Бутунжаҳон таълим форуми якуни: 20 дан ортиқ учрашув, имзоланган меморандум, талабалар билан учрашув

Бутунжаҳон таълим форуми якуни: 20 дан ортиқ учрашув, имзоланган меморандум, талабалар билан учрашув

@eduuz

Хабарингиз бор, жорий йил 22-25 май кунлари Лондонда навбатдаги “Бутунжаҳон таълим форуми” бўлиб ўтди. Унда 110 дан зиёд давлат делегациялари қатнашди.  

Буюк Британия томонининг таклифи билан Форумда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К. Каримов бошчилигида Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбарияти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.  

Форумда қатнашиш билан бирга, Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси кўмагида республика делегацияси аъзолари Буюк Британиянинг бир неча таълим ташкилотлари ҳамда бошқа хорижий давлатлар расмий делегациялари билан қатор расмий учрашув ва музокаралар ўтказдилар. 

Форум биринчи кунида хориж делегациялари учун кечки расмий қабул ташкил этилиб, унда мамлакатимиз делегацияси билан “Бутунжаҳон таълим форуми” ижрочи директори Доминик Саваж ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Д. Саваж Ўзбекистон делегациясининг Форумдаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, халқаро таълим маконидаги жараёнларда республиканинг фаол қатнашиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон томони Форум ижрочи директорини республика таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар билан таништирди.

23 май, “Бутунжаҳон таълим форуми” ўз ишини бошлади. Бу галги Форум «Таълим: биргаликда кучлироқ, дадилроқ, яхшироқ олдинга интиламиз» мавзусига бағишланди.  

Форум очилишида мезбон сифатида Британия таълим вазири Надим Заҳавий иштирок этди. 

Бутунжаҳон таълим форуми доирасида Осиё, Лотин Америка ва Африка мамлакатлари учун келгуси 10 йил давомида таълимни ривожлантиришга қаратилган алоҳида Жамғармани (“International Finance Facility for Education”) ташкил этиш белгиланди. Мазкур Фонд доирасида мамлакатларга 2023/2024 йилдан бошлаб маблағларни йўналтириш белгиланиши кутилмоқда.

Муҳокамаларда Ўзбекистон делегацияси аъзолари иштирок этиб, мамлакатимиз таълим тизимидаги бугунги кундаги ҳолат, асосий мақсадлар ва режалар бўйича батафсил ахборот берди.

Шунингдек, Форум доирасида Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон делегациясининг бир қатор учрашувлари ҳам ташкил этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К. Каримов ва Президент таълим муассасалари агентлиги директори Х. Умарова Буюк Британиянинг “THE” халқаро рейтинг агентлиги вакиллари – статистика бўйича ижрочи директор Данкен Росс, агентликнинг бошқарув директори Элизабет Шепард билан учрашдилар.

“THE” халқаро рейтинг агентлиги вакиллари билан учрашув

Маълумот учун: “Times Higher Education World University Rankings” – дунё олий таълим муассасалари рейтингини тузиш билан шуғулланувчи Буюк Британия ташкилоти бўлиб, халқаро миқёсда тан олинган рейтинг агентликлари орасида нуфузли ўринни эгаллайди. Асосан илмий тадқиқот жадал ва кенг миқёсда олиб бориладиган ОТМларни баҳолаш билан шуғулланади.

Масалан, 2021 рейтинг жадвалида муассаса фаолиятини қуйидаги 5 та жабҳада баҳолаган:

 -  таълим (30%);

 -  илмий тадқиқотлар ҳажми/тижоратлашуви (30%); 

 -  иқтибослар (30%);

 -  халқаро ҳолат (мавқеи, хорижий ўқитувчи ва талабалар сони) (7,5%);

 -  билимнинг амалиётга тадбиқ этилиши (2,5%).

"THE" томонидан тузилган 2021 йилги рейтинг 93 мамлакат ва минтақалардаги 1500 дан ортиқ университетларни ўз ичига олган.

