Бухоро туманида кичик саноат зонаси ташкил этилади

Бухоро туманида кичик саноат зонаси ташкил этилади


Мазкур лойиҳа терини қайта ишлаш ва тайёр чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасига тегишли. Айнан Бухоро туманида ташкил этилиши кўзда тутилган бу ишлаб чиқариш маскани ҳудудда маҳаллий саноатни янада ривожлантириш, қўшимча қиймат занжирини яратиш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва турларини кўпайтириш, ички ва ташқи бозорда харидоргир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни назарда тутади.

Яқинда мамлакатимиз Президенти раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жумладан, чарм ва ипак саноатида мавжуд имкониятларни кенг ишга солиш юзасидан масъул мутасаддилар зиммасига чарм саноатида илғор илмий-техника ва инновацияларни жорий этиш орқали маҳсулдорликни ошириш ва бозорда барқарор ўрин эгаллаш юзасидан масъул мутасаддилар зиммасига қатор вазифалар юкланди.

Шу ўринда статистик маълумотларга назар солсак, бугунга келиб Бухоро тумани бўйича мавжуд чорва молларнинг жами сони 295,8 минг бошни ташкил қилиб, шундан йирик шохли қорамол сони 126,1 минг бошни, майда шохли мол сони 169,7 минг бошни ва бундан тери хом-ашёси ҳосил бўлиши жами 136,2 минг донани ташкил этади.

Тайёрланадиган тери маҳсулдорлигини олсак, йирик шохли қорамоллардан 46,1 минг донани ва майда шохли моллардан 90,1 минг донани ташкил этмоқда. Шунингдек, туманда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида фойдаланилаётган яйлов ҳудуди 52,5 минг гектарга етган бўлиб, йирик ва майда шохли молларни боқиш учун озуқабоп хом-ашё захираси етарли ҳисобланади. Айни кунда туманда йиллик қувватда жами 7,3 минг бош йирик шохли чорва моли сўйишга мўлжалланган бўлиб, замонавий ихтисослаштирилган ва мослаштирилган кушхона ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 октябрдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро тумани “Новметан” МФЙ ҳудудидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 5 гектар ер майдонида терини қайта ишлаш ҳамда тайёр чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадида ажратилмоқда. Ҳозирда мазкур кичик саноат зонаси 36 та лотга бўлинган ҳолда ауцион савдоларига чиқарилмоқда.

Мазкур кичик саноат зонасига вилоятда етиштирилаётган тери хом ашёсини чуқур қайта ишлаш мақсадида лойиҳа ташаббускорлари жалб этилмоқда. Жумладан, "Bukhara Leather"  МЧЖ томонидан умумий қиймати 8,4 миллион АҚШ доллари миқдорида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 125 миллион квадрат метр терини қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг ҳисобига йиллик 2 миллион АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулот экспортга йўналтирилади ва 4,2 миллиард сўм маблағ бюджетга қўшимча тушум сифатида киритилади. Асосийси, мазкур лойиҳа туфайли эндиликда бу ерда 100 нафар ишчининг бандлиги ва моддий манфаатдорлигини таъминлаш имконияти яратилмоқда.

Терини қайта ишлаш ва тайёр чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар яқинда вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, туман ҳокими Анвар Очилов ва бошқа мутасаддилар томонидан жойида ўрганилди. Бунда истиқболли лойиҳалар амалиётини тезлаштириш, дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш ва қурилишни жадаллаштириш юзасидан масъулларга тавсия ва топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокимлиги мутбуот хизмати

Report Page