ЧАЛА ЁЛҒОН ёки Шуҳрат Ғаниев Ёзёвон тумани ҳокимига нега дакки берди? 

ЧАЛА ЁЛҒОН ёки Шуҳрат Ғаниев Ёзёвон тумани ҳокимига нега дакки берди? 

https://t.me/fvhaxborotxizmati
Фарғона вилоятида коронавирус пандемиясига қарши кураш бир дақиқа ҳам бўшашгани йўқ. Вилоятда касалланганлар сони нисбатан озлиги ҳам ана шу ҳамжиҳатликдаги ҳаракат натижасидир. Лекин бугунги мавзу бу ҳақида эмас.

Маълумки, Ёзёвон туманида бу йил 1450 нафар битирувчи мустақил ҳаётга биринчи қадам қўйяпти. Улардан 1295 йигит-қиз олий таълим ўқув юртларига ариза топширдилар. 143 нафар битирувчиларга эса 42 гектар ғалладан бўшаган ерлар такрорий экин экиб даромад олишларига имконият тариқасида бўлиб берилди. Жумладан, биз бўлган “Боқий” фермер хўжалигининг 11 гектар майдонида ёшлар меҳнат қиляпти экан.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бугун Ёзёвон туманидаги ёшлар, “темир дафтар”даги оилаларга берилган ерлар “тақдири” билан танишди.

Катта магистрал йўл ёқасидаги майдонда 30-35 чоғли ёшлар ерга маҳаллий ўғит солаётган эди.

– Бу ерга маккажўхори экдик, – дейди бир оз иккиланиб Хумоюн Рустамов.

Ғаниев ернинг тоби, тупроқдаги намлик даражаси, ҳар ер-ҳар ерда “чиқайми-чиқмайми” дея аранг қулоқ кўрсатаётган кўчат ва суҳбатдошидаги қатъиятсизликдан дарҳол тегишли хулоса чиқариб олганди.

– Сизга қанча ер берилган, – сўради ҳоким.

– 30 сотих.

– Хўш, унда айтингчи, 30 сотихга қанча уруғ экилди?

Хумоюн жавоб топишга қийналар эди.

– Кеч, анча кеч қолибди Ёзёвон ёшлари, – деди Ғаниев уни хижолатга қўймай. Ҳолбуки, бир гектар ерга дон учун 80-90, озуқа учун 120 килограмм маккажўхори уруғи экилишини ҳоким яхши билар, мақсади эса ёшлар ўзлари деҳқончиликни ўрганиб ишлаши эди.

“Темир дафтар”даги кам таъминланган оилаларга ажратиб берилган ердаги мош экилган далалар аҳволи ҳам бундан афзал эмасди.

Ер чанқаб қолган, ўқариқлар ҳалигача олинмаган, кўчат униб чиқмаган жойларга қайта уруғ ташланмаган, қисқаси, ёшлар, эҳтиёжманд оила аъзолари бу ерга ҳар куни келиб эгалик қилаётгани шубҳа остида қолганди.

– Президентимиз ташаббуси ва топшириғи билан вилоятимизда ғалладан бўшаган майдонлар тўлиғича ёшларга, кам таъминланган оилаларга бўлиб берилиб ижобий натижаларга эришилаётган бир пайтда Ёзёвон ҳокимияти, туман мутахассис ва фаоллари, депутатларидаги ҳамжиҳатлик йўқлиги ташвишли ҳолдир, – деди Шуҳрат Ғаниев туман ҳокими Йўлчибой Бойигитовга. – Сиздаги бефарқликка ортиқча тоқат қилолмаймиз. Бу жиддий хулоса чиқариш учун охирги огоҳлантириш. Хулоса чиқармасангиз қонун доирасида кескин чоралар кўришга мажбур бўламиз.

– Дарҳақиқат, бўшаган майдонларни ишсиз ёшларга беришда камчиликларга йўл қўйдик, кечикдик, хатони тузатамиз, – дейди туман ҳокими.

Биз Йўлчибой Бойигитов тавсияси билан “Акрам Акмал файз” фермер хўжалигининг собиқ даласига келдик. Бу ерда шу йилнинг март ойида бўлгандик. Ўшанда туман ҳокими 11 гектар майдонни 44 нафар ёшларга бўлиб берган, пакана ёнғоқ кўчатлари экилган эди. Ёшларнинг ўшандаги қувончини кўрсангиз!

4 ой ўтиб кўчатлар гуллаб яшнабди, қатор орасига экилган қовун-тарвуздан мўл ҳосил етиштирилибди.

– Менга ҳам ўшанда 25 сотих ер беришганди. Аввал ёнғоқ кўчатини экдик. Оралиқдаги тарвузларимдан кўзлаган ҳосилимни оляпман, – дейди Анваржон Аъзамов.

– Анваржон ёшлар кооперацияси раҳбари-да, – деди туман ҳокими. – Ўзи ҳам жуда меҳнаткаш, йигит.

Мен Анваржонни хос суҳбат учун пайкал орасига тортдим.

– 25 сотих сизники, 11 гектар жами 44 та ёшларникими? Ёнғоқ кўчатини экканларингда шу ерда эдим. Кооперация бор гапми? Низом, муҳр, ҳужжатлар тасдиқланганми?

Ҳамсуҳбатим бир нима демоқчи бўлдию, ер чизди. Кейин, қистовимга дош бермади:

– Ҳа энди... тўғриси, қатор орасидаги тарвуз меники, кўчатлар, ер... фермерники. Шунисига ҳам шукр.

Қизиқ бўлдику. Ер фермерники, фермер кластер тизими таркибида бўлса “ёшлар кооперацияси” деган гаплар қаерда қолди?! Наҳотки, “чала ёлғон” далаларда турган бўлсак?

Машинага ўтириб боя вилоят ҳокими билан бўлган “Боқий” фермер хўжалиги майдонларига қайтадан бордик. Очиғи, кўзларимга ишонмасдим. “Битирувчилар даласи” ҳам, “темир дафтар”даги оилаларга берилган ерда ҳам ҳеч ким йўқ эди. 

– Сизлардан кейин улар кетишган, – деди ариқ бўйида салқинлаётган, афтидан шийпон қоровули бўлса керак, ўрта ёшли одам.

Биз Шуҳрат Ғаниев Ёзёвон туман ҳокимига нега норозилик билан дакки бергани, унга охирги огоҳлантириш эълон қилгани сабабини энди тушунгандек бўлдик.

Хўш, Йўлчибой Бойигитов ўзи айтганидек, “тегишли хулоса” чиқариб олдимикан? 

Буни вақт кўрсатади.

Ҳа, дарвоқе, ҳоким буво, вилоятда коронавирус билан биринчи касалланган Ёзёвондан чиққан эди ва ягона ўлим ҳам шу ҳудудлик фуқарода содир бўлган. Аммо биз одамлар, ёшлар карантин талабларига риоя қилмай гавжум тургани, айримлар ниқобсиз эканини ҳам кўрдик. Бу ҳолатга ҳам сиз масъул эмасмидингиз?

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Report Page