Чавандозларимизнинг Россиядаги муваффақиятли одими давом этади!

Чавандозларимизнинг Россиядаги муваффақиятли одими давом этади!


Хабарингиз бор, сўнгги кунларда мамлакатимиз чавандозлари Россия Федерациясида бўлиб туришибди. Улар ушбу мамлакатда ўтказилаётган турли мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритишмоқда.


Чавандозларимиз Москва вилоятида жойлашган “Maxima stables” от спорти клуби мезбонлик қилган конкур бўйича «Миллатлар кубоги»нинг навбатдаги босқичида ҳам муносиб иштирок этишди. Қувонарлиси, якунда терма жамоамиз аъзолари умумжамоа ҳисобида пешқадамликни қўлга киритди.


Евросиё от спорти ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақада юртимиз чавандозлари бир қатор йўналишларда ғалаба қозонди. Жумладан, ёшлар ўртасида ўтказилган CSI-CH дастурида Бобуржон Валижонов энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. У россиялик Екатерина Гладковани ортда қолдирди.


Шунингдек, бу ерда Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи ўтказилди. Унда 4 жамоа, яъни мусобақа мезбонлари Россия, қолаверса Арманистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Терма жамоамиз таркибидан Бекзод Қурбонов, Оқил Собиржонов, Умид Комилов ҳамда Нуржон Туякбаев сингари маҳоратли ва тажрибали чавандозларимиз ўрин олишди.


Мусобақа якунига кўра жамоалар қуйидаги ўринларни эгаллашди:

1-ўрин: Россия терма жамоаси,

2-ўрин: Ўзбекистон терма жамоаси,

3-ўрин: Қирғизистон терма жамоаси.


Тўсиқлардан сакраш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ўзларининг содиқ дўстлари, яъни отлари билан биргаликда Россиянинг Москва шаҳридаги “Maxima stables” ҳамда “Отрада” от спорт клубларида ўтказилган халқаро мусобақаларда қатнашишди. Унда ўзбекистонлик чавандозлардан ташқари Россия, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда белоруслик етакчи спортчилар ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришди.


Қувонарлиси, спортчиларимиз якка тартибда ҳам, жамоавий баҳсларда ҳам муносиб иштирок этишди ва нуфузли ўринларни қўлга киритди. Россиядан чавандозларимиз 9та олтин, 11та кумуш ҳамда 5та бронза медаллари билан қайтишмоқда.


От спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини ушбу ғалабалар билан табриклаймиз!


Report Page