ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СИФАТИНИ ЯХШИЛАШДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ 

ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СИФАТИНИ ЯХШИЛАШДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ 


Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сифатини яхшилашда инновацион технологиялардан фойдаланиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

-Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда чорвачиликнинг алоҳида ўрни бор. Шу жиҳатдан олганда, тармоққа замонавий ёндашувлар аҳолини сифатли ва тўйимли гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. Озиқ-овқат хавфсизлиги келажакда одамларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, сўнгги пайтларда ушбу долзарб масалага катта эътибор берилмоқда, - деди конференцияни кириш сўзи билан очиб берган университет  ректори, профессор Х.Юнусов. - Қайд этиш керакки, охирги йилларда мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўйлайманки, ушбу анжуманда кўриб ўтиладиган масалалар ва таклифлар озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасининг ривожланишига хизмат қилади.

Конференцияда “Zооm” платформаси орқали иштирок этган Ўзбекистон республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Жабборов кейинги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масалалардан бири сифатида кенг қулоч очгани, бу эса соҳани янги инновацион тенденциялар ва технологиялар ҳамда илмий ютуқларни қўллаш орқали янада ривожлантиришни тақозо этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар натижасида 2023 йилда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 7,4 трлн сўмлик 2 237 та лойиҳалар амалга оширилиб, 170 минг нафардан ортиқ доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилгани, лойиҳалар доирасида четдан 135 минг бош қорамол, 228 минг бош қўй ва эчкилар олиб келингани, 240 млн. доллар Халқаро молия институтлари иштирокидаги маблағлар жалб қилингани ва янгидан 565 та чорвачилик субъектлари ташкил қилиниб, жами 18 971 тага етказилганини айтиб ўтди. 

Конференцияда Беларус Республикаси Витебск давлат «Ҳурмат белгиси» ветеринария медицинаси академияси проректори Федотов Дмитрий Николаевич, К.А.Темирязов номидаги Москва қишлоқ хўжалиги академиясидан қ.х.ф.д.(ПҳД) А.А.Худайбердиев, Полша Краков Қишлоқ хўжалиги университети профессори Мартин Немик, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори қ.х.ф.д. профессор Е.С.Шаптаков, Жангирхан номидаги Ғарбий Қозоғистон қишлоқ хўжалиги техникалари университети профессори Т.А.Байбатиров, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Асаларичилик лабораторияси мудири О.С.Тўраев, Самарқанд вилояти асаларичилик уюшмаси раиси Х.А.Рашидовлар мавзу юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Шунингдек, конференция қатнашчилари Мега лойиҳа виварийси ва кафедра ўқув лабораторияларига ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. 


🏛 Ахборот хизмати.



Report Page