Бухорода 2020 йилда 254 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган

Бухорода 2020 йилда 254 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган

Buxoro.uz

Бугун, 23 февраль куни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими ўринбосарлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари, сиёсий партиялар, доимий комиссиялар раислари, сенаторлар вва маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Видоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда шаҳар-туманлар студияларидан секторлар раҳбарлари ва бошқа масъуллар ҳам қатнашишди.

Сессия кун тартибидаги биринчи-вилоят ҳудудида 2020 йил 12 ойида қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисидаги масала юзасидан вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек,  2020 йил давомида вилоят прокуратура органлари томонидан қонунчилик аҳволи юзасидан 1 минг 644 та ўрганишлар ўтказилди, аниқланган қонунбузилиш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш борасида 5 минг 702 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Мансабдор шахсларнинг 1 минг 566 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатларига протест келтириш йўли билан қонунга мувофиқлаштирилди.

Қонун бузилиш сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 935 та тақдимнома киритилди, қонун бузилишларга йўл қўйган 1 минг 707 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилди, 1 минг 273 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. 65 та жиноят ишлари қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Жиноят ва ҳуқуқбузарлик оқибатида оқибатида етказилган 15 млрд. сўмлик зарарлар ундирилди, 37 млрд. сўмлик зарарларни ундириш бўйича судларга 539 та даъво аризалари киритилди ҳамда 5 минг 200 нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш тизимида йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилди.

Пандемия даврида 570 нафар тиббиёт ходимларига тўлаб берилмаган 2 млрд 905 млн сўмлик қўшимча иш ҳақи ва рағбатлантириш маблағлари ундириб берилди.

Хато ва камчиликларга йўл қўйган 11 нафар шифокор ҳамда ҳисобчилар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Пандемия даврида суиистеъмолчиликларга йўл қўйган тиббиёт ходимларининг жиноий жавобгарлик масаласи қатъиятлик билан ҳал этилди.

Вилоятда тез тиббий ёрдам ходимларига ажратилган бир марталик моддий ёрдам пул маблағларининг 1 млрд 200 млн сўми ортиқча сарфланишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 4 та тиббиёт бирлашмасининг 8 нафар масъул ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида сохта маълумотлар киритиш ва пул маблағларини талон-торож этиш билан боғлиқ тизимли муаммоларга ҳанузгача барҳам берилмаганлиги аниқланди.

Вобкент, Қоракўл, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон, Олот ва Бухоро туманларида 492 та ҳақиқатда яратилмаган иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилган.

Ғиждувон, Ромитан, Бухоро ва Шофиркон туманларининг бандликка кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари томонидан жами 114 млн 400 минг сўмлик пул маблағлари турли йўллар билан талон - торож қилинганлиги аниқланган.

Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат соҳасида вилоят прокуратураси ташаббуси билан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва қаровсизликнинг олдини олиш, бу тоифадаги болаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида “Бола ҳимояси” электрон дастурий тизими “Бухоро тажрибаси” сифатида яратилиб, синов тариқасида ишга туширилди.

Натижаларга қарайдиган бўлсак, электрон тизим синов тариқасида ишлаган қарийб икки ой давомида 493 нафар қаровсиз қолган болалар аниқланиб, уларни 386 нафарига васий тайинланди, 107 нафарига ҳомий белгиланди.

Ҳозирда ушбу электрон дастурни Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида интеграция қилиш ҳамда республика миқёсида оммалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу даврда тадбиркорлар учун пандемия даврида яратилган имтиёзларни тўлақонли қўлланилиши ва солиқ қонунчилигига риоя қилиниши алоҳида эътибор қаратилди.

Пандемия даврида преференциялар қўлланилмаган 89 нафар тадбиркор ҳуқуқлари тикланди, 7 нафар солиқ ходими маъмурий жавобгарликка тортилди.

Солиқ идоралари томонидан тадбиркорларнинг ҳисоб-рақамларидан асоссиз ечиб олинган 190 млн сўмлик пул маблағлари қайтарилиши таъминланди.

