Бухоро тумани: бир оилага юк мотоцикли, эҳтиёжманд оила бекаларига тикув машинаси...

Бухоро тумани: бир оилага юк мотоцикли, эҳтиёжманд оила бекаларига тикув машинаси...


Бухоро туманида ижтимоий муҳофазага олинган, ишсиз ва даромадсиз қолган аҳоли, айниқса, аёлларни моддий қўллаб-қувватлаш ва уларга даромад манбаини яратиб бериш мақсадида яқинда вилоят маъмурий IV сектори раҳбари, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев “Туркон” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлди.

Ҳудуд аҳолиси дуч келаётган ташвиш-муаммоларини яқиндан ўрганиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш асносида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи 4 нафар эҳтиёжманд оила бекасига ўз хоҳиши ва лаёқатига қараб замонавий русумдаги тикув машинасини тортиқ этди.

Шу куни сектор раҳбари томонидан уй-жойи кадастр ҳужжатини тайёрлаш, моддий ёрдам, дори-дармон, иш билан таъминлаш ва бошқа мурожаатлари билан қабулига келган йигирмага яқин фуқарога амалий ёрдам бериш чоралари кўрилган. Айрим эҳтиёжманд хонадонларга кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.  

Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, туманнинг “Работиқалмоқ” МФЙ да истиқомат қилувчи фуқаро Санобар Саидованинг туман ҳокими Анвар Очиловга қилган мурожаати ҳам тез кунда ҳал қилинган.

Гап шундаки, Санобар Саидова туман раҳбарига мурожаатида ҳозирда кам таъминланган оила бекаси сифатида маҳалла “Аёллар дафтари”дан ўрин олгани, ночор шароитда турмуш кечираётгани, ёлғиз ўзи икки нафар фарзандини тарбиялаб вояга етказаётгани, катта фарзанди олий таълим даргоҳида контракт-шартнома тўлови асосида таҳсил олаётгани сабабли моддий аҳволи оғирлигини билдирган. Агар, унга юк ташувчи мотоцикл олиб берилса, якка тартибда юк ташиб, қишлоқдошлари ҳожатини чиқариб, кундалик даромадга эга бўлиши, албатта, бундан оиласининг моддий аҳволи яхшиланишини айтган эди. 

Санобар Саидованинг бу мурожаати қисқа муддатда ўрганилиб, унга туман ҳокими Анвар Очилов томонидан юк ташувчи мотоцикл топширилгани бир оилага катта мадад бўлди. Айниқса, бундан аёлнинг боши осмонга етди. Работиқалмоқлик оила бекаси биргина мурожаати эътиборсиз қолмаганидан мамнун ҳолда бундай хайрли ва савоб ишга бош қўшаётган барчага ўз миннатдорлигини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page