Чиноз — ЧИНАКАМ ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС МАНЗИЛИГА АЙЛАНАДИ
t.me/haqiqatonline_24Тошкент воҳаси қадим-қадимдан Марказий Осиёнинг энг бой, бетакрор ва гўзал масканларидан бири бўлиб келган. Бир замонлар унинг ҳудудидаги қадимий Чоч давлати ҳақида тарихчию олимлар, сайёҳлар кўплаб маълумотлар қолдиришган. Манбаларга кўра, қарийб 2 минг йиллик тарихга эга қадим “Чиночкент” – ҳозирги Чиноз тумани ўзининг табаррук қадамжолари, тарихий масканлари билан машҳурдир.
Кўҳна ва навқирон ҳудуд ўзининг тарихий йўли мобайнида бир қанча босқин ва талафотларни бошидан кечирган бўлса-да, Амир Темур даврига келиб, Чиноз муҳим савдо марказларидан бирига айлантирилади. Буюк Соҳибқирон Хитойга юриши пайтида ҳам шу ҳудуддан ўтиб, Тошкентга келгани, у ердан Ўтрор томон юргани ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар бор.
Буюклар қадами теккан бу замин бугун ҳам кўплаб сайёҳлар келадиган гўзал маскан, пойтахт ва воҳа ҳудудларини туташтирувчи, ўтган-қайтганда йўловчилар қўним топиб, Тошкент пазандачилигининг классик намуналаридан баҳраманд бўладиган ўзига хос марказга айланган. Тумандаги замонавий бунёдкорлик, шаҳарсозлик қурилишлари, илму маърифат, санъат, адабиёт соҳасидаги ижобий ўзгаришлар – бугун туманимизни вилоятнинг энг илғор ҳудудларидан бири сифатида намоён этмоқда.
Бугун Чиноз тумани аҳолиси сони 147 мингдан ошди. Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, катта ўзгаришлар туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Барча маҳаллаларда олиб борилаётган ободончиликлар, ривожланишлар оддий одамлар ҳаётида ўз аксини топяпти. Халқимиз учун муносиб иш ўринлари яратиш, яшаш шароитларини яхшилаш, фаровонлик даражасини юксалтириб бориш биринчи галдаги вазифамиз, албатта.
Ўтган давр мобайнида туманимиз бўйича турли соҳалар, жумладан, уй-жой, коммунал хўжалиги, шаҳарсозлик, қурилиш, йўл, электр тармоқлари, сув таъминоти, тадбиркорлик ва бандлик масалалари, умуман, барча жабҳаларда аҳоли мурожаатлари тингланиб, уларнинг дарду ташвишига қулоқ тутилди. Мавжуд муаммони ўз вақтида ва жойига чиқиб ўрганиш, ечимини излаш, топиш ҳамда ҳал этишда халқчил ва самарали тизим ишламоқда. Асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларни ишбилармонликка, тадбиркорликка ўргатиш, шу орқали, камбағалликни қисқартириш каби ўта муҳим масалаларга қаратилаётир.
Биргина мисол. Жорий йил бошида туманимизда камбағаллик даражаси 10,8 фоизни (4,3 мингта) ташкил қилган эди. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин, деган ўгити бор. Шундан келиб чиқиб, дастлаб, тумандаги барча масъул раҳбарлар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич қиладиган ишларимизни аниқ белгилаб олдик. Маҳаллабай, хонадонбай ишлаш тизими орқали ҳар бир аҳоли вакили ўз имкониятидан келиб чиқиб, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, касаначилик, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик каби фаолият турларига йўналтирилди. Маҳаллалар даражасида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ушбу масканларда тадбиркорликка кўмаклашиш тизими яратилди. Натижада ҳозирга келиб, тумандаги 1 минг 100 та оила қашшоқликдан чиқарилди. Камбағаллик даражаси эса, йил якунига қадар 6,3 фоизга туширилади. 2025 йилда бу кўрсаткични 3,9 фоизга тушириш асосий мақсад қилинган.
Бунинг учун ҳозирданоқ аниқ-тиниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, биринчи навбатда, аҳолининг ҳар бир камбағал қатламини тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда 1 минг 320 та хизматлар пакети тақдим этилади. Натижада, 85 нафар фуқарони иш билан таъминлаш, 60 нафарини ўқитиш, 254 нафар аҳолига кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда 921 фуқарога бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш имкони яратилади.
Очиғи, бугун камбағалман деб уйда ўтирадиган, “олма пиш, оғзимга туш” дея қўл қовуштириб ётадиган замон эмас. Бинобарин, бундай тутум чинозликларнинг табиатига ҳам ёт. Инсоннинг тўрт мучаси соғломми, демак у ҳаракат қилиши, интилиши, меҳнатни канда қилмаслиги лозим. Бунинг учун эса, юртимизда барча имкониятлар етарли.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида вилоятимизга қилган ташрифларида ҳам бу борадаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришимиз, келгуси 5 йил давомида нима қиламиз, қандай ишларни амалга оширамиз – булар бўйича ҳам аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик. Мазкур бажариладиган ишлар Вазирлар Маҳкамасининг “Чиноз туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги муҳим қарорида ҳам акс этди. Ҳужжат билан туманимизнинг ривожи учун 2024-2025 йилларда 87 та лойиҳа бўйича жами 3,1 трлн. сўм маблағ ўзлаштиришимиз ҳисобига кўп йиллардан буён ўз ечимини топмаётган масалаларимиз ҳал этиладиган бўлди.
