.


Report Page