Ушбу рейтинг агентлиги вакилларига Ўзбекистон олий таълим тизими ва унда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон томони республика олий таълим муассасаларини (ОТМ) халқаро таълим майдонида тан олинган рейтингларга кириши борасида қўйилган вазифалар ҳақида батафсил ахборот берди. Ўз навбатида, ушбу йўналишда олий таълим муассасалари томонидан аниқ ҳаракатлар дастурларининг бажарилиши доирасида ҳамкорлик қилиш ҳамда олий таълим муассасаларига тавсиялар бериб бориш маълум қилинди.

Учрашувда жорий йил 31 май куни “Янги Ўзбекистон” университетида республикамизнинг бир қатор олий таълим муассасалари вакилларига халқаро рейтингдаги позицияларни янада яхшилаш мавзусидаги ўқув-семинар ташкил қилиш мақсадида мазкур халқаро рейтинг ташкилоти минтақавий вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишилди. 

Форумнинг учинчи куни Тошкент давлат педагогика университети трансформацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги педагоглар малакасини ошириш мақсадида Буюк Британиянинг етакчи олий ўқув юртлари Warwick University (дунё рейтингида 60 ўринда), NILE Norwich (дунё рейтингида 1000 таликда), University of Northampton (дунё рейтингида 1000 таликда) университетлари билан ўтказилган музокаралар натижасида мазкур университетлар етакчи соҳалари – чет тили ўқитувчиларини ўқитиш (Warwick ва NILE Norwich), имконияти чекланган болалар билан ишлаш (University of Northampton) бўйича экспертларни жалб қилишга келишиб олинди.

Форум сўнгги кунида Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг Британия Кенгаши президенти Скотт Макдональд билан олий таълимни ислоҳ қилиш жараёнида ушбу ташкилот билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан инглиз тилини ўқитиш технологиялари, ушбу йўналишда педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда олий таълим тизимига Британия таълим сифати стандартларини жорий этиш масалаларида фикр алмашилди.

Ташриф доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К. Каримов ва Президент таълим муассасалари агентлиги директори Х. Умароваларнинг Оксфорд университети биринчи проректори Мартин Уильямс билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ушбу хорижий олий таълим муассасасининг мамлакатимиз таълим масканлари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Оксфорд университети вакиллари билан учрашув

Томонлар илмий ҳамкорлик, жумладан археология, тарихий қўлёзмаларни ўрганиш соҳаларида олий таълим муассасалари изланувчилари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга келишиб олдилар.

М. Уильямс ўзбекистонлик талаба ва илмий тадқиқотчиларни ўқиш ва стажировка ўташ учун Оксфорд университетига юбориш имкониятини ўрганиб чиқиши мумкинлигини билдирди.

“Advance HE” компанияси директори Элисон Джонс билан учрашувда Ўзбекистонда молиявий ва академик мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг бошқарув фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларида ҳамкорлик муҳокама қилинди.

“Advance HE (Higher Education)” директори Элисон Джонс билан учрашув

Маълумот учун: “Advance HE (Higher Education)” – олий таълимдаги стратегик ўзгаришлар ва уни доимий такомиллаштириш бўйича тавсиялар берувчи халқаро миқёсдаги Британия ташкилоти. Британиядаги барча ОТМлари ушбу ташкилот аъзоларидир. “Advance HE” Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантириш борасида сўнгги 3 йил давомида Британия Кенгаши билан ҳамкорлик қилмоқда. 

Британия Кенгашининг молиявий кўмагида ушбу компания билан молиявий ва академик мустақиллик берилган 35 та ОТМ бошқарув фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳа амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. 

Глазго университети Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Моира Боланд хоним Ўзбекистон олий таълим муасссасалари билан тиббиёт, иқтисодиёт, бизнес бошқаруви, техника-муҳандислик таълим соҳаларида алоқаларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Глазго университети вакили билан учрашув

Маълумот учун: Глазго университети – халқаро рейтинглар бўйича дунёнинг энг нуфузли 100 та университетларидан бири. Ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси Глазго университети билан турли йўналишларда, жумладан дарсликлар ва маъруза материалларини такомиллаштириш борасида ишларни амалга оширмоқда.

