“БЎСТОН”НИНГ БЎСТОНЛАРИ

“БЎСТОН”НИНГ БЎСТОНЛАРИ



Бундай чиройли манзара одамга илҳом бағишламасдан қолмайди, албатта. Ҳоким ёрдамчиси Зафар Музаффаровга юзланамиз:”Зўр гулчиларингиз билан учраштирсангиз”.

           –8,9 гектарга яқин ер аукционга қўйилганди, – дейди Зафар Музаффаров. – 45 та лотни ёшларимиз иштирок этиб ютиб олишди ва бугунги кунда турли маҳсулотлар етиштиришмоқда. Битта контурда “Бир контур –бир маҳсулот” бўйича иш олиб борилмоқда. 1 гектар 20 сотих ерда 10 нафар ёш меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирмоқда. Кооперацияга Ҳикмат Расулов деган миришкоримиз масъул. Сизларни шу киши билан таништирмоқчиман.

У шундай дея бизларни далага бошлади.

ДАЛАЛАР ТАРОВАТИ

Ариқ ёқалаб одимлаймиз. Ариқнинг параллел томонидаги бепоён далаларнинг йўлга туташ қисмида турли хил сон-саноқсиз қимматбаҳо дарахт кўчатлари ўсиб ётибди. Унинг харидорлари шаҳардаги ташкилотлар экан.

Дарахтларга маҳлиё бўлганча, ўнг томондаги тупроқ йўлга бурилиб, даланинг ичкариси томон одимлаймиз. Далаларда маккажўхори, қулупнай, қалампир каби бир қатор экинлар яйраб ўсиб ётибди. Даланинг янаям ичкарироғига киргандик, Зафар Музаффаров “етиб келдик”, деб қолди. Машинадан тушиб бизни кутиб олган кишига юзландик.

–Бу киши мен сизларга боя ҳикоя қилиб берган Ҳикмат Расулов бўлади, – дея бизларни таништирди Зафар. – Ҳақиқий деҳқон.       

Дала айланамиз. Димоғимизни яна анвойи гуллар атри қитиқлай бошлайди. Ана далани тўлдириб, унга кўрк бериб турган гул – “Лаванда”. Уларнинг баъзилари чаман гуллаган, айримлари ғунчалаб турибди. Яна бир пайкалда “Чебурок”, бошқасида “Лимонный тильян” яшнаб, кўзни қувонтирса, бошқа пайкалда “Хризантема”, “Шалфей” “менга ҳам қаранглар”, дегандек товланади.

–Бу оила ҳар томонлама ҳаракатчан, – дейди Зафар, – 2022 йилда кредитга қўй олишди. Кейин мотокультиватор олишларига кўмаклашдик. Энди эса ер олиб, гулчилигини янада ривожлантиришмоқда.

ИНСОН МАТОНАТИ

Орамизда шундай одамлар бор:тўрт мучаси соғ ёки уйида қўлидан иш келадиган оила аъзоси бор, лекин бирор фойдали иш қилишмайди, турли баҳоналарни рўкач қилишиб, кимлардандир таъминот кутиб яшашади. Ундайларни кўрганимизда умри фақат жўшқин меҳнат ичида ўтаётган Ҳикмат ака каби инсонлар кўз олдимизга келади.

Ҳа, тақдир Ҳикмат аканинг бошига не-не синовларини юбормади дейсиз. 5 ёшида отаси дунёдан кўз юмди. Онаси 3 қиз, 2 ўғилни бағрига босганча бўзлаб қолаверди. Орадан йиллар ўтди. Ҳикмат онасининг ёнига кирди. Дала ишлари билан шуғулланди. Уйланди. 6 нафар фарзандлик бўлди. Олдинда яна тақдирнинг бешафқат битиги кутиб турган экан, оғир касалликдан сўнг синглиси вафот этди. Ҳикмат унинг икки фарзандини бағрига олди. Коронавирус пандемияси асорати опасини ҳам бу дунёдан олиб кетди. Унинг икки боласини ҳам кўчага ташлаб қўймай, фарзандлари сафига қўшиб, 10 нафар фарзандга оталик қилмоқда. Бу ёқда онаси ҳам касалманд. Лекин Ҳикмат тақдир синовлари олдида тиз чўкмади, олдинга, фақат олға ҳаракат қилди.

