Чет элда ишламоқчи бўлган фуқаролар учун Германия, Исроил, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша давлатларига бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда

Чет элда ишламоқчи бўлган фуқаролар учун Германия, Исроил, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша давлатларига бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов фуқароларнинг хорижда меҳнат фаолиятини ташкил қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди:

Хорижнинг ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан олиб борилган музокаралар натижасида Буюк Британия, Болгария, Латвия, Польша, Германия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан 33 та ташкилот билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, уларда 4 ярим мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланган.

Ҳисобот даврида Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Буюк Британия, Литва, Болгария каби давлатларда жами 3 186 нафар юртдошимиз манзилли ишларга жойлаштирилди.

Агентлик фаолиятининг меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш йўналишидаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, жами 42 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 37 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 1 минг 900 га яқинига ҳуқуқий, 2 минг 250 га яқинига ижтимоий, 700 га яқинига моддий, шундан, 423 нафарига қарийб 22 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 28 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 136 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 300 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш борасида дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан музокаралар олиб борилмоқда ва фуқароларни ушбу давлатларга ишга жалб қилиш бўйича эришилган келишувлар ҳамда бўш иш ўринлари ҳақида қўшимча маълум қилинади.

Бугунги кунда Германия, Исроил, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Ушбу бўш иш ўринлари бўйича хорижий тилларни биладиган ва малакага эга фуқаролар Агентликка мурожаат қилишлари мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, юрдошларимиздан хорижда ишлаш мақсадида турли воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.


Report Page