Шу жиҳатдан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масаласида келаси 5 йилда бир қанча ишлар режа қилиб олинди. Жумладан, бу муддатда ичимлик суви таъминотини яхшилашга Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 8,5 млрд. сўм ажратилади. 2025 йилда 2,1 млрд. сўм, 2026 йилда 2,3 трлн. сўм маблағ йўналтирилади.
Маълумки, туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ҳозирда 78,4 фоизни ташкил этади. Лекин, Усмон Носир номли, “Обиҳаёт”, “Улуғвор”, “Ғайрат” маҳаллаларида бу кўрсаткич 60 фоиздан қуйироқда. Ичимлик суви тармоқларини модернизация қилиш харажатлари учун вазирлик маблағлари ҳисобидан 15 млрд. сўм ажратилади. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ичимлик суви таъминоти 2024 йил якуни билан 84 фоизга, 2025 йилда 88 фоизга, 2029 йилда эса, 98 фоизга етказилади.
Халқ дарди, инсон қадри, инчунин, одамлар розилиги йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг замирида – ўша инсонлар эртага эмас, бугун яхши яшашлари керак, деган эзгу ғоя мужассам. Шуни инобатга олган ҳолда одамларнинг электрга бўлган эҳтиёжини тўла-тўкис қондириш, электрни манзилли етказишни узлуксиз таъминлаш, унинг исрофига йўл қўймаслик борасида ҳам аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.
Бунинг учун келгуси 5 йилда 22 млрд. сўм маблағ йўналтириладиган бўлди. Газ таъминотини яхшилаш ва тежамкор технологияларни қўллашга эса, 6,9 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шундан 2025 йилда 1,5 млрд. сўм, 2026 йилда 1,8 млрд. сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилди.
Мавжуд кўп қаватли уй-жойларнинг том ва фасад қисми, кириш йўлаклари, йўлкаларни бетонлаш ишларига 2 млрд. сўм ажратилади. Мазкур маблағлар ҳисобига тумандаги “Мевазор”, “Бунёдкор”, Алишер Навоий номли, “Ёшлик”, “Обиҳаёт”, “Тинчлик” маҳаллаларидаги 20 та кўп қаватли уйлардан 18 тасининг том қисми, 20 тасининг фасад қисми, 40 тасининг кириш йўлаклари таъмирланади. Натижада 328 та хонадоннинг яшаш шароитлари тубдан яхшиланади.
Яқинда ўтказилган хатловларда вилоятимиздаги инфратузилмаси оғир ва ривожланишдан орқада бўлган 6 та маҳалла ажратиб олинди. Шунга кўра, давлат томонидан ажратиладиган, 2 млрд. сўм ҳисобига 818 та хонадон томорқаларини суғориш, 2,3 млрд. сўмга 1 минг 320 та хонадонда электр таъминотини яхшилаш, 1 м???. лрд. сўмга эса ички йўлларни созлаш кўзда тутилмоқда.
Очиғи, туманимизда йўл қурилиши энг асосий масалалардан бири. Негаки, элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим восита ҳам айнан йўллардир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қиляпти, албатта.
Бироқ бу йўналишда ҳали қиладиган ишларимиз бисёр. Масалан, туманимизда 19 километр ҳалқаро аҳамиятдаги, 30 километр маҳаллий, 348 километр ички йўллар ҳамда 2 та кўприк йиллар давомида эътибор қаратилмагани учун таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида 2025-2026 йиллар давомида аниқ мақсадларни белгилаб олдик. Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш харажатларига 2025 йилда 4 млрд. сўм, 2026 йилда 5 млрд. сўм сарфланади. Халқаро аҳамиятдаги йўлларни таъмирлашга эса, келгуси йили 20 млрд. сўм, 2026 йилда 18 млрд. сўм, 2 та кўприк таъмири учун жами 30 млрд. сўм маблағлар ажратилади.
