Бухорода бўшаб қолган ўринга Сенат аъзоси сайланди

Бухорода бўшаб қолган ўринга Сенат аъзоси сайланди

Buxoro.uz

Бугун, 4 февраль куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари Худоёр Маматов очиб, йиғилганларни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тўғрисида”ги Низом билан таништирди.

Қўшма мажлисга 15-"Лоша” сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов раислик қилди.

Мажлисда ишчи ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан маслаҳат Кенгаши раиси Самойиддин Ҳусенов сўзга чиқди.

У ўз чиқишида 51-“Халқобод” сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, вилоят ҳокими Ботир Зарипов номзоди Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия қилинганини айтди.

Қатнашчилар Сенат аъзолигига номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан таништирилди.

Ботир Зарипов 1969 йил 20 ноябрда Ғиждувон туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 1997-1998 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Юридик ва жисмоний шахсларни кредитлаштириш бўлими бошлиғи, 1998 йилда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Қоровулбозор филиали қурилиши бошлиғи, 1998-2005 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Қоровулбозор филиали бошқарувчиси, 2005-2006 йилларда Марказий банк Бухоро вилояти Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари - Инкассация бошқармаси бошлиғи бўлган. У 2006 йилда Марказий банкнинг Бухоро вилояти Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2006-2008 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Бухоро бўлинмаси бошқарувчиси, 2008-2012 йилларда Марказий банк Бошқаруви раисининг ўринбосари, 2012-2013 йилларда Марказий банкининг Нобанк кредит ташкилотларини назорат қилиш ва тартибга солиш департаменти директори, 2013-2015 йилларда Марказий банк Кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори, 2015-2016 йилларда АТ “Агробанк” Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2019 йилларда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган. 2019 йил 4 апрелдан эса янгидан ташкил этилган “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Бошқаруви раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2020 йил 7 ноябрдан бошлаб Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда. Ботир Зарипов “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган. Вилоят Кенгаши депутати.

59-"Чандир”, 36-"Зандани”, 49-"Ғовшун”, 24-"Ромитан” сайлов округларидан вилоят кенгашининг депутатлари Сайитқули Оққиев, Санам Жумаева, Абдулла Нарзуллаев, Марҳабо Пардаевалар сўзга чиқиб, Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия этилган Ботир Зариповнинг номзодини қўллаб-қувватладилар. Очиқлик, ошкоралик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзоднинг фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди.

Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг якдил овози билан Ботир Зарипов Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Қўшма мажлисда Ботир Зарипов сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун депутатларга миннатдорлик билдирди.  

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганини, давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғида белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросини таъминлашга, вилоятни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга, ҳудудларни ривожлантиришга сенатор сифатида ҳам муносиб ҳисса қўшишини айтиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page