ЧУМЧУҚ СЎЙСА ҲАМ ҚАССОБ СЎЙСИН, ЁХУД БУГУНГИ “ЧАЛА ПСИХОЛОГ-МОТИВАТОРЛАР” ҲАҚИДА

ЧУМЧУҚ СЎЙСА ҲАМ ҚАССОБ СЎЙСИН, ЁХУД БУГУНГИ “ЧАЛА ПСИХОЛОГ-МОТИВАТОРЛАР” ҲАҚИДА

@eltuz2022

Халқимизда бир гап бор: “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”. Бу дегани ҳамма ўз ишини билиб-билиб бажарсин. Аммо бугун чумчуқни қассоб сўйяптими? Аслида мавзу гўшт маҳсулотлари ҳақида эмас, балки бугунги кунда юртимизда урчиб кетган “чала-психолог ва мотиваторлар” ҳақида.


Аслида одам бирон бир ҳунарнинг бошини тутиш истагида бўлса, шу ҳунарни мукаммал билувчи одамга шогирд тушади. Агар маълум бир касб эгаси бўлиш истагида бўлсангиз, демак, камида тўрт йил олий таълим олишингиз талаб этилади. Аммо бу ҳам сизни етук кадр сифатида шакллантирмайди. Чунки назарий билим бошқа, амалийси бошқа. Бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди. Аксинча назария амалиётни, амалиёт эса ўз ўрнида назарияни тўлдиради. Хорижда, хусусан, Россия ва Америкада агар психологнинг дипломи бўлмаса, у ҳеч қачон мижозлар билан ишлай олмайди. Мабодо ишлагудай бўлса, қонун олдида жавоб беради. Жарима ёки ҳатто қамоқ жазоси билан. Бу нафақат психологларга тегишли, балки исталган соҳа вакиллари ҳам махсус ҳужжатсиз, ўзбилармонлик билан турли соҳада фаолият юрита олмайди. Аммо бизда-чи? Бугунки кунда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда психология қай бир маънода ривожлангандек кўринади. Ва психолог-мотиваторлар сони ҳам ортгандан ортиб бормоқда. Улар орасида таниқли бўлмаса-да, аммо яхши психологлар йўқ эмас. Аммо аксарият инстаграмда обуначилари сони ҳисобидан танилган, ўзига “оилавий психолог”, “аёллар мотиватори” дея ном қўйиб олганлар аслида психолог мутахассислигига эгами? Афсуски, йўқ! Бундан ҳам ачинарлиси, уларга мурожаат қилувчи аксарият аёллар ҳам психологлардан мутахассислиги нималигини ва у қаерда таҳсил олганини сўраб ўтирмай, кўр-кўрона тақдирларини ишониб топширишади. Шу ерда савол туғилади. Агар танангизнинг бир ери оғриётган бўлса, шифокорга мурожаат қиласиз. Лекин уйда ўзича тиббиётни ўрганган одамга ўзингизни ишониб топширармидингиз? Албатта, йўқ. Нега унда психологияга мутлақо алоқаси бўлмаган одамга ишонасиз? Ахир инсон руҳияти унинг танасидан кўра нозикрок эмасми? Айнан инсон психикасига салбий ёки ижоби таъсир қилиш ортидан уни турли оқимга тортиб кетиш мумкинлиги ҳақида ўйлаш вақти келмадимикан? 


Бугунги кунда мижозлари сони ортиб бораётган психологларни ишларини ўрганиб, аксарияти психологияда таҳсил олмаганини билиб, тўғриси таажжубландим. Баъзилари бошқа йўналишда таҳсил олишган: журналистика, филология... Лекин ҳар ҳолда қаердадир ўқиган. Аммо бу ҳам уларни оқлай олмаса керак. Қолганларида эса мактаб ёки коллеж дипломи холос. Албатта мижозларнинг кўпчилигини бу қизиқтирмайди, бунга сабаб эҳтимол уларнинг аксарияти олий маълумотли эмаслигию, кўпчилиги уй бекаси экани билан боғлиқдир. 


