Бухорода россиялик профессорлар мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказдилар
Buxoro.uzЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили ҳар юз минг чақалоқдан 6-10 нафари юрак нуқсони ва бошқа туғма касалликлар билан дунёга келади. Олимларнинг эътирофича, туғма касалликлар, юрак нуқсони ёки умуман, туғма аномалияларнинг ривожланишига ҳомиладор аёллардаги анемия, аёлнинг сурункали ёки ўткир инфекцияли касаллиги, вирусли касалликлар, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, гармонал ҳамда нейрогуморал омиллар бевосита таъсир кўрсатади. Ўзбекистонда бу хасталиклар олдини олиш, эрта аниқлаш ва бемор болаларни дарддан фориғ этиш бўйича диққатга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришда тор доирадаги мутахассислар малакасини ошириш, хориждаги етакчи клиникалар билан тажриба алмашиш, илғор ва замонавий методларни амалиётга тадбиқ этиш йўналишида эътиборга молик ишлар қилинаётганлиги кишини қувонтиради. Шу маънода Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази эндиликда нафақат пойтахт Тошкент шаҳридаги, балки тиббиёти ривожланган қатор хорижий давлатлардаги етакчи тиббиёт олийгоҳлари ва даволаш муассасалари, клиникалари билан ҳамкорлик қилиб, соҳада сезиларли ютуқларга эришмоқда. Бу ҳамкорлик доирасида шу кунга қадар ўзаро тажриба алмашиниб, кўплаб маҳорат дарслари ўтказилган. Болалар хирургияси йўналишидаги ҳамкорлик эса вилоят педиатриясида муҳим даврни бошлаб бераяпти, десак асло муболаға бўлмайди.
Яқинда Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳридаги Илизаров номидаги травматология ва ортопедия академияси профессорлари Тёпленкий Михаил Павлович ҳамда Парфёнов Эдуард Михайловичлар хизмат сафари билан Бухорода бўлишди. Вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлган россиялик мутахассислар мазкур муассасада икки кун давомида даволанаётганларни тиббий кўрикдан ўтказиб, жароҳат оқибатлари, ортопедия ва нейрохирургия бўлимларида олдинги йилларда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморлар саломатлиги билан яқиндан қизиқдилар. Ўз текширувлари ва беморлар билан юзма-юз мулоқотда саломатлигига бефарқ бўлмаганларга тезроқ соғайиб кетишлари, самарали даволанишлари учун тавсияларини бердилар.
— Аҳамиятли жиҳати, россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг жароҳат оқибатлари, ортопедия ва нейрохирургия бўлими шифокорлари З. Куйиков ва Б. Қурбоновлар суяк-мушак тизимида оғир туғма ва орттирилган деформациялари бўлган 3 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказдилар, — дейди ВБКТТМ ахборот хизмати раҳбари Мажид Очилов. — Бу амалиётлардан сўнг беморлар умумий аҳволи яшиланмоқда. Улар яқинлари россиялик мутахассисларга ҳамда марказ шифокорларига ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати