ЧИНОЗ ТУМАНИ НУРОНИЙЛАРИНИНГ ТУМАНДАГИ НУРОНИЙЛАР, ЁШЛАР, ХОТИН-ҚИЗЛАР, БАРЧА АҲОЛИГА ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА  

ЧИНОЗ ТУМАНИ НУРОНИЙЛАРИНИНГ ТУМАНДАГИ НУРОНИЙЛАР, ЁШЛАР, ХОТИН-ҚИЗЛАР, БАРЧА АҲОЛИГА ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА  

МУРОЖААТИ



Азиз чинозликлар!

Қадимдан ота-боболаримиз сувни “оби-ҳаёт” деб эъзозлаб, ҳар томчисини асраб-авайлашган. Инсон ҳаво ва сув билан тирик. Сув бор экан, заминда ҳаёт бор. Табиат бебаҳо неъматлари билан сайёрамиздаги ҳаётнинг бардавомлигини таъминлайди. Демак,сув-тириклик манбаи, Яратганнинг инсониятга бахшида этган улуғ ва азиз неъматидир.

Бугунги кунда Ер юзида саноат, ишлаб чиқариш ривожланар экан, она сайёрамизда кўплаб экологик муаммолар юзага келмоқда. Шу муаммолардан бири сув таъминоти билан боғлиқ бўлган ўта жиддий масаладир.

Маълумотларга кўра, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида 2 миллиарддан кўпроқ аҳоли сув танқислиги шароитида яшамоқда. 2,3 миллиард аҳоли эса санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ичимлик сувини истеъмол қилмоқда. Бу ҳолат бутун дунёда ғоят долзарб муаммо бўлиб турибди.

 Юртимизда муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати ва ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш , сувни тежашга мўлжалланган янги суғориш технологияларини ҳаётга тадбиқ этишга давлат нуқтаи назаридан катта эътибор берилмоқда. Халқимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, бу чора-тадбирлар ўзининг муаян ижобий натижаларини кўрсатаётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини, барча дунё аҳлини яна бир бор огоҳликка даъват этиб, ушбу масалага жиддий ёндошишни ташаббуси билан чиқди.

Муҳтарам нуронийлар!

Табаррук ёшли отахонлар, муборак тилакли онахонлар!

Аввало, сиз азиз ва қадрли инсонларга мурожаат қиламиз.

Ота-боболаримиз бизларга ёшлигимизданоқ ҳар бир неъматни, шунингдек, ҳар томчи сувни увол қилмаслик ва эъзозлашимизни онгимизга сингдиришган. Биз ҳам ўз навбатида, тажрибаларимиз, кўрган-билганларимизни севимли фарзандларимиз, набираларимиз, эвараларимизга ўргатишимиз лозим. Сир эмаски, далаларимизда, зовурларимизда, ариқларимизда олтиндан қиммат бўлган оби-ҳаёт беҳудага оқиб ётибди. Кўпинча бу масалага эътибор қаратмаймиз, лоқайд бўламиз. Ваҳоланки, сувнинг ҳар томчиси қимматли ва азиздир.

Келинг, биргаликда бу масалаларга юракдан ёндошиб, зарур ечим топайлик.

Ўзимиз ёшларимизга, фарзандларимизга намуна бўлиб, сув исроф бўлишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларда фаол қатнашайлик!

Маҳаллаларда, мактабларда ўқувчи-ёшларимиз билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиб, панд-насиҳат қилиб, ҳар қатра сувни эъзозлаш ҳаракатида биз нуронийлар бош-қош бўлиб, уларни ана шундай савобли амаллар ва эзгу ишларга чорлайлик!

 Халқимиз азалдан ариқ-зовурларни тозалаб, тартибга келтириб,теварак-атрофнинг ифлосланишига асло йўл қўйишмаган. Баъзи маҳаллалардан ўтувчи ариқ ва зовурлар йиллаб тозаланмаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Энг ачинарлиси, маҳалладошларимиз , ёш йигит-қизларимиз, келинларимиз ариқларга чиқиндилар, бўш елим идишларни ташлашга оддий бир ҳол деб қарамоқдаларки. Бу бизнинг урф-одатимизга, тарбиямизга, миллий менталитетимизга мутлақо зиддир. Ваҳоланки, ота-боболаримиз ҳатто сувга туфлаш гуноҳлигини онгимизга сингдириб келишган.

Қадрли маҳалла раислари,фаоллари,кўча боши ва уй бошилар,уй бекалари,келажагимиз эгалари бўлган ёшлар!

 Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

Маҳаллалардаги ариқ ва зовурларни тозалаб, сув йўлларини равон қилиб, исроф бўлмаслигининг олдини олишда бош-қош бўлинг! Вақти-вақти билан ҳашарлар уюштиришдек муҳим хайрли ишларда сизларнинг ташкилотчилигингиз талаб этилади.

Ҳар бир савобли ишда сизларнинг ҳикматли сўзларингиз, пурмаъно ўгитларингиз халқимизга маънавий озуқа бериб, катта тарбиявий аҳамият касб этади.

Ҳурматли сув ва қишлоқ хўжалиги ходимлари, деҳқон-фермерлар ва томорқа эгалари!

“Сув-текин эмас” ғоясини амалга оширишда сизларнинг билимингиз, ташаббусларингиз, амалий фаолиятингиз алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун сизларни бу савобли ҳаракатнинг энг фаол иштирокчиси ва ташаббускорлари бўлишга чақирамиз!

 

Азиз аёллар, хонадон эгалари!

Кўп ҳолларда кўчалардаги, баъзан хонадонлардаги водопровод жўмракларидан тоза ичимлик сувининг беҳуда соатлаб, кунлаб оқиб ётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ахир бу увол-ку. Сувни тежаш эса савобдир. Дунёнинг қайси бир чеккаларида инсонлар бир қултум тоза ичимлик сувига зор бўлиб, қийналаётган пайтда бундай исрофгарчиликнинг ўзимизда содир бўлишига йўл қўймаслик барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Туманимизнинг қадрли ва жонкуяр меҳнат аҳли!

Олдимизда турган мақсад аниқдир. Сувни тежаш ва исроф қилмасдан эъзозлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Буни англаган ҳолда биргаликда, ҳамжиҳатликда “сув-текин эмас” ғоясини амалга оширишда фаол иштирок этайлик!

Токи, дарё ва ариқ-зовурларимизда тўлиб-тошиб, мўл- кўл зилол сувлар оқсин! Келажагимиз эгалари –азиз фарзандларимиз, набира ва эвараларимиз бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиб, миннатдор бўлиб, Янги Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшсинлар!

 

Мирсоат МИРСОДИҚОВ,

Чиноз тумани «Нуроний» жамғармаси раиси.

Танзила ОЛЛАБЕРГАНОВА,

Собирхўжа НОРХЎЖАЕВ,

Даврон ТЕШАБОЕВ,

Чиноз тумант “Нуроний” жамғармаси Кенгаши аъзолари.







Report Page