Бухорода тўлиқ таъмирланган Олимпия захиралари коллежи очилди, энди бу маскандан янги чемпионлар етишиб чиқади
https://t.me/MinsportuzБугун кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳрида инвестиция дастури асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилган Олимпия захиралари коллежининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этди.
Маросимда Бухоро вилоятининг чемпион ўқувчилари, фахрий спортчилар, коллеж жамоаси, Бухоро вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу маскан эндиликда ёшларнинг ўз иқтидор ва имкониятларини тўлиқ намоён этишлари учун кенг имкониятлар тақдим этишини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун Ҳукуматимиз, қолаверса Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ташаккур изҳор қилишди.
Шундан сўнг вазир коллежнинг ўқув хоналари, кимё, биология, информатика ва лаборатория хоналарини кўздан кечириб, таъмирланиш ва жиҳозланиш ҳолати билан танишди. Спорт мажмуасидаги таэквондо залида спортчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, ютуқ ва камчиликларга тўхталиб ўтди.
Бокс залида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Равшан Ходжаев билан суҳбатлашиб, бўлғуси чемпионларнинг натижалари ва келгусидаги ўқув-йиғин машғулотлари билан қизиқди.
Коллежнинг бадиий гимнастика залида гимнастика гилами таъмирталаб аҳволда эканлигини кўриб, бу ерга вазирлик номидан янги гимнастика гилами совға қилинди. Спортчилар янги гилам устида ўз машғулотларини давом эттиришди.
Шунингдек, Д.Набиев коллежнинг янги қурилган очиқ футбол, волейбол ва стол тенниси майдонларини ҳам кўздан кечирди.
Тадбир сўнгида вазир ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан эсдалик учун суратга тушди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати