Бухоро вилоятида “Миллион дарахт экиш” акцияси бўлиб ўтмоқда
Бухоро вилоятида республикамизнинг бошқа ҳудудларида сингари “Миллион дарахт экиш” акцияси старт олди.
“Бир миллион дарахт” акциясининг мақсади — ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилиш. Ушбу лойиҳани йилда икки маротаба: куз фаслида (октябрдан декабргача) ва баҳор фаслида (февралдан апрелгача) ўтказиш режалаштирилган.
Шу муносабат билан Бухоро НҚИЗ, “Нефтчи” ўрмон хўжалиги ишчи-ходимлари Бухоро шаҳридаги Куксарой, Шайхулло, Чорбахосса маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудини ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. МФЙ ларга заводимиз томонидан жами 1010 туп дарахт етказиб бериш ва кўчат ўтқазиш ишларига кўмаклашиш ишлари кўзда тутилган.
Акция доирасида 2020 йилнинг 15 февралидан 15 мартига қадар манзарали, мевали ва бута кўчатлари, шунингдек, қаламчалар экиш режалаштирилган. Шу вақт ичида корхона, ташкилот, муассасаларга, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонларга кўчат етказиб берилади.
Ҳозирда ўрмонлар республика умумий майдонининг 7 фоизини ташкил этади, 2024 йилга қадар эса 11,2 фоизга етказилиши мақсад қилинган.
Ўрмон хўжалиги қўмитаси бошқармаси берган маълумотга кўра, кўчат экиш ойликларида республика бўйича ҳар йили тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилади.
Бухоро НҚИЗ Ахборот хизмати.