“Чарчаганмисиз, унда бир оз дам олинг”

“Чарчаганмисиз, унда бир оз дам олинг”

Ички ишлар вазирлиги

Бугунги кунда бу гапни вилоятлараро йўналишларда ҳаракатланаётган ва мунтазам йўл-патруль хизмати масканларидан ўтаётган кўплаб ҳайдовчилар эшитишмоқда. Уларни тўхтатган инспекторлар энг аввало ҳайдовчиларга ана шу саволни беришмоқда. Нега ва нима учун? деган саволлар юзага келиши табиий, албатта.  

Гап шундаки, кўча доимо тасодифларга тўла бўлади. Шу сабабли ҳам йўлда ҳамиша ҳушёр бўлиш, ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига амал қилиш зарур. Айниқса, узоқ масофаларга қатнайдиган, йўловчи ташийдиган транспорт воситалари ҳайдовчилари бу масалаларга жиддий ёндошишлари керак. Агар таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак аксарият йўл-транспорт ҳодисалари тунгги вақтда содир бўлади. Бунга сабаблардан бири ҳайдовчиларнинг ўта чарчоқ ҳолатда ухлаб қолишлари бўлмоқда. Дам олмасдан ҳаракатланиш, бунинг устига автомобилнинг иситиш тизимини ёқиш ва салон ичини иссиқ бўлиши ҳайдовчини ухлаб қолишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан биридир.


Шуни инобатга олган ҳолда республика Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари тунгги вақтларда мунтазам йўл-патруль хизмати масканларида махсус тадбирларни амалга оширишмоқда. Жумладан, узоқ масофаларга қатновчи транспорт воситаларини тўхтатиб, ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказишмоқда. Масканга қўйилган махсус монитор ва телевизорларда эса қоидабузарликларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган лавҳалар намойиш этилмоқда.


Йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳар бир ҳайдовчи билан алоҳида суҳбатлашиш жараёнида унинг ҳолатига ҳам эътибор қаратишмоқда. Чарчаш аломатлари сезилган ҳолда ҳайдовчига бир оз дам олиш, очиқ ҳаводан нафас олиш, иссиқ қахва ичиш таклиф этилаяпти. Бу тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган. Шундай экан, чарчадингизми, тўхтанг ва бир оз дам олинг.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати


Report Page