Бухорода автоаварияга учраган тожикистонликларга тиббий ёрдам кўрсатилди

Бухорода автоаварияга учраган тожикистонликларга тиббий ёрдам кўрсатилди



"Buxoro yoshlari" газетаси

Кеча Жондор туманидан ўтувчи “А-380” автомобиль йўлининг 368-километрида ҳаракатланиб бораётган, Тожикистон Республикаси фуқаросига тегишли “Мерс-Спиринтер” русумли микроавтобус ағдарилиб, йўл транспорт ҳодисаси рўй бергани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, ҳодисага микроавтобуснинг орқа ўнг шинаси ёрилиб кетиши сабаб қилиб кўрсатилган. Автобус салонида 2 нафар ҳайдовчи ҳамда 16 нафар йўловчи бўлган.

Бугунги аниқ тафсилотларга кўра, йўл транспорт ҳодисаси кеча соат 14:55 да содир бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига хабар етказилгач, соат 15:00да 8 та тез ёрдам машинаси йўлга чиққан. Жондор туманидан ўтувчи “А-380” автомобиль йўлида носозлик борлиги сабаб автоҳалокат содир бўлган 60 километр узоқликдаги масофага тез ёрдам машинаси соат 15:30 да етиб борган.

Автобусда бўлган 18 кишининг 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида турли даражада жароҳатланган 9 нафар фуқаро Ромитан тумани Газли шаҳарчасидаги тиббиёт бўлимига олиб борилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, барча беморлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.

"Buxoro yoshlari" газетаси
"Buxoro yoshlari" газетаси

Ўта оғир жароҳат олган Зокиржон Латифзода Гулмахмад 1990 йилда Тожикистон Республикасида туғилган. Оғир кома ҳолатда ётган беморга мия шикастланиши, ёпиқ орқа мия жароҳати,  Сервикал вертебранинг С2 тананинг ёпиқ трансдентал синиши, юмшоқ тўқималар ва тананинг бош териси, шунингдек, оёқ-қўлларнинг ёрилиши ташхиси қўйилган. Кўрик давомида беморда ўпка сил касаллиги ташхисининг ҳам кўрингани унинг ўта оғир шароитларда меҳнат қилганини ҳам англатади. Айни пайтда бу бемор устида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Бухоро вилоят соғликни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг билдиришича, бир кеча-кундузда беморларга барча тиббий муолажалар кўрсатилган. 20 га яқин тажрибали шифокор ва ҳамширалар хизмати йўлга қўйилган. Янги кийим-бош ҳамда озиқ-овқат билан таъминланган.

"Buxoro yoshlari" газетаси

- Ўзбекистонликлар юртдан йироқда ҳалокатга учраганимизни эканлигимизни сездиришмади. Бугун автоҳалокатда ўта оғир жароҳатланган бир шеригимиздан ташқари, ҳаммамиз Тожикистон сари йўл оляпмиз. Ўзимиз учун алоҳида микроавтобус, юкларимиз учун алоҳида автомашина ажратилиб, Тожикистон чегарасигача йўл патрул хизмати ҳам йўлга қўйилди. Бир нафар тажрибали шифокор ҳам бизга ҳамроҳ бўлиб кетаяпти. Оиламиз бағрига соғ-саломат етиб боришимизни таъминлаган, чин дилдан дўстона кўмагини аямаган ўзбекистонликларга ва шифокорларга ташаккуримизни билдирамиз,-деди тожикистонлик йўловчи Қутбиддин Мизробов.

"Buxoro yoshlari" газетаси
"Buxoro yoshlari" газетаси

Эслатиб ўтамиз, йўловчиларнинг барчаси Россия Федерациясига борган мигрантлар бўлиб, Москва шаҳридан йўлга чиққан ва Ўзбекистон Республикаси орқали Тожикистонга ўтмоқчи бўлишган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Р/S: Жорий йилнинг 4 август куни худди шу йўлда Бухорода "Олмаота—Нукус" йўналишида ҳаракатланаётган автобус ағдарилиб кетган эди.


манба: "Buxoro yoshlari" газетаси