Бухорода “Беш ташаббус ҳафталиги” тадбирларига старт берилди

Бухорода “Беш ташаббус ҳафталиги” тадбирларига старт берилди

Buxoro.uz

Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ёшларнинг эртанги истиқболи, маънавиятимиз ривожи учун хизмат қилувчи эзгу ташаббусларнинг амалиётга татбиқи вилоятимизда ҳам қизғин давом этмоқда. Бугун, 2 ноябрь куни “Беш ташаббус ҳафталиги” доирасидаги тадбирларнинг очилиш маросими Бухоро Ёшлар марказида бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров эътироф этганидек, ташаббус доирасида ҳар бир шаҳар ва туманида
1 тадан янги китоб дўкони фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Бухоро ва Когон шаҳарлари, Шофиркон, Қоракўл, Ғиждувон туманларидаги маданият ва истироҳат боғларида, аҳоли гавжум жойларда 5 та енгил конструкцияли китоб дўкони ўз фаолиятини бошлади.

Бундан ташқари, ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган, айниқса, Жаҳон ва Олимпиада мусобақалари чемпион ва совриндорлари бўлган 16 нафар спортчимиз жойлардаги спорт мактаблари директори лавозимида фаолият кўрсатиб, ёшларга ўз билим-малакаларини ўргатиб келмоқда. Қисқа муддатда умумтаълим мактабларидаги спорт секциялари сони 2860 тадан 3370 та кўпайди. Бундан ташқари, олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли “сендвич-панел”дан кичик спорт заллари, сунъий қопламали спорт иншоотлари қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ташаббус доирасида барча шаҳар-туманларда рақамли технологиялар ва IT-тадбиркорлик ўқув марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Айни вақтда Бухоро ва Когон шаҳарларида, Қоракўл, Олот туманларида шундай марказлар ўз фаолиятини бошлади. Яқин вақт ичида Бухоро ва Жондор туманларидаги марказлар ҳам фойдаланишга топширилади. Буларга қўшимча равишда маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 523 миллион сўм маблағ ажратилиб, қарийб 30 мингта турли мавзудаги китоблар, 12 мингдан зиёд спорт жиҳозлари харид қилинди. Улар бугунги тантанада вилоятдаги мавжуд 536 та умумтаълим мактабларига топширилади.

Тадбир давомида, санъат, спорт ва ахборот технологиялар йўналишида юқори марраларга эришган ёшлар иштирокида “Беш ташаббус ҳафталиги” тадбирларига рамзий старт бериш маросими ҳам ўтказилди.

Шунингдек, китоблар, спорт жиҳозлари ва мусиқа анжомлари ортилган “Беш ташаббус карвони” барча шаҳар ва туманларга йўл олди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page