Бухорода ички ишлар органлари фахрийлари ва ёш ходимларининг республика анжумани ўтказилди
Buxoro.uzБухорода ички ишлар органлари фахрийлари ва ёш ходимларининг III Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан соҳа фахрийлари, ёшлар етакчилари иштирок этишди. Қатнашчилар анжуманнинг биринчи кунида вилоят туманларида бўлиб, “хонадонбай” ва “ходимбай” усулида Бухорода амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.
Илмий-амалий конференциянинг асосий тадбирида ИИВ ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўз олиб, эл-юрт тинчлигини, хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида тўхталди. Халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари ходимларининг муносиб хизматлари борлигини таъкидлади. ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов фахрийлар томонидан ўтган бир йил давомида олиб борилган ибратли юмушлар, жумладан, уч авлод учрашувлари, ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботи ва энг асосийси, “Бир фахрийга ўн ёш ходим” йўналишидаги ишларнинг самараси хусусида фикр – мулоҳаза юритди.
Анжуманда келгусида устоз-шогирд анъанасини амалиётда жорий этиш ва шу орқали ёш ходимларни тарбиялашда фахрийларнинг тажрибасидан унумли фойдаланиш муҳимлигига алоҳида урғу берилди.
Илмий-амалий конференцияда фидокорона меҳнат қилиб, бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек олижаноб ишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Шундан сўнг иштирокчилар вилоят ИИБ даволаш профилактика муассасалари Тиббиёт бўлими госпиталига қарашли “Тўдакўл” реабилитация тиббий марказининг очилиш маросимига қатнашишди.
Таъкидланганидек, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли госпиталда давонувчи беморлар учун ўринлар етишмаслиги муаммоси мавжуд эди. Қолаверса, шарт – шароитлар ҳам бугунги кун талабига жавоб бермасди. Вилоят ИИБ раҳбариятининг ташаббуси ҳамда вазирликнинг бевосита кўмаги билан “Тўдакўл” болалар оромгоҳи негизида умумий майдони 12 гектар бўлган, 60 ўринга мўлжалланган стационар барпо этилгани шу нуқтаи назардан айни муддао бўлди. Янги тиббий маскан барча қулайликларга эга. У 23 та 2, 3 ва 4 кишилик палаталар, муолажа ва физиотерапия хонаси, ЛФКхонаси, фитобар, ошхона ҳамда спорт майдончаларидан иборат. Тиббий марказ жаҳон стандартларига тўлақонли жавоб берувчи “Дарсонваль”, “Амплипульс”, “Электрофорез”, УВЧ, “Магнитотерапия”, “Тубус-кварц” ҳамда бўйин ва бел умуртқаларини тракцион тортиш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, у асаб, таянч-ҳаракат, нафас олиш, ошқозон-ичак, эндокрин тизимлар, асаб тизимидаги стресслар, сурункали чарчоқ, семизлик-метаболик синдром каби касалликларни даволашга ихтисослашган.
Бундан ташқари, конференция доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, саёҳатлар ташкил этилди. “Уч авлод учрашуви” байрам дастурхони ёзилиб, концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Истам Иброҳимов