«Чала мулла – дин бузар»

Ижтимоий тармоқлар орқали жамиятда бузғунчилик, салбий мафкуравий ва радикал ғояларни тарқатиб, миллат ва динлараро низоларни келтириб чиқаришга уриниб келаётган NAMOZ NORMO'MIN “Telegram”даги каналида Ўзбекистонда болаларга ноқонуний диний таълим бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида пост жойлади (https://t.me/namozmumin/1795). Агар инсоф кириб, буни огоҳликка даъват учун тарқатаётган бўлса, савобга қолади. Кинояга олиб, вақтида ҳамтовоқлари билан “этагини ёпмаса”, энди жиноий жавобгарликка тортилади!
Гап шундаки, яқин кунларгача юртимизда ноқонуний диний таълим берганлик учун белгиланган жазо чоралари енгил эди. Бундай шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жавобгарликка тортилиб, базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 5,0 бараваридан 10,0 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш билан жазоланарди, холос.
Бу эса, ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмасдан туриб, хонадон ва яширин жойларда вояга етмаган болаларга ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари йилдан-йилга ўсиб боришига имкон яратди. Маълумотларга кўра, охирги 5 йилда 13 мингга яқин бола ноқонуний диний таълим олган. Уларга асосан ҳужраларда, шунингдек, интернет тармоғи орқали диний таълим берилганлиги аниқланган.
Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида дин ва таълим соҳасида муайян тартиб ва қонун-қоидаларига эга. Мамлакатда диний таълим бериш ҳуқуқий асослар орқали тартибга солинган бўлиб, мазкур жараён фақатгина расмий диний муассасаларда амалга оширилади. Қолаверса, ноқонуний диний таълим бериш нафақат диний соҳа, балки жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига ҳам жиддий таҳдид туғдиради. Одатда ноқонуний диний таълим асосан дин бўйича маълумоти етарли бўлмаган шахслар томонидан берилиб, улар фаолияти жамиятда турли хил қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради. Қонунга хилоф диний фаолият билан шуғулланувчи, ҳеч қандай рўйхатдан ўтмаган, норасмий марказ ва шахслардан диний таълим олиши натижасида болалар диний экстремистик ғоя ва хавфли оқимларнинг қурбонига айланиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Албатта, вояга етмаган болаларга ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳар биримизни ташвишлантиради. Ижтимоий тармоқлар орқали бундай масканларда болаларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган бино ва хоналарда сақлаш, уларга жисмоний азоб бериш ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатлари, ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганидан ҳам хабардор бўляпмиз!
Шундан келиб чиқиб, бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш, болаларнинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун барча шароитларни яратиш мақсадида эндиликда Жиноят кодексининг 229/²-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ёки хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади. Бу тартибдаги ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 50,0 бараваридан 100,0 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Ушбу нормалар юқоридаги ноқонуний ҳаракатларни олдини олиш, жамиятда соғлом муҳитни таъминлаш, болаларнинг ҳар томонлама ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш каби эзгу ишларга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳага ҳам юксак эътибор қаратилди. Динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Масжид, мадраса ва зиёратгоҳларга борувчилар сафи кенгайди. Янги таҳрирда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ва Конституциянинг қабул қилиниши диний соҳадаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжатлар фуқароларнинг дини, тили, миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар қонун олдида тенглиги, улар ўзлари хоҳлаган динга эътиқод қилишлари ва ўз диний маросимларини эмин-эркин бажариш кафолатини таъминламоқда.
Азалдан «Чала мулла – дин бузар»,- деб бекорга айтишмаган. Пост муаллифи бўлган NAMOZ NORMO'MINга ўхшаган чала муллалар диний сабоқ бериш ниқобида мурғак болаларимизни миясини заҳарлаш, жамиятга нисбатан адоват ва бузғунчилик руҳида тарбиялашга уринишади. Шундай экан, ҳар биримиз фарзандларимизни ноқонуний диний таълим олиш, қонунга хилоф диний тарғибот, турли норасмий диний жамоалар таъсиридан асрашимиз лозим. Яхши мақсадларда фойдаланишлари учун қўлларига олиб берилган телефон қурилмаларда ноқонуний диний адабиёт ва экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик, зўравонликни тарғиб этувчи аудио-видео маълумотларни сақламаслик ва тарқатмасликларига ҳушёр бўлмоғимиз керак!
Учқун Ўроқов
иқтисод фанлари номзоди, профессор