Қироллик қишлоқ хўжалиги университети проректори Нил Равенскрофт билан учрашувда хориж томони Тошкентда ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети билан олиб борилаётган ўзининг яқин ҳамкорлиги тўғрисида ижобий фикрларини билдирди.

Халқаро қишлоқ хўжалиги университети профессор-ўқитувчилар таркиби учун ушбу хорижий олий таълим муассасасида стажировкалар ташкиллаштириш, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида жорий қилиш учун янги таълим дастурларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, икки ОТМ ўртасида илмий тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини амалга оширишга келишилди. Н. Равенскрофт Тошкентда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ушбу янги ОТМ фаолиятини келгусида қўллаб-қувватлаб боришга тайёрлигини билдирди.

Юқоридаги учрашувлардан ташқари, Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси юртимизнинг Британиядаги элчихонасида ташкиллаштирилган кечки қабулда қатнашди. Қабул Ўзбекистонда таълим ва илмий ҳамкорлик имкониятларига бағишланиб, унда 100дан ортиқ академик ва илмий доира вакиллари, жумладан Буюк Британиянинг етакчи ОТМлари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида ташкил этилган давра суҳбати

Шунингдек, қабул доирасида “Янги Ўзбекистон ва Британия таълими: ёрқин келажак учун яқин ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда делегация раҳбари К. Каримов нутқ сўзлаб, меҳмонларга республикамиз умумий таълим тизими ва унда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, республикада олий таълимни халқаролаштириш жараёнида хорижлик ҳамкорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисида гапириб берди.  

Элчихонадаги ушбу тадбир доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К. Шарипов, Лондон университети (“The University of London”) проректори Мэри Стиасна ва Лондон иқтисодиёт ва сиёсатшунослик мактаби (“London School of Economics and Political Science”) академик директори Дэвид Веб ўртасида таълим дастурини амалга ошириш тўғрисида уч томонлама келишувни имзоладилар.

ОТМлар ўртасида уч томонлама шартнома имзоланиши

Ушбу ҳужжат дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Лондон иқтисодиёт ва сиёсатшунослик мактабининг бухгалтерия ва молия, иқтисодиёт ва банк иши каби таълим дастурларини 2022/2023 ўқув йилидан ТДИУда амалга оширишни назарда тутади. 

Маълумот учун: Лондон иқтисодиёт ва сиёсатшунослик мактаби – дунё миқёсидаги энг нуфузли университетлардан бири (“THE” рейтингида 27-ўринда). Ижтимоий фанлар бўйича АҚШнинг Гарвард университетидан кейинги 2-ўринни эгаллайди. Бугунга қадар ушбу университетда жами 55 нафар турли давлатлар раҳбарлари таҳсил олган. 2016 йил ҳолатига кўра, 13 нафар битирувчи ва олимлари иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель мукофотини қўлга киритганлар. 

Шу билан бирга, қабул давомида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К. Каримов, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У. Шарифхўжаев, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Х. Умарова бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар, жумладан “Эл-юрт умиди” фонди ҳомийлигида ушбу хорижий мамлакатга ўқишга юборилган истиқболли ёшлар билан учрашдилар.

Бўлиб ўтган суҳбатда ушбу талабаларнинг Британия ОТМларида таҳсил олаётган таълим соҳалари ва келажакда ушбу соҳаларни Ўзбекистонда янада ривожлантириш тўғрисида фикр-алмашилди. Талабалар хорижий етакчи ОТМларда таҳсил олган юқори малакали мутахассисларга республикамизда мавжуд эҳтиёж ва уларни келгуси меҳнат фаолияти давомида қўллаб-қувватланиши борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. 

Шунинг билан мамлакатимиз делегациясининг “Бутунжаҳон таълим форуми” доирасидаги тадбирларда иштироки якунланди.

Report Page