Бухоро тумани: миришкор томорқачи ва тикувчи чевар ҳам ишбилармон мақомига лойиқ

Бухоро тумани: миришкор томорқачи ва тикувчи чевар ҳам ишбилармон мақомига лойиқ


Айни кунда маъмурий жиҳатдан 36 та маҳалла фуқаролар йиғинига бўлинган Бухоро туманида 171 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудуддаги ўзини ўзи бошқариш идоралари ва улар таркибидаги 120 тадан ошиқ қишлоқ ва кўча қиёфаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини мустаҳкамлаш баробарида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, фуқаролар мурожаатларига ечим топиш, ишсизликни бартараф этиш, оғир шароитда яшаётган оилалар учун даромад манбаини яратиш, қолаверса, томорқадан унумли фойдаланишга доир зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Айни кунда биргина “Зарманоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 559 та хонадон, 728 та оила умргузаронлик қилаётган бўлиб, уларда жами 3200 нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Жумладан, бунда қайси касб-корда меҳнат қилмасин, албатта, ҳовлисидаги томорқа ерида ишлаб, машаққат билан ҳосил етиштираётган хўжаликлар сафи кенгаймоқда.

Ҳудудда томорқа маданиятини шакллантираётган миришкорлардан бири Шодия Саидова бўлиб, ўз оиласи билан биргаликда у бир неча йилдан бери иссиқхонада сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириб сотиш, шундан даромад топиш билан шуғулланиб келади.

—Ҳовли этагидаги томорқанинг 3 сотих майдонида иссиқхона қуриб, пешма-пеш рўзғорга зарур сабзавот маҳсулотларини етиштириб келамиз,—дейди миришкор хонадон бекаси Шодия Саидова.—Эрта баҳордан картошка ва помидор, ундан кейинги ҳосилга бодринг ва булғор қалампири, август-сентябрь ойларига бориб саримсоқпиёз, исмалоқ ва турли кўкатлар экиб етиштириб, ҳам рўзғорни, ҳам қишлоқдошлар дастурхони тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқдамиз. Қўлга киритаётган даромадимизни чамаласак, ҳар ойига ўртача 8-9 миллион сўмдан фойда топаяпмиз. Пишиқчилик мавсумида экин еримизга қўшимча ишчи кучи сифатида 3-4 нафар қўшни хотин-қизни ҳам ишга ёллаймиз.  

Шунингдек, “Кунжи қалъа” МФЙда хусусий тикув цехини очган тиниб-тинчимас, ишбилармон аёл Умринисо Ҳамроеванинг фаолияти эътирофга лойиқ. Айни кунда тиришқоқ бу чевар маҳаллада “Назокат” тикув цехини ташкил этиб, унда тикувчиликка иштиёқи бўлган 3 нафар аёл учун даромад манбаини яратган.  

—Болалигимдан тикиш-бичишга қизиқаман,—дейди Умринисо Ҳамроева.—Шу қизиқиш ва интилиш мени алоҳида тикув цехи очишга ундаган. Кичик жамоамиз билан биргаликда асосан хотин-қизлар кийим-кечакларини, буюртма асосида либосларни тикиб тайёрлаб бермоқдамиз. Чеварларимиз қўлидан чиқаётган бежирим маҳсулотлар  мижозларимизга манзур келаётгани бизга куч-қувват беради. Шу боис, кейинги пайтда буюртма сони сезиларли ошган. Эндиликда фаолиятимизни кенгайтиришни, янги тикув машиналарини харид қилиб, бизда ишловчилар сонини эса 10 нафардан оширишни кўзлаб турибмиз.

Шунингдек, “Новметан” МФЙда ўз кундалик ишини тўғри йўлга қўйиб, маҳалла ҳудудида “Гўзаллик салони”ни очган тадбиркор аёл Дилноза Исматованинг ҳам изчил фаолияти маҳалладошларига манзур. У бугунги кунда аёлларга соч турмаклаш бўйича намунали хизмат кўрсатиб, улар ишончини қозонмоқда. Зеро, опа-сингилларимиз кундалик рўзғор ва турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолмасдан, балки ўз ташқи кўринишларига ҳам доимий равишда эътибор беришлари зарур деб ҳисоблайдиган Дилноза Исматова ўз эгаллаган касбини 5 нафар шогирдига ҳам сидқидилдан ўргатмоқда.   

Аслида, лаёқатига мос касб-кор билан шуғулланиб, томорқа ёки тикувчиликдан яхши даромад топаётган аёлларимиз ишбилармон тадбиркор мақомига муносибдирлар. Қолаверса, улар ўз ишларини ривожлантириб, қўшимча иш ўринларини ташкил этишаётгани таҳсинга лойиқ. Дарвоқе, шу борада туман маҳаллаларида ўрганишлар олиб бораётган масъул ишчи гуруҳ томонидан юқоридаги миришкор томорқачи ва чеварлар “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг қуйи босқичида қатнашиш ҳуқуқини тавсия қилинишган.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page