Бухорода ҳам кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам пуллари тарқатилмоқда

Бухорода ҳам кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам пуллари тарқатилмоқда

Buxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг биринчи бандига мувофиқ, пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, “темир дафтар”га киритилган, аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилаётгани яна бир олижаноблик, инсонпарварликнинг ёрқин намунаси бўлди.

Мазкур фармон қабул қилиниши билан жумладан вилоятимизда сектор раҳбарлари томонидан моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд оилаларга етказиш бўйича номма-ном рўйхат шакллантирилди. Шу йил 10 августидан бошлаб шаҳар ва туманларимизда моддий ёрдам пулларини манзилли равишда ўз эгаларига етказиш ишларига киришилди. Фармон талабидан келиб чиққан ҳолда вилоятдаги секторлар раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда иқтисодий блок аъзолари бевосита иштирокида ҳудудларда пандемия даврида даромадини йўқотган жами 17 минг 316 та эҳтиёжманд оиланинг 65 минг 517 нафар аъзоларига 14,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам берилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 12 август ҳолатида вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги 453 та маҳалладаги 13 минг 230 та оиладаги 48 минг 748 нафар оила аъзоларига 10 млрд 724 млн 560 минг сўмлик маблағ етказиб берилди.

Масалан, Вобкент туманида рўйхатга олинган тоифадаги 861 та оиланинг 3 минг 265 нафар аъзоларига жами 718 миллион 300 минг сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пуллари бевосита туман ҳокими Баҳодур Бафоев бошчилигида тарқатилди. Биргина “Тераклик" МФЙ да 22 та оила “темир дафтар”га киритилган бўлиб, уларда яшовчи 91 нафар фуқаро учун 20 миллион сўмдан ортиқроқ моддий ёрдам пули ўз эгаларига топширилди.

— Мана шундай оғир, синовли кунда бизга ёрдам қўлини чўзган ҳукуматимизга, халқпарвар Президентимизга ўз миннатдорлигимизни изҳор қиламиз, – дейди Пахтаобод қишлоғида яшовчи, айни пайтда боқувчисини йўқотган оила бекаси Норбибиш Муқимова. — Вояга етмаган фарзандим билан бирга бизга 440 минг сўм берилди. Ҳаммага раҳмат!

 "Чаримгарон" МФЙ, Бахт-иқбол кўчаси, 4-уйда яшовчи, хонадонида туғма ногирони бор Зайнаб Пўлатова, Имом Бухорий кўчаси 4-уйда яшовчи Фотима Азимова, Гулзор кўчасида яшовчи, оиласида туғма ногирони бор Моҳидил Жўраева сингари эҳтиёжмандларга бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилгани кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси, албатта.  

"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида Бухоро туманида ҳам 36 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган жами 5 минг 697 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилига умумий қиймати 1 миллиард 312 миллион 740 минг сўм маблағ ажратилиб, айни пайтда ҳудуд секторлари раҳбарлари томонидан рағбат пуллари манзилли тарқатилмоқда. Аниқроқ айтганда, туман ҳокими бошчилигидаги биринчи секторда 335 та, прокурор бошчилигидаги иккинчи секторда 441 та, Ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлигидаги учинчи секторда 577 та, давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги тўртинчи сектордан 203 та оила меҳр-мурувват ёрдамидан баҳраманд бўлгани кўнгилларга мамнунлик ва хотиржамлик бахш этди.

Айни карантин кунларида фуқароларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилаларига кўмак бериш орқали улар саломатлигини муҳофаза қилиш эътибор марказида экан, бу хайрли ишдан қоракўлликлар ҳам четда қолишмади. Пандемия шароитида туманда “темир дафтар”га киритилган 2 минг 483 та эҳтиёжманд оиланинг  жами 10 минг 458 нафар фуқароси ижтимоий муҳофазага олинган бўлса, жорий йилнинг 29-30 июль кунлари, яъни Қурбон Ҳайити айёми арафасида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ҳудуддаги 1 минг 415 та оилага қиймати  957,8 миллион сўм маблағ ажратилган ва ўз эгаларига етказилганди.  

Бугун эса юқоридаги фармон ижросига мувофиқ, 1 миллиард 871 миллион 100 минг сўм сармоя тумандаги 2 минг 284 та эҳтиёжманд оиланинг 8 минг 505 нафар аьзосига секторлар кесимида тарқатилмоқда.

— Бизга мана шундай инсонпарварлик ёрдами сифатида рағбат пулини ажратганларга минг раҳмат, – дейди Полвонлар қишлоғида яшовчи Камола Хўжақулова. — Бу моддий ёрдам пулидан ташқари уйимиз томига шифер қоплаб беришни ваъда қилдилар. Насиб этса, бу билан бизнинг бир неча йиллик муаммомиз ҳал бўлади.

Дарвоқе, пандемия кунларида фаолиятини вақтинча тўхтатган масжидларимиз имом-хатиблари, диний идора вакилларини “Вақф” хайрия жамоат фонди жамғармаси ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган. Шу мақсадда Қоракўлда ҳам 4 нафар имом оилаларига 12 миллион сўм пул маблағлари элтиб берилгани айни кўнгилдаги иш бўлди.

Умуман, шу кеча-кундузда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида моддий-маънавий мададга, ижтимоий муҳофазага муҳтож юзлаб хонадонлар юқоридаги каби меҳр-мурувватдан баҳраманд бўлаётгани бағрикенг, олижаноб халқимизнинг инсонпарварлиги намунаси десак, асло муболаға эмас. Бундай эзгу ва хайрли тадбирлар эса давом этади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати           

Report Page