Бухорода ҳам Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади

Бухорода ҳам Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади

Buxoro.uz

Бугун, 2 ноябрь куни Бухоро шаҳрида замонавий, халқаро андозалар асосида барпо этилган Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Президент мактаби педагоглари ва ўқувчилари, нуронийлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Тадбирни Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов кириш сўзи билан очди ва Президентимиз томонидан сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг “Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим. Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик ҳисси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради” деган гаплари бугун Президент мактаби фаолияти мисолида ўзининг яққол тасдиғини топмоқда.

Маросимда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳ.Умарова мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш бўйича ишлар сифатини ошириш заруратини тақозо этаётганини, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов бунёд этилган мактаб, том маънода юксак имкониятлар мактаби бўлиб қолиши эътироф этди. Ўқувчиларнинг ота-оналари номидан сўз олган Умид Нарзиев яратиб берилган шароит учун давлатимиз раҳбарига ташаккур билдириб, фарзандлари ўз жавобларини илм-фан, ижод ва ихтирочиликдаги ютуқлари билан изҳор этишга ваъда берди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган Президент мактабларида энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олиниб, уларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Шу билан бирга, мактабларга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этилиб, уларнинг фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратилган.

Бухоро шаҳрида фойдаланишга топширилган Президент мактабига 2019 йилнинг март ойида тамал тоши қўйилган эди. Икки гектар ҳудудда замонавий лойиҳа асосида 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, уч қаватли ётоқхона, барча шароитларга эга меҳмонхона, гимнастика ва спорт заллари, сув ҳавзаси, ошхона ва дарс тайёрлаш хоналари барпо этилди.

Мактабда ўқув жараёни Cambridge Assessment таьлим ташкилотининг дастури асосида олиб борилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ каби хорижий давлатлардан юқори малакали ўқитувчилар таклиф этилган.

Мазкур Президент мактабига 2021-2022 ўқув йилида ўқиш истагини билдириб 6 мингдан ортиқ талабгор ҳужжат топширган бўлса, уларнинг билим ва қобилияти икки босқичда синовдан ўтказилди. Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи ташкилот томонидан 144 ўқувчи саралаб олинди.

Президент мактаби – орзу-умидлар мактаби, Ватанимизнинг буюк келажагини яратувчи янги авлод мактабидир. Бу мактабда таълим олган фарзандларимиз келажакда Ватанига хизмат қиладиган, унинг шаънини юксалтирадиган инсонлар бўлиб етишиши шубҳасиз.

Йиғилганлар тарихий жараёнга гувоҳ бўлдилар: Бухоро шаҳридаги Президент мактабининг рамзий лентаси қирқилиб, тадбир иштирокчилари масканда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page