Энг катта бойлик – ақл-заковат ва илм, юксак мерос – бу яхши тарбия, улкан қашшоқлик эса, билимсизликдир. Шарқ донишмандларидан бизгача етиб келган бу доно ақида асрлар ўтса ҳамки, ўз моҳиятини йўқотгани йўқ. Зеро, буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласи”дир. Гап эртамиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг сифатли таълим-тарбияси, соғлом вояга етказиш ҳақида бораркан, уларни ҳар томонлама интеллектуал салоҳиятли шахслар этиб тарбиялашда мавжуд таълим масканларида яратилган шароиту имкониятларнинг ўрни ниҳоятда муҳим.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудимиздаги таъмирталаб ҳолга келиб қолган мактабларнинг 8 таси замонавий кўринишга келтирилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида келгусида яна бир нечта таълим масканларидаги шарт-шароитлар яхшиланади. Шунингдек, талабдан келиб чиқиб, 1 та мактаб янгидан қурилади, 4 та мактаб реконструкция қилинади ва яна 4 таси мукаммал таъмирдан чиқарилади. Бу харажатларга 2025 йилда 13 млрд., 2026 йилда 17 млрд. сўм йўналтирилади.
Кези келганда, келажагимиз ворислари бўлмиш жажжи болажонларимизнинг таълим-тарбиясига ҳам алоҳида тўхталсак. Бу йўналишда қиладиган амалий ишларимиз янада кўлам касб этмоқда.
Айни пайтда туманимизда боғча ёшидаги болаларнинг қамров даражаси 67,1 фоизни ташкил қилади. Лекин, “Ғайрат” маҳалласида 23,3 фоиз, “Тиллатопган” маҳалласида 16,1 фоиз, “Сутчилар” маҳалласида 17,2 фоиз бўлиб, ушбу ҳудудларда давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли қамров даражаси ҳануз пастлигича қолмоқда.
Юқорида келтириб ўтганимиз – Вазирлар Маҳкамасининг “Чиноз туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2024-2026 йилларда 2 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилади, 5 та боғча реконструкция қилинади, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 90 тадан 114 тага етказилиб, қамров даражаси 80,4 фоизга оширилади.
Қабул қилинган ҳужжатда аҳоли саломатлигини асраш, тиббиёт ходимларига етарлича шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Тиббиёт соҳасидаги мавжуд муаммоларга аниқ ечимлар ва ана шу масалаларни ҳал этиш учун молиявий манбалар кўрсатиб ўтилган. Туманимизда бугунги кунда асосий эътибор бирламчи тиббиёт бўғинини янги босқичга кўтариш орқали касалликларни эрта аниқлашга қаратилган.
2025-2026 йилларда бу соҳага 16,5 млрд. сўм ажратилмоқда. Натижада Амир Темур номли оилавий шифокорлик пункти, “Дўстлик” оилавий шифокорлик пункти, тиш даволаш клиникаси реконструкция қилинади. Сил касаллигини даволаш диспансери қайта қурилади.
Бундан ташқари, 3 нафар врачимизни чет элда малакасини ошириш масаласи ҳам режага киритилган. Аҳолимиз саломатлигини яхшилаш, касаллик сабабларини тезкор аниқлашда компьютер-томография текшируви ускунаси жуда зарур бўлмоқда. Одамлар томографик текширувлар учун қўшни Сирдарё вилоятига ёки пойтахтга боришади. Натижада вақт ва маблағ ортиқча сарфланади. 2025 йилда Республика бюджетидан 6 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу маблағ ўзимизда худди шундай имкониятларни ҳозирлаш учун сарфланади.
Тумандаги хорижий инвестициялар киритиш кўрсаткичларини йиллар кесимида кўрадиган бўлсак, 2022 йилда 5,2 млн. доллар, 2023 йилда 17,2 млн. доллар сармоя ўзлаштирилган. Жорий йил якуни билан бу кўрсаткични 19 та корхона ҳисобига 52,8 млн. долларга етказиб, ўтган йилга нисбатан 3 баробарга ошириб бажаришни ва келгуси 2025 йилда 100 млн. доллар (ўсиш 1,9 баробар)га етказишни, 1 минг 340 та янги иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз.
Агар рақамларга қарайдиган бўлсак, Чиноз туманининг экспорт кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга юксалиб бораётганини кўришимиз мумкин. Хусусан, 2022 йилда 30,3 млн. долларлик, 2023 йилда 34,2 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йил якунига қадар умумий ҳисобда 46,9 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп. Келгуси 2025 йилда маҳсулотлар экспортини 60 млн. долларга етказишни режалаштирганмиз.
Бундан буён ҳам юқори технологик қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналаримиз сони ортиб боради ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Президентимиз таъкидлаганларидек, уларнинг фаолиятини кенгайтиришга янада кўпроқ шарт-шароит яратиш бугунги рақобат замонининг муҳим талабидир.
Умуман олганда, туманимизда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар мўл. Муҳими эса, кўп йиллар давлат ва жамият бошқарувида амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойили – эндиликда тамоман ўзгача, яъни – аввало инсон, сўнгра жамият ва давлат принциплари асосида қурилаётганидир. “Давлат – инсонлар учун” деган муҳим ва халқчил ғоя эса борган сари реал ҳаётимизга сингиб, Ватан равнақи йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимизни рағбатлантирувчи беқиёс кучга айланиб бормоқда.
Шерзод САЛИХОВ,
Чиноз тумани ҳокими
("Тошкент ҳақиқати" газетасининг 2024 йил 7 декабрь 97-сонидан)