Бухорода электробуслар ҳаракати йўлга қўйилади...ми?

Бухорода электробуслар ҳаракати йўлга қўйилади...ми?

Buxoro.uz

Юртимизда электромобилларга бўлган талаб ҳам, қизиқиш ҳам тобора ортиб боряпти. Атроф-муҳит учун мутлақо зарарсиз бўлган бу турдаги транспорт воситалари камхаржлиги билан ҳам қатор афзалликларга эга. Бугун Бухорога ана шундай экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий электробус олиб келинди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов электробуснинг ўзига хос имкониятлари билан танишди.

Маълумот берилишича, деярли шовқинсиз ҳаракатланадиган транспортнинг замонавий ташқи ва ички дизайни одатий автобуслардан фарқ қилади. 27 ўриндиқли электробуснинг йўловчиларни ташиш умумий ҳажми 80 кишидан иборат. Поли паст, зинапоялар ва подиумнинг йўқлиги туфайли йўловчилар (шу жумладан, пенционерлар, аравачаларда ҳаракатланувчи йўловчилар, алоҳида эҳтиёжли кишилар) салон бўйича эркин ҳаракатлана олади. Имконияти чекланганлар учун ажратилган махсус ўриндиқлар эса алоҳида ранг ва белгилар билан ажратилган. Ногиронлар чиқиши учун зарур кўтаргичлар ҳам бор. Ички салон видеокузатув камераси, автоматик ҳаво намлигини сақлаш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

— Электробус 2,5 соат давомида оладиган тўлиқ қуввати билан 300-350 километр масофани босиб ўтади. Яъни, олинган қувват эрталабдан кечгача етади. Заряд 12 фоиз қолганида, автобус автоматик тарзда юришдан тўхтайди — шу орқали қувватлантириш зарурлигини билдиради. Унинг аниқ кўрсаткичлари ва бошқа барча маълумотлар эса сенсорли экранда кўриниб туради. Асосийси, электробуслар ҳаракатланиш давомида экологияга мутлақо зарар етказмайди. Айни вақтда бу энг муҳим кўрсаткичлардан бири. Ахир, автотранспортларнинг атмосфера ҳавосига чиқараётган ифлослантирувчи моддалари ҳажми ошиб бориши транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси масъул ходими Умид Баҳронов.

Хитой давлатининг “Zhongtong Bus со., Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган ушбу электробус Бухоро шаҳри кўчаларида бир неча кун давомида тажрибада синаб кўрилади. Ташувчи ва йўловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ҳар кунлик мониторинг ишлари олиб борилади. Тажрибадан келиб чиқиб, ундан йил охирига қадар 100 та олиб келиниб, йўналишларга жойлаштирилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page