Бўрилар шаҳри

Бўрилар шаҳри

"Шарқ юлдузи" журнали

Бўрилар шаҳри

Ҳар кимнинг ўз севган шаҳри бор. Кимгадир Самарқанд ёқади, кимгадир Шероз, кимгадир эса – Бағдод, Шом... Румни мақбул кўрганлар кўплаб топилади. Шаҳзода Бадиуззамон Мирзо бу борада асло иккиланган эмас. Унинг дунёда энг ардоқлаган шаҳри битта, бу – Астробод! Бу кўҳна шаҳарнинг Гурган, Журжон, Ҳиркания деган номлари ҳам бор. Эски китоблардан ўқиб, “ҳиркана” сўзининг кўҳна паҳлавий тилида “бўрилар ери” деган маъно ташишини ҳам билиб олди. Ҳа, Астробод – Бўрилар ери! Ҳамма замонларда ҳам бу шаҳар подшолар кўзини ўйнатиб келган. Қадимда форс подшоси Буюк Кир забт этиб ўз салтанати қабзасига киритганди, Буюк Искандар худди шу ерда жанг қилганда оғир ярадор бўлганди... Тупроғи серҳосил, Албурз тоғи яқин, шундоққина Хазар денгизи бўйида, иқлими илиқ, бироқ намхушликка тортади. Тоғлари худди қўл билан супуриб-сидириб қўйилгандек ороста, қалин ям-яшил ўрмонлар билан қопланиб ётади, кўпчилиги игнабаргли дарахтлар. Гўзал манзаралар кўз олдингизда ақлингизни олмоққа шошилади. Шаҳзода бу ерларда кезишни, хаёлларга берилишни яхши кўради. Рўзи азалда ёзилган экан, Бадиуззамон Мирзо мана шу бўрилар ерида туғилди. Туғилишини ҳам ўзича хосиятли санайди, буни бировга айтгани йўқ, сир сақлайди. Падари бузруквори салтанат даъвоси билан майдонларга от солганда (барини отаси сўзлаб берган) Хуросону Хоразмда, Мозандаронда, биёбонларда “қозоқ”лик паллаларида нимагадир сира омади юришмади, сарсон-саргардонликнинг эса охири кўринмасди. Ҳеч қаердан нажот кўринмасди. Ажабо, Астрободни қўлга киритиб, ўзининг пойтахти деб эълон қилгандан кейингина, йигирма ёшли Султон Ҳусайн Мирзога толе қопқалари очилиб бораётгандай туюлди, қудратига қудрат қўшила бошлади. Душманлари билан аёвсиз савашлар қурди, урди-сурди, чопди, тоғлардан ошди, дарёларни кечди, майдонларни, чўлу маликларни ғолиб жангчиларнинг сурони-ю учқур отининг туёғидан кўтарилган чанглар билан тўлдирди, охири Ҳиротда Хуросон салтанати туғини баланд кўтарди. Ҳа, Астрободнинг забт этилиши кўп шарофатли чиқди – Султон Ҳусайн Мирзонинг ҳамма зафарларини бошлаб берди! Астробод салтанат тахтига чиқишда мустаҳкам пиллапоя вазифасини бажарди. Султон Ҳусайн Мирзо, тақдир экан, ўз томирларини машҳур салжуқий подшо Султон Санжари Мозийга бориб улайдиган асли марвлик Султон Санжар билан яқинлашди. Бу Шерозда юрганларида юз берганди. Муносабатлар Марвда, Астрободда давом этди. Булар кейин. Шерозга келган подшоҳ Абулқосим Бобур Ҳиротга қайтиш олдидан Шероз бошқарувини шаҳзода Султон Санжарга топширди. Худди шу паллалар Абулқосим Бобурнинг оқ фотиҳаси билан Ҳусайн Султон Санжар қизи Бека Султонбегимга унаштирилди. Дабдабали тўй ҳам бўлиб ўтди. Бирдан Абулқосим Бобур қаттиқ ташвишга тушиб қолди – Ҳиротда ўз акаси Алоуддавланинг қўзғолон кўтариши хавфидан (тахт қўлдан кетиши мумкин!) воқиф бўлди-ю шитобан пойтахтга отланди. Вазиятнинг мўртлигини англаган Ҳусайн Мирзо ва Алишер оилалари ҳам зудлик билан Шероздан Ҳиротга қайтдилар. Куёвни пайғамбарлар сийлаган, деганларидай, Ҳусайн қайнотасидан кўп яхшиликлар кўрди, унинг мададларига суянди. Айни шу ерда, Астрободда йигирма ёшга тўлганда Оллоҳ таоло унга биринчи фарзандини ато этди: оилада шаҳзода ва маликани қувонтириб ўғил дунёга келди! Бу ҳам бир омад, бахт. Ҳусайн билан Бека Султонбегим ўғилларига Бадиуззамон Мирзо, яъни, замоннинг нодири, беназир кишиси, деб от қўйдилар. Аслида, бу отни ҳам дўсти, подшо фарзандларига ўзининг фарзандидай қарайдиган шоири замон Навоий қўйиб берди, аниқроғи, Машҳаддан айттириб юборди, кейинчалик уни “Замон аҳлининг бадии, яъни Султон Бадиуззамон Баҳодур” деб таърифлади. Бу ерда бирон-бир сеҳр борми, ё кимки Астрободни олса, забт этса иши юришади, деган дуо кетганми, ишқилиб, ҳамма сир-синоат шу бўрилар ерига келиб боғланарди, Темурийлардан ҳар бири ўзининг салтанат бобидаги илк қадамларини шу шаҳардан бошлашга ҳаракат қилиши пинҳона қандайдир таомилга айланиб қолганди. Ўша-ўша, Астробод жозибали, ёвларни ҳайрон қолдирган дор ул-фатҳ, ҳамиша музаффар туғ балқиган шаҳар мақомига эга. Бадиуззамон Мирзо ана шу бўрилар ерида туғилган, ундаги шижоат, шиддат, жасорат, ёвқурлик шу тупроқ нишонаси! Ўзини ҳам бўрига менгзайди. Лекин... кунлардан бир кун шу ерда безгак касалини орттириб олди. Ҳавоси намчил эканидандур, балки. Бирдан тутса, иситмаси ошиб, ўзини қўйгани жой тополмай қолади, гоҳ қаттиқ совқотади, ҳеч исимайди, иссиғи кўтарилса жойида ётолмайди, кўзига ҳар хил, ақл бовар қилмас, йўқ нарсалар кўринади, қайлардадир нотаниш ерларда юрадими-ей... Кейин, ўтиб кетади. Нега шундайлиги сабабини қидиргани ҳам йўқ, аммо ҳар баҳорда эмчига бориб туради. Шаҳзода Астробод билан фахрланганини яширмайди. Астрободга алоҳида меҳри бор. Астробод ахир умрининг бир узви, ҳаётининг бир парчаси!.. Подшонинг ҳам, эҳтимол шундан, тўнғич ўғлига меҳри бошқача эди: – Суянчиғим, ўғлим! Сиз шу ерда туғилдингиз, ўзим ҳам давлатни шу ерда қўлга киритдим. Давлатим туфайли сиз дунёга келдингизму ё сиз туфайли давлат қуши елкамга қўндиму? – деди бир куни мамнун Султон Ҳусайн Мирзо ўғлини бағрига босиб, елкаларига уриб-уриб қўяр экан. – Марҳаматли султоним! Менимча, бахтингизнинг очилишига ҳар иккиси – Астробод ҳам, ўғлингиз ҳам сабабчидур... – мамнун дерди малика Бека Султонбегим. Бу сўзларни эшитганда, Бадиуззамон хурсандликдан ҳар гал ўзини қайга қўйишни билмай қоларди. Беш ёшдали вақтида отаси уни эркалаб, гоҳ кўтариб, гоҳ ерларга юмалатиб ўйнатгани эсида. Ота қочарди, ўғил қийқириб қувиб етар ва отасидан “ўзиб” ҳам