Инвестиция лойиҳалари янги корхоналар фаолиятига замин яратмоқда
ЧИНОЗ ТУМАНИ
Бугунги кунда вилоятимиз тасарруфидаги барча туман ва шаҳарларга инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларда янгидан-янги корхоналарни барпо этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айтиш жоизки, инвестиция жозибардорлигини ошириш соҳада улкан имкониятлар эшигини очиб бериш билан бир қаторда аҳоли учун янги иш ўринлари ташкил этилиши, қўшимча даромад манбаининг ортиши ҳамда иқтисодиёт ривожи учун хизмат қилади.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ҳам инвестиция лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши аҳоли учун қатор қулайликлар яратиб, ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг яхшиланиши йўлида замин яратмоқда.
- Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 2020 йилда умумий қиймати 860млрд сўм ҳажмдаги 21 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган эди. Жорий йил бошидан ҳозирга қадар ушбу ҳудудда умумий қиймати 35млрд. сўм ҳажмдаги 7та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, улар асосида 112 та иш ўринлари ташкил этилди. Бу эса туманда инвестиция муҳитининг янгиланаётганлигидан далолат бериб турибди,- дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов. - Жараённи рақамлар таҳлилида олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилда туманда қишлоқ хўжалиги йўналишида 3 та лойиҳа асосида 22 та иш ўрни яратилган бўлса, саноат соҳасида бу кўрсаткич 4 та лойиҳа асосида 88 та иш ўрни ташкил этилганлигини кўриш мумкин.
Чиноз туманида жорий йил якунига қадар 21 та лойиҳа асосида жами 3000 та иш ўрни ташкил этилади.
-Таъкидлаш жоизки, бугун тадбиркорларимиз томонидан яратилаётган ҳар битта иш ўрни ўзига хос аҳамиятга эга. Чунки, бугун жойларда аҳоли бандлигини самарали ташкил этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалалардан бирига айланган. Шундай экан, қўшимча битта иш ўрни яратилди дегани жамиятимиздаги бир хонадон аъзоси ишли бўлиб, оила бюджетига қўшимча даромад манбаи киритиши учун имконият яратилди деганидир,-дейди Ж. Абдусаломов.
Жумладан, туманда янги инвестиция лойиҳалари асосида ишга туширилган истиқболли корхоналардан бири "CHINOZ MUSAFFO PARRANDA" МЧЖ корхонаси паррандачилик комплексини ривожлантириш йўналишида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу лойиҳа тадбиркорнинг 1 млрд.сўмлик ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган бўлиб, унда 2 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, ҳудудда “АYTBOZIM” МЧЖ чорвачилик хўжалиги ташкил қилиш лойиҳаси асосида 10 та иш ўрни, “AGRO EXPORT MEVALARI”МЧЖ хусусий корхонаси томонидан замонавий иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси асосида 40 та иш ўрни яратилганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Хусусан, ҳудудда истиқболли лойиҳалар асосида ишга туширилиб, саноат тармоғида самарали фаолият юритаётган "TRANS TOUR" МЧЖ темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушгач, унда 30 та янги иш ўрни яратилган бўлса,"ISHONCH BIZNES BARAKA" МЧЖ клинец, шебень, қум каби норуда ишлаб чиқариш маҳсулотлари корхонаси ишга тушгач, унда 35 та иш ўрни ташкил этилди.
Мутахассисларининг айтишича, жорий йил якунига қадар ҳудудда "SHOX GRAND PLASTIK" масъулияти чекланган жамияти томонидан яна бир янги лойиҳа асосида пластик қопқоқ ва капсула(ПЭТ) ишлаб чиқариш технологиясини ўз ичига олган корхона фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2,5 млрд.сўмни ташкил этиб, шундан 1,0 млрд.сўм лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағлари ҳисобига, 1,5 млрд.сўм тижорат банк кредити асосида амалга оширилади. Лойиҳа ишга тушгач, унда 25 нафар чинозликлар доимий иш ўрнига эга бўлишади.
14 хилдаги макарон маҳсулотлари Афғонистонга экспорт қилинмоқда
Чиноз тумани “Гулзоробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “ASHRAF RAMAZON” МЧЖ қўшма корхонаси Афғонистон давлати билан ҳамкорликда ташкил қилинган бўлиб, макарон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйган. Озиқ-овқат саноати йўналишида фаолият юритаётган мазкур қўшма корхонага Туркия давлатидан замонавий русумдаги ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Бугунги кунда корхонада 14 хил макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, қўшни Афғонистон давлатига экспорт қилинмоқда.
Йилига 3000 тонна ҳажмдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур қўшма корхона ишга туширилгач, унда лойиҳа асосида 40 та иш ўрни яратилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, келгусида чет элда маҳсулотга бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олиб, хорижий инвестициялар ҳисобидан умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларилик янги ускуналар харид қилиш баробарида янги иш ўрни яратилиб, шу билан бирга ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш кўзда тутилмоқда.
Тикув-трикотаж корхонаси фаолияти
Шунингдек, тумандаги “PRONTO TEXT GROUP” МЧЖ қўшма корхонаси инвестиция лойиҳалари асосида иш олиб бораётган корхоналардан бири бўлиб, текстиль-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. Йилига 20 млн. дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу йирик корхона ишга тушгач, унда 600та иш ўрни яратилди.
“PRONTO TEXTILL GROUP” МЧЖ трикотаж корхонаси асосан, болалар ва катталар учун қулай ва енгил ёзги кийимлар, аёллар ва эркаклар учун кўйлаклар ишлаб чиқаради. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош текстиль трикотаж маҳсулотлари Европа стандартларига мос бўлганлиги туфайли Италия, Германия ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Келгусида корхона раҳбарияти томонидан маҳсулот таннархини камайтириш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Шу боис, эндиликда мазкур трикотаж корхонаси кенгайтирилиб, унда тайёр мато тўқиш ва матога гул босиш цехи ҳам ишга туширилади.
Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати