ЧОВ (ҚОРИН ОСТКИ ҚИСМИ) ОҒРИҒИ САБАБЛАРИ ВА ТУРЛАРИ

ЧОВ (ҚОРИН ОСТКИ ҚИСМИ) ОҒРИҒИ САБАБЛАРИ ВА ТУРЛАРИ

@ginekologim



Чов оғриғи қорин ости қисмидаги бачадон, тухумдонлар, бачадон найлари, сийдик пуфаги ва ичаклардаги патологик сабаб (нуқсонлар) туфайли бўладиган оғриқдир.

Баъзан тўсатдан кучли (ўткир чов оғриғи) ва баъзан узоқ вақт (cимиллаб, зирқираб) безовата қиладиган (сурункали чов оғриғи) шаклда бўлади.

Сурункали чов оғриғи (сурункали тос соҳаси оғриғи) олти ойдан ортиқ муддат давом этган чов оғриғи ҳисобланади. Сурункали тос соҳаси  оғриғи инглиз тилида СРР (Chronic Pelvic Pain) деб юритилади.

Тўсатдан бошлаган оғриқлар фавқулодда ҳолатларда рўй беради. Бундай ўткир ва онийдан бошлаган қорин ва чов оғриқлари дарҳол чора кўриш керак бўлган аппендицит, бачадон ташқарисида хомиладорлик, тухумдон кистаси каби ҳолатларда бўлиши мумкин. Ушбу турдаги оғриқларда вақтни йўқотмасдан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Чов оғриғи энг кўп қандай омиллар туфайли пайдо бўлади?

Энг кўп тарқалган омиллари:

• бачадон ташқарисида ҳомиладорлик;

• эндометриоз;

• тухумдон кистаси ёрилиши;

• овуляция синдроми;

• бачадон миомаси;

• бачадон томирларида варикозга ўхшаш кенгайишлар;

• бачадон, тухумдон ва найларда инфекциялар;

• аппендицит;

• цистит;

• ичак яллиғланиши;

• қўзғайдиган йўғон ичак касаллиги;

• таянч-ҳаракат тизимига (суяклар) алоқадор касалликлар;

• сийдик йўлларида тош (уролитиаз);

Сурункали чов оғриғи нима сабабдан ва қандай келиб чиқади?

Узоқ муддат давом этиб келаётган сурункали чов оғриғи бўлса, бу ҳолатда унинг сабабини аниқлаш ва ташхис қўйиш осон бўлмайди. Кўпинча бундай оғриқлар репродуктив тизимдаги (бачадон, тухумдонлар) муаммолар сабабли келиб чиқади.

Қорин бўшлиғидаги бошқа аъзоларга оид касалликларда ҳам вақти-вақти билан сурункали чов оғриқлари кузатилиши мумкин (ичак, мушак, чов, қорин пардаси ва суякларга оид оғриқлар).

 

Қорин бўшлиғида ўтказилган жарроҳлик амалиёти човда сурункали оғриқ келтириб чиқарадими?

Ҳа, бўлиши мумкин. Илгари ўтказилган кесерча кесиш, миомэктомия, гистерэктомия, тухумдон кистасини олиб ташлаш каби жарроҳлик амалиётлари натижасида пайдо бўлган қорин ичи соҳасидаги чандиқлар  оғриққа сабаб бўлиши мумкин.


Психологик муаммолар сурункали чов оғриғига сабаб бўлиши мумкинми?

Баъзи холларда сурункали оғриқнинг ҳеч қандай сабаби бўлмайди ёки аниқланмайди. Ушбу ҳолатларда психологик омиллар мухим роль ўйнайди. Ҳар қандай жисмоний ёки рухий безовталик, жинсий алоқадан қониқмаслик, депрессия ва ички рухий муаммолар чов оғриғи шаклида намоён бўлиши мумкин. Ички муаммоларнинг гўёки бадан орқали ифодаланиши ва қандайдир аъзода оғриқ сезилиши  "соматоформ касаллик" деб юритилади.

Чов оғриғининг ташхис усуллари қандай?

Ўткир чов оғриғида эрта ташхис қўйиш мухим ахамиятга эга. Беморнинг клиник ҳолати ва тиббий кўрикдан ташқари, лаборатория таҳлиллари, кольпоскопия, томография ва бошқа ташхис усулларидан заруратга қараб фойдаланилади.

Сурункали чов оғриғининг сабабини аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас. Биринчидан, оғриқнинг хусусиятлари аниқланади. Кейин диққат билан текширилади. Ушбу текширувда гинекологик кўрик билан бирга кўпинча умумий тана текширувини ҳам ўтказиш керак бўлади.

Сурункали чов  оғриғи сабабини аниқлаш учун гинекологик муоянада репродуктив аъзолар фаолиятига алоҳида аҳамият бериш ва ультратовуш текшируви ўтказиш керак.


Ушбу текширув давомида бачадон ва унинг атрофида инфекция бор-йўқлигини аниқлаш учун суртма таҳлили, бактерия экмаси (бак-посев) таҳлили текширилиши мумкин. Ҳомиладорлик бор-йўқлигини лаборатория шароитида текшириш, тўлиқ қон таҳлили, қонда инфекцияси параметрлари (ИФА, ПЦР) лаборатория усуллари билан текширилади.

Сийдик йўллари инфекцияларининг ташхиси учун тўлиқ пешоб таҳлили ва керак бўлса, пешоб бактерия экмаси (бак-посев) таҳлили топшириш талаб қилинади. Шу билан бирга ичакда бузилиш борлиги эҳтимоллигини ҳисобга олиб ичак паразитлари бор-йўқлигини аниқлаш учун ахлат текшируви талаб қилиниши мумкин.


Зарур ҳолатдарда компьютер томографияиси, МРТ каби радиологик текширувлар ҳам ўтказишга тўғри келиши мумкин.

Охирида, сурункали чов оғриғи бўлган аёлларда ташхис  ва даволаш мақсадида  лапароскопик амалиёти ўтказилиш мумкин.

Чов оғриқларини даволаш усуллари қандай?

Чов оғриғига олиб келадиган касалликни аниқлашда оғриқнинг тури жуда мухимдир. Ўткир ва тўсатдан бошланган оғриқлар шошилинч тарзда текширилиши ва даволанилиши керак. Тўсатдан бошланган чов оғриғи билан шифокорга боришга тайёр бўлган беморга оғриқ қолдирувчи дориларни берилмаслик керак. Чунки бу дорилар “муаммо ишоратичиси” бўлган оғриқни бостириш орқали ташхисни қийинлаштириши мумкин.

Сурункали чов оғриғида даволаниш аввало тўлиқ сабабни аниқлашга қаратилиши лозим. Даволаш усуллари орасида жаррохлик усуллари, дори-дармонлар, психотерапия, муқобил усуллар ва гипнотерапия ҳам бўлиши мумкин.

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ



Report Page