Бухорода 62 ёшли ота фарзандига ўз буйрагини берди

Бухорода 62 ёшли ота фарзандига ўз буйрагини берди


Буйрак – инсон танасидаги энг муҳим аъзолардан бири. Ундаги ҳар қандай ўзгариш бутун организм фаолиятига салбий таъсир этади. Айниқса, сурункали буйрак етишмовчилиги оғир хасталиклардан бири бўлиб, мазкур дардга чалинган бемор ҳафтасига камида 2 марта гемодиализ сеансини олишга мажбур.

Қолаверса, ушбу муолажа усули анчагина қиммат процедурадир. Бунда хасталикка чалинган инсоннинг ҳаракатланиши ҳамда ҳаёт сифати бузилади. Шу сабабли мутахассислар мазкур касалликни даволашнинг энг самарали усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини тавсия этишади.

Бироқ бундан бир неча йил аввал юртимизда одам тана аъзоларини кўчириб ўтказишдек мураккаб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш шунчаки хомхаёл эди. Аксарият беморлар эса шифо истаб, тиббиёти тараққий этган давлатларга боришга мажбур бўларди. Эндиликда эса бундай ноёб операциялар юртимизда ҳам ўтказилмоқда.

Хусусан, куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида пойтахтдан борган бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар ҳамда маҳаллий шифокорлар иштирокида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди.

Саккиз соат давом этган мураккаб операция натижасида  когонлик 31 ёшли С.Сафаровга 62 ёшли отаси Х. Сафаровнинг ишлаб турган бир буйраги кўчириб ўтказилди. Ҳозир ҳар икки беморнинг ҳам аҳволи яхши.

— Кўз олдингда жондан азиз фарзандингни дарддан сўлиб бораётганини кўриш энг оғир синов, — дейди Х. Сафаров. — Айниқса, ўғлимнинг бир неча йил ушбу касалликдан азоб чекканини ўйласам, юрагим оғрийди. Насиб бўлса, ушбу операциядан кейин фарзандим яна соғлом ҳаётга қайтади. Бунинг учун шифокорлардан беҳад миннатдорман.

Мазкур жарроҳлик амалиётига бошчилик қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи, малакали хирург Пўлат Султоновнинг таъкидлашича, 31 ёшли ушбу бемор бир неча йил гемодиализ муолажаси ёрдамида даволаниб келган. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган. 

Ҳозир бемор трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб, унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, унга донорлик қилган отаси Х.Сафаровнинг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2018 йил РШТЁИМда “Хирургик трансплантология” бўлими ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу марказ мутахассислари томонидан 170 дан ортиқ қариндошлар орасида буйрак трансплантация жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди. 


Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Матбуот хизмати.


▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi

Report Page