кетарди. “Зўр экансиз!.. – қувониб дерди подшо. – Сиз салтанатим валиаҳди эрурсиз!” Ўн бир ёшдалигида бир кун отаси билан Астробод шимолидаги овбоп ерга шикорга чиқдилар. Султон Ҳусайн Мирзо учар қушни урадиган зўр мерган эди. Қулоғини туёғи билан қашиб турган дунёдан бехабар кийикни узоқдан мўлжалга олди ва... илон сиёқли ўқ шувиллаб бориб, қулоқ ва туёқни битта қилиб тикиб қўйди! Мерганликни Баҳромгўрдан ҳам ўтказиб юборди ўшанда!.. “Отам зўр!” деб кўкрак кериб юрганлари ёдида... Лекин энди Бадиуззамон Мирзо фикрича, ўша ота бугун ўғлига... душман! Навоий подшо фарзандлари ичида шаҳзода Бадиуззамон Мирзога айрича эътибор берарди. Отасидан ўтган шоирлик фазилати туфайлидир балки Навоийнинг назарида, шаҳзода ҳусни суратдай кўркли, ҳусндор, сийрати ҳам, сурати ҳам ораста, ёрқин жамолини ботиний камоли безаган йигитдур. Ўтириш-туришда боодоб, базмда ичмак ва тановулда таъби жуда нозик, худди назм услубига мойил майин ва мулойим... Бадиуззамон Мирзо ўн беш ёшга қадам қўйганда падари бузруквори уни уйлаш ташвишини чека бошлади ва бу фикрини ўғлига билдирди. Ўзини сипо тутган, ичидан эса қувонган шаҳзода бошини ердан кўтара олмади. Орага бошқа гап сиғмади. Подшо Султон Ҳусайн Мирзо салтанатда ҳамма ишни чақиндай тез амалга оширишни хуш кўрарди. Кўп ўтмай Султон Абусаид Мирзонинг Хоним бегим деган ўн уч яшар сулув қизини келин қилиб келтириш югур-югурлари бошланиб кетди. Тўйдан ҳам кўра, унинг “бўлди-бўлди”си қизиқ. Бир сирни очсак, гўзал чеҳрали, қадди-қомати бежирим, қўғирчоқдай суюмли Хоним бегимни Бадиуззамон Мирзо кўпдан пинҳона кўз тагига олиб юрарди. Отаси жангларда қазога учрагандан кейин етим қолган қиз бирдан чўкиб кетгандай туюлганди шаҳзода назарида... Хоқони мансур тўнғич ўғлининг тўйини ҳақиқий шаҳзодага муносиб тарзда ўтказишга фармон берди. Тезликда Ҳиротдаги Боғи Зоғонда келин-куёвлар учун жуда баланд, ҳашаматли, жаннат боғларининг рашкини қўзғайдиган чортоқ (кўшк) қуришга киришдилар. Бу боғдаги биринчи чортоқ эди. Ўша-ўша, бу боғда ҳар бир шаҳзодага шоҳона чортоқ бунёд этила бошланди. Боғи Зоғон бора-бора шаҳзодалар боғига айланиб қолди. Тўй, шодлик ва сурур айёми бир ойга чўзилди. Созандалар чарчаш нималигини билмадилар, Устод Қулмуҳаммад ҳам танбурини бир неча марта ғилофига жойлаб, талабларга биноан яна қайтадан қўлига олди. Мусиқа овозлари борлиқни тўлдирди, мумтоз қўшиқлар янгради. “Кошки” қўшиғи неча марта ижро этилди экан, биров ҳисоблагани йўқ. Шаҳардан ташқаридаги катта майдонда эса кўпкари ўйинлари, хўроз уриштиришлар, қўчқор жанглари давом этди. Ичкаридаги кураш майдонида ҳам жанглар тинмади... Тўйнинг довруғи эл-юртга ёйилди. Бир шоир кейин тўйни шундай таърифлаб, чиройли муболаға қилди: Боғладилар гўзал ойни сулув юлдузга... 

Муҳаммад АЛИ

Report Page