Азалдан кўчат етиштиришга иштиёқманд бўлган Ҳикмат 20 йилдан ортиқ бировдан ижарага ер олиб, шу иш билан шуғулланди, 2 сотихли томорқасини ҳам бўш қўймади. Мана энди омад унга кулиб боқиб, аукционда ўғли 20 сотих ер майдонини ютиб олди.

Лекин ҳали қувонишга эрта эди. Қамиш, бошқа турли бегона ўтлар макони бўлиб, улар инсон бўйидан баланд бўлиб ўсиб ётадиган бу ерларнинг бал бонитети ниҳоятда паст эди. Қолаверса, бу ерга сув ҳам келмасди. Лекин ер Ҳикмат ака учун тилладан қиммат эмасми, айнан шу ерни обод қилишга киришиб, қўлига чалғи олди. Чунки бу ўтларни усиз ўриб ҳам бўлмасди. Барака топишсин, турмуш ўртоғи, фарзандлари ёнига киришди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, дала бегона ўтлар ва уларнинг патак бўлиб кетган илдизларидан тозаланди. Шундан сўнг мотокультиватори қўл келди. Шу тариқа ер эпақага келтирилиб, ариқ олинди. Лекин сув масаласи муаммо эди. Ҳикмат ака бунинг ҳам йўлини топди, ариқ қаздириб, сув келтирди. Бу ишлар жорий йилнинг 8 февралида бошланган бўлса, мана орадан кўп ўтмай ўтзор бўлиб, қуриб-қақшаб ётган майдон бугун чиройли бир далага айланди. Инсоннинг қўли гул, деб шунга айтсалар керак-да.  

–Бу ерга помидор ҳам, булғор қалампири ҳам экиб, синаб кўрдим, бўлмади, ер хоҳламади, – дейди Ҳикмат ака. – Бугун гулчилигимни давом эттираяпман. Лекин бегона ўтларни йўқотиш мушкул бўлаяпти. Турли кимёвий дорилар ҳам сепиб кўрдим, бўлмади, гулларга сув қўйишим билан улар ҳам бодраб чиқиб келаверади. Нима ҳам дердик, ўтайверамиз. Асосийси, фарзандларимиз ёнимизда. Улар бизнинг кўмакчиларимиз. Ўқишдан бўш пайтларида ёрдам беришади. Уларнинг борига шукр. Далага 10-12 киши бўлиб чиқсак, ишимиз тезда битади.

Ҳикмат акадан нима учун айнан доривор гиёҳлар ўстиришни танлаганини сўрадик.

–Дунёда соғлиқдан-да муҳим нарса йўқ, – дейди у. – Бувиларимиз ҳам касал бўлиб қолганимизда гиёҳлар ёрдамида даволардилар. Шу сабабли ҳам доривор гиёҳларга меҳр қўйдим. Уларнинг қайсиниси қайси касалликка шифо эканлигини ўргандим, гулларни экиш, парваришлаш, етиштириш сирларини ўргандим. Бугун мана билганларимни фарзандларимга ўргатаяпман. Ҳадемай, ўғил уйлантириб, қиз чиқарамиз, келгусида невараларимга ҳам ўргатиш ниятим бор. Чунки тиббиёт билан бирга табобат ҳам керак. 

Ҳикмат ака билан гуллар, уларнинг ўзига хос олами ҳақида суҳбатлашиб зерикмайди киши.

–Гулларнинг ҳам ўзига хос характери бор, – дейди у. – Мана бу гулим хушчақчақликни яхши кўради, жанжални, бақир-чақирни ёқтирмайди, қуриб қолади. Шунинг учун унга алоҳида эътибор кўрсатиш керак. Умуман, гуллар ҳам одамлар каби меҳрни яхши кўради. Қанчалик кўп меҳр берсангиз, шунчалик гуркираб ўсади. Шунинг учун ҳам вақтида ўғитини, сувини, дармондориларини бериб борамиз.   

Сентябрь ойида гуллар сотувга етилар экан. Нима ҳам дердик, баракасини бердик. Чунки унда оиладаги барча –ота, она, бувидан тортиб 10 нафар фарзанднинг ҳам насибаси бор.

Жамила АРСЛОНОВА,

Дилбар ШАРИПОВА. 


Report Page