Яқин дугонам билан гаплашиб қолдим. 

– Яхшироқ психолог танишинг борми? Иш бўйича керак бўлиб қолди....

– Э қўйсанг-чи, шунақа лўттивозларни. Мана биттаси қўшним. 10 йилдан бери эри билан қўйди-чиқди бўлиб юради. Бир икки марта қандайдир тренингларга бориб, ўзидан психолог ясаб олибди. Яна оилавий муносабатлар бўйича психолог экан бу киши. Ўзининг оиласи тинч бўлмаган одам нимани ўрагата олади?

Бир танишим журналистикада таҳсил олган. Бир эмас, икки эмас нақд олти йил. Билишимча, бугунги кунда ҳам таълимни давом эттиряпти. Яқингачаям эри билан муносабатлари яхшимаслигидан нолиб гапирарди. Қолаверса, эри билан уришиб қолганда ота уйига хуржунини кўтариб кетишини ҳам ҳасратидан чанг чиқиб, айтиб берган пайтлари кўп бўлган. Декретда ўтириб-ўтириб, у ҳам бир деганда психолог-мотиватор бўлиб кетибди... Албатта-да, қараса психологлар яхши топяпти. Барча аёлларни “пул оқими”, “аёллик энергияси”, “эрни жалб этиш” масалалари қизиқтираётган бир пайтда қалами бор журналистнинг ҳам ўзини бу оқимга уриши бироз ачинарли. Унинг психолог сифатидаги ижодини анча кузатдим. Ва савиясизларча ёзаётган, гапираётганларидан ҳайрон қолдим. Бир пайтлар танқидий мақолаларни қойиллатиб ёзадиган, журналистикани сув қилиб ичиб юборган инсон шумиди ёки бошқасига алмаштириб қўйишганми, англолмай қолдим. Бу “психолог”ни яқиндан биладиган бошқа бир журналист танишим ҳам уни кескин танқид қилди. “Туппа-тузук одам, яхши журналист десам, у ҳам ҳафсаламни пир қилди. Гапирадиган гаплари тутуриқсиз. Ҳамма ўзининг ишини қилса-да”, дея энсаси қотди.


Одатда психологга борар эккансиз, унга ўзингизни қийнаётган муаммони айтиб берасиз. Руҳшунос эса сизга муаммонинг илдизини англаш ва унга ечим топишда ёрдам беради. Баъзан инсонда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шифокор кўригига профилактика мақсадида боргандек психологга ҳам вақти-вақти билан мурожаат қилишнинг ёмон жойи йўқ. Аммо психология дегани бу қаердандир “пул оқимларини очиб юбориш”, “қандай қилиб эрингиз ўзига иккинчи хотин олмаслиги ҳақидаги дарс”, “аёллик энергияси”, “ҳамма нарсадан ўзини устун қўйиш, ўшанда ҳамма сизни қадрлайди” деган иборалардан иборат эмас. Бугунги психологлардан агар “Қайси хориж психологларини кузатасиз? Қайси бирларининг таълимотини қўллаб-қувватлайсиз? Қай бирига қарши фикрингиз бор?” деб сўрасангиз, ҳеч қандай жавоб ололмайсиз. У ҳам майли, “Қайси психологларнинг китобларини ўқийсиз? Психологияга оид қайси китобларни тавсия қиласиз?” деб сўрасангиз ҳам, тайинли жавоб чиқмайди. Психологияга оид китобни қўйинг, охирги марта қачон китоб ўқидингиз деб сўранг... 10 та китобни санаб бера олмаслигига ишончим комил. 


Аммо биз яхши психологлар ҳам борлигини борлигини инкор этмаймиз. Шунчаки алданиб қолмаслигингиз тарафдоримиз. Хулоса эса ўзингизга ҳавола...

Дугонамнинг эътирози ўринли эди.

Report Page