Солиқ қонунчилиги юзасидан 99 та текшириш ўтказилиб, 13 та протест, 20 та тақдимнома, 68 та огоҳлантирув, 7 та маъмурий ҳамда 10 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Навбатдаги масалада вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисобот берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил мобайнида вилоят ҳудудида жами 3 минг 570 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 850 тага ёки 31,25 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 682 тага ёки 40,50 фоизга кўпайишига йўл қўйилди.

Қайд этилган жиноятларнинг 100 минг аҳоли сонига нисбатан ўртача 184 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 42 тага кўпайган. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 2 минг  820 таси ҳисобот йилида, 750 таси эса аввалги йилларда содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 1 минг 49 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган жиноятларни ташкил этади.

Вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 254 тасида ёки 46,7 фоизида жиноятлар содир этилмаган бўлса, 200 тасида ёки 36,8 фоизида жиноятлар камайган ва 90 тасида ёки 16,5 фоизида жиноятлар сони кўпайишига йўл қўйилган.

Вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш мақсадида 2020 йилда вилоят бўйича 6 та хусусан одамлар кўп йиғиладиган бозорларда (Бухоро шаҳрида 3 та, Ғиждувон туманида 2 та) ҳамда Жондор туманида 1 та маҳалла ички ишлар бўлинмаси ташкил этилиб, фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди.

Вилоятдаги 544 та маҳаллаларнинг ҳар бирида профилактика инспектори лавозими жорий этилиб, уларнинг сони 146 тага кўпайтирилиши ҳисобига жами профилактика инспекторлари сони бугунги кунда 562 нафарга етказилди.

Шунингдек, сессия ишида депутатлар Бухоро шаҳрида хусусий сектор томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биноларида қурилиш меъёр ва қоидаларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқишди. Бу бўйича дастлаб вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Давлатовнинг ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, хусусий инвесторлар ҳисобидан қурилган ҳамда қурилиши давом этаётган кўп қаватли турар-жой биноларининг ҳолати ўрганиб чиқилганда, Бухоро шаҳрида кўп қаватли турар-жой бинолари эгалари томонидан асоссиз равишда турар-жой биноларининг қаватлари сони оширилганлиги ҳамда лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмаганлиги ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаганлиги, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга хабарнома юборилмагани ҳолда қурилиш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган. Жумладан, Бухоро шаҳрининг И.Сино, Ғиждувон, И.Каримов, И.Мўминов, О.Эшонов, С.Айний, Ҳамза, Б.Нақшбанд, Т.Фароғий, Алпомиш, Намозгоҳ, Пиридастгир, Зулфия, Навоий ва Газли шоҳ кўчаларида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ҳамда меҳмонхоналар сифатида қурилиш ишлари олиб борилаётган объектлар хатловдан ўтказилганда 68 та қурилиш объектида тасдиқланган лойиҳа ечимларисиз пойдевор конструкцияларини мустаҳкамликка бардошлилиги ўрганилмасдан, қолаверса, экспертиза хулосаси олинмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланиб, суд органларига оширилган.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг лойиҳа ечимлари параллел равишда, яъни қурилиш ишларини лойиҳалаш билан бир вақтда олиб борилгани учун бир қатор лойиҳалаш ташкилотларига нисбатан Бухоро вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан лицензияларини вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида тақдимномалар киритилган. Ҳозирги кунга келиб эса 32 та турар-жой объектлари эгалари томонидан дастлабки тасдиқланган лойиҳа талаблари бузилиб, асоссиз равишда турар-жой биноларининг қаватлар сони оширилган ҳамда 33 та турар-жой объектларида лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга хабарнома юборилмаган ҳолда қурилиш ишларини амалга ошириб келинаётганлиги аниқланган.

Масала муҳокамасида иштирок этган вилоят ҳокими келгусида бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида рўйхатдан ўтмаган объектларни қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтказиш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунлар, шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари, нормалари ва стандартларига риоя қилинишини таъминлаш, барча объектларда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари устидан сифат назоратини ўрнатиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди. Йиғилишда сессия ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page